Учинчи ташаббус доирасида қилинаётган самарали ишлар ёшларнинг компьютер саводхонлигини, интеллектуал салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этяпти.
Таълим тизимида инновацион технологияларни қўллашга қизиқиш ва замонавий усулларни жорий этишга эътибор кун сайин кучаймоқда. Сабаби, илгари ўқув мақсади ёшларнинг тайёр билимларни ўзлаштириб, ёдлаб олишига қаратилган эди. Энди замонавий технологиялар уларни билимни ўзи қидириб топишга, мустақил хулосалар чиқаришга ўргатмоқда. Шу боис, мамлакатимизда мавжуд умумтаълим мактаблари негизида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилмоқда.
Ўқув жараёнида “ахборот саводхонлиги” ўқитувчи учун ҳам, ўқувчи ва талаба учун ҳам муҳим. Бундай билимларни ўзлаштириш билан улар маълумот излаш ва йиғиш, ахборот алмашиш усулларини билиш, уларни амалда қўллашда ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмайди. Шу туфайли умумтаълим мактабларининг 100 нафар энг яхши информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчисини Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва IT парк маблағлари ҳисобидан мукофотлаш тизими йўлга қўйилди. Ихтисослаштирилган IT мактабларни замонавий ускуналар, мебель, компьютер техникаси, шунингдек, ўқув адабиётлари, услубий қўлланмалар ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича намунавий лойиҳа ҳамда меъёрлар ишлаб чиқилди. 2021-2022 ўқув йили давомида ушбу мактабларни тўлиқ ишга тушириш мақсадида ягона намунавий концепция ишлаб чиқиш, мактабларнинг ўқув дастурини халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқиш, университет талабаларининг малакавий амалиётни ҳудудларда ўташ тизимини йўлга қўйиш бўйича қатор таклифлар тақдим этилди.
Мамлакатимиз замонавий таълим тизимида турли технологиялардан фойдаланиш ўқув жараёнида мавжуд муаммони янгича ёндашув асосида ечиш имконини беради. Шу мақсадда ахборот-коммуникация технологияларини ўқитишда таълим узлуксизлигига алоҳида эътибор қаратиляпти. Айни пайтда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги олтита лицейда жами икки ярим мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари, Самарқанд ахборот технологиялари ва Янгиқўрғон ахборот технологиялари техникумлари фаолият кўрсатяпти. Бугунга қадар имтиҳон асосида 569 нафар ўқувчи саралаб олинди. 2021 йилда эса, ҳудудларда яна 11 та шундай техникум ташкил этилади.
“Рақамли Ўзбекистон — 2030” дастурини ишлаб чиқиш жараёни устида қизғин иш кетмоқда. Келгусида рақамли университетларни ташкил этиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, Coursera (АҚШ), EPAM (АҚШ, Беларусь) ва Open University Malaysia (Малайзия) сингари ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда улардан ўқув материалларини олишга келишилди. Бу билан ҳудудлардаги ёшларнинг, жумладан, аёллар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг ишдан ажралмаган ҳолда таълим олиш орзуси рўёбга чиқади.
Ёш авлодга таълим беришда замонавий ахборот технологиялари хизматидан янада самарали фойдаланиш ҳамда янги техника ва технологиялар билан ишлашни ўрганиш мақсадида амалга оширилган ишлардан бири масофадан ўқитиш техникаси ва технологиясидир. У шу пайтгача мавжуд бўлган таълим турларидан ижобий томонлари билан ажралиб туради. Жумладан, барча ўқувчи ва талабалар, умуман, таълим олишни хоҳловчиларга етакчи университетлар, академиялар, институтлар, тайёрлов марказлари, кадрларни қайта тайёрлаш муассасаларида асосий таълим ва иш фаолиятидан ажралмаган ҳолда қўшимча таълим олиш имкониятини яратади.
Масофавий ўқитиш шаклининг дастурий аппарат комплексини яратиш мақсадида “Муҳамммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида масофавий таълимни бошқариш ахборот тизимлари мажмуаси ҳамда таълим контентларини яратиш ва жорий этиш” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик томонидан экспертизадан ўтказилган. Масофавий таълимни бошқариш бўйича ахборот тизимининг техник топшириғи, техник лойиҳаси ҳамда ТАТУда масофавий таълимни жорий этиш концепцияси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Тизим университет структураси, талабалар, ўқув режалари ва дастурларини бошқариш, ўқув материалларини тақдим қилиш, фанларнинг ўқув топшириқларини ҳамда назорат ва имтиҳонларни, ҳисоботларни назорат қилиш каби асосий модуллардан иборат.
Тизимнинг имтиҳонларни бошқариш ва ҳисоботларни шакллантириш модуллари, рейтинг дафтарчасини шакллантириш ва талабаларни курсдан-курсга ўтказиш функцияларини яратиш ишлари олиб борилмоқда. 2020-2021 ўқув йилида ўнта фаннинг масофавий таълим контентлари ўзбек ва рус тилларида тайёрланди. Фанлар бўйича жами 320 та видеодарс тасвирга олиниб, монтаж ишлари якунланди. Тақдимот материаллари, назарий билимлар бўйича маъруза матнлари ва билимларни назорат қилиб бориш бўйича тест саволлари тўплами тайёрланди. Масофавий таълим контентлари фанлар ва мавзулар кесимида масофавий таълим платформасига жойланди.
2021 йилда Рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш учун Жанубий Кореянинг Инвил дастури тажрибасини ўрганиш, шу орқали ўқув марказларининг ривожланиш дастурини ишлаб чиқиб, икки-учта пилот марказда тажриба-синовдан ўтказиш, марказларда шу йил давомида йигирма минг нафар тингловчини ўқитиш, хорижий ва маҳаллий IT экспертларни ўқув марказларига кенг жалб этиш кабилар режалаштирилган. Ҳозир IT соҳасида йилига ўртача беш мингдан ортиқ олий маълумотли кадр етишиб чиқади. Шундан уч минг уч юз нафари Тошкент ахборот технологиялари университети ҳиссасига тўғри келяпти.
Ўтган йили Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида IT парк филиаллари ташкил этилди. IT парк резидентлари сони 440 дан ошди. Улар томонидан мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилди. Дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми бир триллион сўмдан ошди. IT парк филиалларида стартап лойиҳаларни амалга ошириш, ёшларни дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга кенг жалб қилиш бўйича ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Тошкент шаҳрида IT парк резидентларини кўпайтириш ва уларга етарли имкониятлар яратиш доимий эътиборда. Шу мақсадда хориждан жалб қилинган эксперт билан ҳамкорликда умумий майдони 408 минг квадрат метрга тенг ҳудудда инфратузилма объектларини бунёд этиш концепцияси ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу йил март ойи якуни бўйича республика миқёсида www.uzbekcoders.uz портали орқали рўйхатдан ўтиб “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олаётганлар сони 200 мингдан ошди. Уларнинг 81 минг нафардан ортиғи иштирокчи ва 50 минг нафардан ортиғи битирувчи сертификатини қўлга киритди. Ҳудудлар кесимида uzbekcoders.uz порталидан рўйхатдан ўтганлар сони бўйича Навоий вилояти (36 минг 600 нафар), Қорақалпоғистон Республикаси (27 минг 574 нафар) ва Тошкент шаҳри (25 минг 572 нафар) етакчилик қилмоқда. Фаолият тури бўйича таҳлил натижаларига кўра, умумтаълим мактаблари ўқувчилари жами лойиҳа иштирокчилари орасида 67,2 фоиз билан биринчи ўринда. Кейинги ўринларда олий таълим муассасалари талабалари (13,1 фоиз), иш фаолияти билан банд бўлганлар (5,8 фоиз), коллеж ва лицей ўқувчилари (1,4 фоиз) ҳамда бошқалар (12,5 фоиз).
Лойиҳа доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари орасида uzbekcoders.uz портали орқали энг кўп рўйхатдан ўтган ва иштирокчилар сони бўйича Навоий вилояти мактаблари етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган вилояти умумтаълим мактаблари энг фаол мактаблар рўйхатидан жой олган. Ёш тоифаси бўйича таълим олувчиларнинг асосий қисми, яъни 90 фоиздан ортиғи 13–34 ёшлилар ҳиссасига тўғри келади. 2021 йилдан бошлаб халқаро IT сертификатини қўлга киритган ёшларга харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисми қоплаб берилади. Бугунги кун аудиториялари аввалгиларидан катта фарқ қилади.
Ҳозир ёшлар қулай ва замонавий марказларда, мактабларда ўқишни хоҳлайди. Шунга монанд аудиториялар ҳам компьютер, iPad, планшет, смарт доскалар ва бошқа турдаги таълим воситалари билан жиҳозланган. Шунингдек, ҳозирги талабалар анъанавий услубда ўқишни истамайди, аксинча, замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган инновацион таълим тарафдори. Шунинг учун ахборот технологияларини оммавий ва самарали қўллаш орқали таълим тизимини рақамлаштириш давр талаби. Энди ўқитувчилар ҳам одатий усулда ўқитмайди. Чунки ривожланган давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам интеллектуал салоҳияти юқори авлод вояга етмоқда. Бундай муҳитда камол топаётган ёшларнинг фикрлаши ва ахборотни қабул қилиш тарзи олдинги фикр юритиш ва билим олиш жараёнидан тубдан фарқ қилади.
Моҳинур ҚУДРАТУЛЛАЕВА,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги
ахборот хизмати масъул ходими