Жиноят кодексининг 133-моддаси биринчи қисмига киритилаётган ўзгартишларга асосан инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш ҳамда трансплантация қилишнинг белгиланган шартлари ва тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланяпти.
Бироқ ушбу кодекс 133-моддаси бириничи қисмининг амалдаги таҳририда шахс тириклигида унинг розилигини олмасдан туриб ёки ўлганидан кейин яқин қариндошларининг розилигисиз илмий ишлар ёхуд таълим ишлари учун трансплантация қилиш ёки бузилмайдиган ҳолда сақлаш (консервация) мақсадида мурданинг аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Кодексга киритилаётган ўзгартишларга асосан эндиликда инсон ўз аъзоларини илмий ишлар ёхуд таълим ишлари учун трансплантация қилишга розилик берган тақдирда ёки бундай розиликни унинг вафотидан сўнг яқин қариндоши берганда ҳам бундай ишлар учун жиноий жавобгарлик келиб чиқиши мумкин.
Шу сабабли, Жиноят кодекси 133-моддасининг биринчи қисмини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида ҳам инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси тақиқланиши, 3-моддасида эса инсон аъзосини ва (ёки) тўқималарини олишга ихтиёрий розиликнинг мавжудлиги, бепул асосда ҳамда нотариал тартибда тасдиқланган ёзма шаклда бўлиши кераклиги белгиланмоқда.
Ушбу қоида Фуқаролик кодексининг 105-моддаси биринчи қисмида қайд этилган ёзма шаклдаги битим тузилиши кераклигини кўрсатади.
Бироқ фуқаролик тўғрисидаги қонунчиликка асосан келишувларнинг бошқача шакллари ҳам мавжуд эканлигини қайд этиш лозим.
Шу боис, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг қонунга хилоф тарзда трансплантация қилинишини олдини олиш мақсадида мазкур турдаги битимлар (шартномалар) тузилиши учун ҳам жиноий жавобгарликни белгилаш мақсадга мувофиқ.
Бундан ташқари, «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасида инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан олишга унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйиши қайд этилган.
Бу ҳолатда «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Қонуннинг
5-моддасини «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Қонунга мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқ.
Қонунда тартибга солинадиган жавобгарлик муносабатларининг аҳамиятини эътиборга олиб, сенаторлар ушбу Қонунни қайта кўриб чиқишни, унга комплекс ёндашиб, такомилига етказишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади.
Маълумот ўрнида, қонун тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда экспертлар иштирокида ҳар томонлама ўрганиб чиқилгандан сўнг қайта кўриб чиқиш зарур деган хулосага келинган.
Қонун сенаторлар томонидан рад этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.