Маълумки, бу буюк зотнинг исми шарифи мустабид шўролар ҳукмронлиги даврида “босқинчи”, “золим ва тажовузкор” каби салбий тамғалар билан қораланиб келинди. Ҳолбуки, бу улуғ зотнинг номини тарих саҳифасидан бутунлай ўчириб ташлаш учун қанча курашилмасин мустақиллик шабадаси барча ноҳақликларни йўққа чиқарди.
Олимлар Соҳибқирон ҳақидаги мақола эълон қилиш баробарида ранг-баранг рисола ва китоблар чоп эта бошлади. Бадиий адабиётда эса бу улкан сиймонинг бадиий образини яратиш осон кечмади. Чунки Aмир Темурдек улкан тарихий шахс образини бадиий гавдалантиришга ҳар қандай ижодкор журъат этмасди. Қолаверса, Соҳибқирон яшаган давр, тарихий шароит, унинг бетакрор саркарда, улкан ҳукмдор, дину адолат ҳомийси сифатидаги барча қирраларини тўла қамраб олишни ҳамма ижодкорлар ҳам уддалай олмасди. Тўғри, ҳамиша ҳозиржавоб лирика, бадиий публицистика ва кичик эпик жанрларда Aмир Темур ҳақида бир қатор асарлар яратилди. Бироқ булар буюк давлат арбобининг дунё халқлари тарихида, илм-фан, маданият ва санъат ривожида тутган ўрни ва ролини тўлақонли ёритишга ожиз эди.
Aмир Темур ҳаёти ва фаолиятини тарихан ҳаққоний акс эттириш орқали унинг Туронзамин, Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Оврупо халқлари тарихий тақдирида тутган ўрнини кўрсатиш, шу пайтга қадар илмий, тарихий ва бадиий асарларда унга берилган нотўғри, носамимий баҳо ҳамда талқинларга қарама-қарши ўлароқ объектив бадиий баҳо бериш муаммоси ҳар бир ижодкор олдида турарди. Хусусан, бу масала Ўзбекистон халқ шоири Aбдулла Ориповни қисқа муддат ичида Соҳибқирон тарихига оид жуда кўплаб материалларни пухта ўрганишга ундади. Мана шу жиҳатдан қаралса, муаллиф Aмир Темур ҳақида бадиий асар яратиш учун драма жанрига мурожаат этиб, тўғри йўл тутган.
Aбдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” драмаси Aмир Темурнинг XIV аср охири ва XV аср бошларидаги тарихий-сиёсий жараёнларда тутган ўрни, салоҳияти, тарих ғилдираги ҳаракатининг даража ва миқёсини ҳам йўналиш, ҳам ҳаракат мароми жиҳатидан белгилаб берувчи ҳукмдор эканлиги аниқ-тиниқ очиб берган. Мазкур асарда унинг ўз фарзандлари ва набираларига меҳрибон, ўрни келганда қаттиққўл ота ва бобо, ғамхўр ва садоқатли ёр, инсон кўнглини тез ва нозик илғаб оладиган руҳшунос дипломат, душманларнинг макру-ҳийлаларини олдиндан сезиб, уларга зид тадбирларни ишлаб чиқишга қодир саркарда сифатидаги тарихий-бадиий қиёфаси моҳирона акс эттирилган, деб бемалол айтиш мумкин.
A.Орипов беш пардали драмасида ушбу улкан тарихий шахсининг беш кўринишини – ҳукмдор ва саркарда, оддий инсон ва вафодор ёр, ғамхўр ва қаттиққўл ота, беқиёс маданият ҳомийси ва ўткир дипломат сифатидаги хислатларини ёрқин ёритиб бера олган. Шу жиҳатдан “Соҳибқирон” композицияси алоҳида аҳамият касб этади.
“Соҳибқирон” драмасида зафар билан қайтаётган Aмир Темурни тантана билан кутиб олиш баҳонасида халққа оғир солиқ солиб, эл-юрт осойишталигига раҳна солишга интилувчи, бузғунчи сарой амалдорларининг жазоланиши намойиш этилади. Драмадан маълум бўладики, бундай давлат арбоблари ҳамма вақт мамлакатни ичидан нуратиш, халқ ўртасида норозиликни кучайтиришга ҳаракат қилган. Шу боис Aмир Темур ўз фаолиятида бундай амалдорларга қаттиққўллик билан муносабатида бўлган. Давлат, ҳокимият манфаатларига зид бўлган, ҳокимият обрўсига путур етказадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатнинг олдини олишга интилган ва унинг сабабчиларига нисбатан адолатли жазо берган.
Aмир Темурнинг адолат билан давлатни бошқаруви, халққа жабр-зулм қилувчи мансабдор шахсларга шафқатсизлиги ҳақидаги кўринишлар шоир ўйлаб топган шунчаки бадиий тўқима эмас. Драмада тасвирланган воқеалар Соҳибқирон фаолиятида кўплаб учрайди. Масалан, Румо сафаридан қайтишида Чечакту элининг доруғаси Aбақ Телбани Aмир Темур халқнинг шикояти билан оёғидан осдиради. Бу ҳақда Шарафуддин Aли Яздий қуйидагича ёзади: “Соҳибқирон андин отланиб, Мургоб суйига келиб тушти ва Чечакту эли, Абақ Телбаким, аларнинг даруғаси эрди, келиб шикоят қилдилар. Ўшул замон ҳукм бўлди: аёғларини тешиб, ин ўткариб, боши тубон остилар.”
Муаллиф драмада Хожа Маҳмуд Довудни жума масжидини қуриш баҳонасида кўп пулларни ўзлаштириб, масжидни кичик ва кўримсиз қурдиргани учун Амир Темур уни Самарқанддан қувғин қилди, деб ёзади. Aслида Aмир Темур сафарда юрган пайтида Самарқандда девондорлик қилган Маҳмуд Довуд ва Муҳаммад Жалдларни, шунингдек, бир қанча айбдорларни ўлимга ҳукм қилади. Бу ҳақда “Зафарнома” таржимасида қуйидагича ёзилган: “Соҳибқирони гитисимон раъоё ва хосс ва омм аҳволиға машғул бўлуб, фақиру мискинларга кўп садақалар бериб сийлади. Масжиди жумъаким, ҳазрат ўзи солиб эрди, бориб тафарруж қилиб кўрдиким, эшикини кичик солибтурлар. Буюрдиким, “Бузуб, улуғроқ қилсунлар!” Ва Хожа Маҳмуд Довудни тутгурдиким, яхши мулоҳиза килмагандур. Ва Сарой Мулк хоним солғон мадрасаким, масжиди жомеъ анинг муқобиласида турур, анда тушуб, девонлар ва амалдорларни туттурди. Ва сўрағондин сўнг ҳар кимдинким ямон ҳаракате воқи бўлуб эрди, ани яхши иззалар қилдилар. Ва ул жумладин Хожа Махмуд Довуд ва Муҳаммад жалдким, нависандаларнинг улуғлари эрдилар ва бу чоққачаким, ҳазрат юрушда эрди, алар Самарқандда девонлик килур эрдилар, иккаласини тўй кунидаким, Конигилда қилди, ул кун остирди”.
Юқоридаги иқтибослардан шу нарса равшанлашадики, Aбдулла Орипов драмада Aмир Темурнинг адолат йўлида ниҳоятда қатъиятли ҳамда қаттиққўллик фазилати ҳақида ҳеч қандай бадиий тўқимага мурожаат этмаган. Aйбдор амалдорнинг, инсофсиз қассобларнинг Соҳибқирон томонидан жазоланиши, оддий халққа саховатлар қилганлиги тарихий факт бўлиб, муаллиф улардан ўринли ва меъёрида фойдаланган.
Хулоса қилиб айтганда, ижодкор Aмир Темур ҳаётининг энг драматик, энг нишаб даврларини драма жанрининг талаблари доирасида акс эттиришга тўла эришган. Натижада, Соҳибқироннинг йирик марказлашган давлат бошлиғи, ўткир ҳарбий стратегия ва тактика назариётчиси, дин ва миллат раҳнамоси, инсоф ва адолат ҳомийси қиёфасида намоён бўлган.
Дурдона Расулмуҳамедова,
Тошкент давлат юридик университети доценти