Мазкур асар унинг йигирмадан ортиқ соҳага қизиққанидан далолат беради. Шоҳ ва шоир замон зайли билан кўп жангу жадалларни бошидан кечирди. Отаси сингари улуғ ҳимматли ва олий мақсадли шахс бўлганидан Фарғона вилоятини кичик жой ҳисоблаб, Самарқандга интилди.
Бобурнинг олижаноблиги унинг Ҳиндистонда темурийларга хос улуғ бунёдкорлик анъаналарини давом эттиришида, жумладан, муҳташам қасрлар барпо этиб, ариқлар қаздириши, боғ-роғлар бунёд этиши, адабиёт, илм-фан ривожига ҳомийлик қилиши, элни адолат билан бошқаришида яққол кўринади. Унинг бу эзгу ишлари кейинчалик Ҳиндистоннинг буюк фарзандлари томонидан юксак баҳоланди. Ҳиндистоннинг буюк давлат арбоби Жавоҳирлаъл Неру “Ҳиндистоннинг очилиши” ва “Жаҳон тарихига бир назар” асарларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида “Бобур — дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир. У мард ва тадбиркор одам бўлган”, дейди.
Ҳеч бир шоир Ватандан йироқлик фожиасини Бобурчалик кўптомонлама ва таъсирчан ифодалай олмаган бўлса керак. “Бобурнома” Бобур саргузаштларининг воқеий-тарихий лавҳаларидан иборат бўлса, унинг рубоийлари ана шу қомусий асарга ўзига хос иловадир.
Иккинчидан, Бобурнинг тарихий ва маънавий юксаклиги унинг бир умр шариатпаноҳ ҳукмдор сифатида яшаб, шаръий ҳукмлар чиқара олган ҳамда фиқҳ илмига оид “Мубаййин” номли асар ёзган. Бу асар ҳуқушунослик илмимизга мосдир.
Бобур араб ёзувида савод чиқарган ва умри бўйи шу ёзувда икки-уч тилда матн битган. Бу ёзувнинг ифода имкониятлари, ўзлаштириш усулларини яхши билган. Шунинг учун у бу ёзувни янада мукаммаллаштириш, осонлаштириш, сўзни ҳар хил ўқиш нуқсонларини бартараф этиш мақсадида янги ёзув — бобурий хатини кашф этган. Унинг бу жасорати, биринчидан, маънавият ва саводхонликка куюнчаклигидан бўлса, иккинчидан, ўқиш ва ёзишни осонлаштириш, қулайлаштиришга интилишининг натижаси эди.
Мутахассисларнинг фикрича, бобурий хатининг амалдаги араб ёзувидан фарқи (гарчанд шу ёзув асосида яратилган бўлса-да) ва афзалликлари имлода сўз аниқлиги (ҳар хил ўқилмаслиги), ёзиш ва ўқишнинг қулайлиги билан изоҳланади. Буни “Бобурнома”да келтирилган қуйидаги парча мазмунидан ҳам билиб олиш мумкин: “Мурғобда мирзолар билан мулоқот қилганимда, қози Ихтиёр Муҳаммад Мир Юсуф билан келиб мени кўрдилар. Бобурий хаттидан сўз чиқди, муфрадотни (ҳарфларини) сўради, ёзиб бердим. Ўша базмдаёқ муфрадотни ўқиб, қоидасига амал қилиб, бир нималар ёзди”. Демак, мазкур фикрдан икки нарсани: аввало, қози Ихтиёрнинг ўта зийраклигини, сўнгра бобурий хатини ўқиш ва ёзиш қулайлигини билиб оламиз.
Бобур “Бобурнома”ни ёзгани қўлига қалам олган кунидан бошлаб воқеа-ҳодисалар талқини ва кишилар шахсиятига доир фикр-мулоҳаза ва маълумотларнинг фақат ростини ёзишга аҳд қилган: “Бўлган воқеаларни рост ёзганман. Чунки бу асарда шу нарса лозим топилганки, ҳар сўзнинг рости битилади ва ҳар иш айнан қандай воқеъ бўлган бўлса, шундай айтилади”. Шу боис Бобур ҳар бир шахсга адолат ила баҳо беришга ҳаракат қилган. Шу маънода “Бобурнома”ни ажойиб воқеий тарихий роман дейиш мумкин.
Бу йил шоҳ ва шоир Бобур таваллудининг 538 йиллик тантаналари кенг нишонланди. Ёш авлод қалбидаги ғурур ва ифтихор болалар боғчаси, мактаблар, барча таълим тизими ҳамда кўпмиллатли халқимиз кўнглидан мангу жой олган, десак муболаға бўлмайди.
Бу ғурур Бобур ота-боболарининг илм-маърифат ва мамлакат ободлиги йўлидаги эзгу ишларидан шаклланган. Ҳиндистонлик тарихчилар Бобурнинг ҳукмронлик даврини турлича талқин қилса-да, у асос солган сулола ушбу мамлакат тараққиётига беқиёс ҳисса қўшганини эътироф этади. Агра ва Деҳлида йирик боғлар, ариқ ва ҳаммомлар қурдиргани, масжид, мактаблар бунёд эттирганм, илм-маърифатга катта эътибор қаратгани айни ҳақиқатдир.
Феруза МУҲИДДИНОВА,
Маърифат тарғиботчилари жамияти аъзоси