Унда республикада санитария-епидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Қайд этилишича, 2025 йилда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши эмлаш қамрови 95 фоизни ташкил этган. Йил давомида 5,6 миллион нафар бола миллий эмлаш календари асосида 13 турдаги вакцина билан қамраб олинган. Бу мамлакатда эпидемиологик барқарорликни сақлашда муҳим омил бўлган.

Вирусли гепатит Б ва C касалликларини эрта аниқлаш мақсадида ҳудудларга қўшимча 510 мингта экспресс-тест етказиб берилган. Натижада скрининг текширувлари учун ажратилган тестлар умумий сони 2 миллион 434 минг 900 тага етказилган. 2022 – 2025 йиллар давомида 47 минг 732 нафар бемор тўлиқ даволанган.

Озиқ-овқат хавфсизлиги устидан назорат кучайтирилган. Ўтказилган текширувлар давомида 33 минг 230 тонна сифатсиз ҳамда яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар савдодан чиқарилган. 2025 йилда 44 та овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилган бўлиб, масъул ташкилотлар томонидан профилактик чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Тадбирни Санитария-епидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков очиб берди. У ўз нутқида 2026 йилда ҳам санитария-епидемиологик осойишталикни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.

Шунингдек, қўмитага йил давомида 3 877 та мурожаат келиб тушгани, уларнинг 82 фоизи ижобий ҳал этилгани қайд этилди. Коррупциявий хавфларни камайтириш мақсадида махсус хавф-хатарлар харитаси ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Матбуот анжумани якунида масъул соҳа мутахассислари ОАВ вакиллари ва блогерларнинг саволларига батафсил жавоб беришди.

— Ўзбекистон ҳудуди ёпиқ бўлса-да, халқаро мулоқот ва чегаралар орқали юқумли касалликлар кириб келиши эҳтимоли мавжуд. Шу боис асосий вазифа — республика ҳудудини ҳимоя қилиш ва аҳолини касалликлардан асрашдир. Бу мақсадда санитария-эпидемиологик назорат, карантин ҳамда дезинфекция тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда, —  деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков.

Давлат чегараларидаги назорат пунктларида мутахассислар касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун доимий тайёргарлик кўриб боради. Эмлаш эса аҳоли саломатлигини таъминлашда энг муҳим чора-тадбирлардан биридир. Болалар 6 ойликдан бошлаб юқумли касалликларга қарши босқичма-босқич эмланади. Бу оғир асоратлар ва ўлим ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади дея таъкидлади Нурмат Отабеков.

Мутахассислар эҳтимолий касалликлар кириб келишига қарши зарур реактив ва воситалар билан таъминланган. Касаллик аниқланган тақдирда тезкор ташхис қўйилиб, профилактик чоралар кўрилади.

Аҳолини хабардор қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Фуқаролар касаллик сабаблари, хавф гуруҳлари ва эмлашнинг аҳамияти ҳақида мунтазам маълумотга эга бўлиб боришади.

— Бугунги кунда айниқса, оналар болаларининг иммунитетини мустаҳкамлаш масаласига жиддий эътибор қаратиши лозим, — деди мутахассис.

Мамлакатимизда юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича изчил йўлга қўйилган тизим эпидемиологик барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Муштарий Комилова,

   Мафтуна Хикматуллаева