(Эркин Воҳидов ижодига чизгилар)

Инсоният тафаккури тарихида унутилмас воқеа бўлган эди. Орадан икки кун ўтгач, кимдир шаҳардан “Қизил Ўзбекистон” газетасини олиб келди.
Газетада ўзбек шоирининг сунъий йўлдош учирилганига бағишланган биринчи шеъри босилган экан. Аммо шеър муаллифи номидан кейинги ­сатрда “1-курс талабаси”, деган сўзлар муҳрланган эди. Шеър муаллифи эса биз куратори бўлган курс талабаси Эркин Воҳидов экан. Буни қарангки, на биз, ўқитувчи ва аспирантлар, на Э.Воҳидовнинг курсдошлари шу вақтгача унинг ёш шоир эканини билмаган эканмиз.

Мен шу кунларда юбилей тантаналари ўтказилаётган улкан шоир Э.Воҳидовни ўзбек адабиё­тидаги шу илк қадамидан сўнгги нафасигача босиб ўтган шарафли йўлини яхши билганим билан фахрланиб юраман.

Лирик туйғулар олами

Кейин маълум бўлишича, Э.Воҳидов ижоди 1950-1951 йилларда бошланган экан. Ўша йилларда ёзилган шеърларининг бирида унинг “ижодий дастури” бундай ифодасини топган:

 Мен жилғаман,

Дарё бўлиб тўлгим келади.

Она юртим,

Сенга ўғлон бўлгим келади.

Бугун сенга

Фақатгина шеър бағишладим.

Керак бўлса,

Жонни фидо қилгим келади.

Э.Воҳидовнинг бу илк сатрларини унинг кўп жилдли куллиётига эпиграф қилса бўлади. 50-йилларда жилға бўлган Э.Воҳидов умрининг сўнгги бекатига етмасданоқ нафақат ўзбек, балки жаҳон шеърияти уммонига бориб қуйилган дарё даражасига кўтарилган эди. Агар ғаввос-китобхон бу дарёга бир шўнғиб чиқса, унда не-не қимматбаҳо тошлар, ёқут, бриллиант, ёмбилар порлоқ нур таратиб турганини кўриб, ҳайратга тушади.

Бағрида шундай қимматбаҳо маъданлар бўлган, китобхон қалбига энг эзгу, гўзал ва мунаввар туйғуларни пайванд қиладиган шеърлар, шак-шубҳасиз, ўз-ўзидан қоғозга тушмайди.

Ҳар бир шоирнинг юрак тўлқинлари, аввало, ишқий шеърларда ўз ифодасини топади. Зеро, инсон қалбидаги мунаввар туйғуларни уйғотиб юборадиган муҳаббатдек бошқа мўъжиза бор, деб бўлмайди бу дунёда.

Мана бу шеърда лирик қаҳрамоннинг ёрни кўрган ёки уни кўришга интизор бўлган пайтдаги “оҳ-воҳ”лари эмас, балки бошқа бир кўркам руҳий ҳолати тасвир этилган:

Ой фонусин кўтарган осмон,

Юлдузчалар бўлди парвона.

Сайр этайлик, кел, бирга, жонон,

Кўнглим сени истар ягона.

Қўлларимдан тут ўзинг, дилбар,

Ойдин йўлга етакла мени.

Ошиқ бўлиб, ишон, шунчалар

Севмагандим ҳеч қачон сени.

Бу шеърда лирик қаҳрамон қалбида муҳаббат гули куртак ёзган пайти нафис сатрларда ифодаланган. Шеърга баҳор нафасини пуркаган жиҳат — унинг ички мусиқаси. Ҳамид Олимжондан кейин ўзбек шеъриятида шеър­нинг ички латиф мусиқасини катта маҳорат билан бера олган шоирлардан бири, балки ягонаси Э.Воҳидовдир. Унинг шеърларини ўқий бошлаганингизда ҳар бир сўз, ҳар бир сатр, ҳар бир банд куйлаб юборгандек бўлади. Шоирнинг латиф мусиқаси сизни сархуш қилиб қўяди.

Унинг шеъриятига хос муҳим хусусиятлардан яна бири ой, қуёш, юлдуз сингари самовий мўъжизалардан самарали фойдаланишидир. Э.Воҳидов ерга тун пардаси тушиб, ой ва юлдузлар қора самони гулистонга айлантириб юборган пайтларини шундай севган эдики, у ёрга бўлган муҳаббатини яширмагандай, юлдузлар чаманзорида хаёлан кезишни ҳам ўзининг бахтли дақиқалари деб билган. Юлдузсевар, ойсевар шоирнинг Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, Улуғбек юлдузлари билан суҳбатлашганида, унинг шу фазилати туфайли бундай мисралар тилла сочмалардек ялтиллаб кетган:

Мунажжим тасбеҳидан тўкилган

доналардек

Осмон узра сочилиб ярқирайди юлдузлар.

Ой шамъи теграсида учган парвоналардек

То саҳар жавлон уриб парпирайди

юлдузлар...

...Самарқанд юлдузлари лаълимикин,

дурдона,

Нақш олмалар сингари териб

олгим келади.

Ҳар бири сўйлар экан

қадимдан бир афсона,

Саҳаргача кўз юммай,

қулоқ солгим келади.

Ана, Ҳулкар — етти қиз имлар

мени йироқдан.

Ойдин кўчалар бўйлаб шуълаларда

оқурман...

Одатда шоирлар бошқа шаҳар ва бошқа юртларга қилган саёҳатларидан даста-даста шеърлар билан қайтадилар. Кўпинча бу шеърларнинг аксарида шу шаҳар ёки юртда учраган гўзал қизга тушган тасодифий муҳаббат-у, дарё ёки тоғ тасвирига бағишланган саёз туйғулар жой олган бўлади. Э.Воҳидов ижодида бундай ночор ҳолатни мутлақо кўрмайсиз. У ҳар бир сафаридан руҳан бойиб, ўзгариб, янгиланиб, юксалиб қайтган.

Мана, унинг Хоразмга бориб, дўстлар билан дарё бўйида қилган гурунгидан туғилган “Дарё оқшоми” деган ажойиб бир шеъри:

Булутларнинг этагида зар,

Аму узра тўр ташлар қуёш.

Дарё сокин,

Ухлар тўлқинлар,

Ухлар қўйиб қирғоқларга бош.

Товланади уфқ атласда,

Балиқчилар овдан қайтади.

Елканларни тебратиб аста

Она дарё

Алла айтади.

Бундай баркамол, ҳар сатрида мислсиз даражада гўзал ташбеҳлар порлаб турган, булутлари этагига зар уланган, қуёши дарёга тўр ташлаган, дарёси эса балиқчилар кетганларидан сўнг алла айтиб, оламни ухлатаётган пайтдаги манзарани Рафаэлнинг ҳам шундай аниқ ва ёрқин бўёқлар билан чизиб бера олишига шубҳа қиласан киши!

Бундай муҳташам шеърлардан иборат бетак­рор бадиий оламни бизнинг буюк замондошимиз ва ватандошимиз Эркин Воҳидов яратиб кетди.

Аруз вазнининг янгиланиши

Замонавий ўзбек шеърияти вазн тизимларининг янгиланиши Чўлпон ва Фитрат номлари билан боғлиқ. Улар ўзбек адабиётига халқ ижодига хос бармоқ вазнини олиб кирганларида аруз чиндан ҳам “чарчаб” қолган эди. Аммо Чўлпон ­
1936 йилда А.С.Пушкиннинг “Булбул ва гул” шеърини ўзбек тилига таржима қилганида, аруз вазнига мурожаат этган. Тўғри, улуғ рус шоирининг:

В безмолвии садов, весной, во мгле ночей,

Поет над розою восточный соловей

сатрлари билан бошланган шеъридан Шарқ шеърияти руҳи уфуриб туради. Аммо бу шеър таржима қилинган 30-йилларнинг ўрталарида аруз унутила бошланган эди. Аммо найзавоз танқидчиларнинг азиз бошига тош отишларига баҳона қолдирган бўлса ҳам Чўлпон Пушкин шеърини шундай завқ билан, ёниқ илҳом билан бир ўтиришда таржима қилганки, кўҳна арузнинг ҳали истифода этилмаган имкониятлари оз эмаслиги маълум бўлган. Мана ўша машҳур таржиманинг дастлабки сатрлари:

Баҳор чоғда ҳоли боғда бир

зулматли тун эрди,

Ғариб булбул фиғон айлаб:

“Гулим, раҳм айлагил”, дерди.

Бироқ ул гул қулоқ солмас эди

фарёду афғона,

Фақат ором оларди ноладин

тўлғона-тўлғона...

Қандай гўзал таржима-я! Агар Пушкин ўзбек шоири бўлганида, гул ва булбул мавзуини шундай юксак маҳорат билан талқин қила олган бўлармиди, буни Худо билади. Чўлпоннинг рус тилидаги шеърни аруз вазнида таржима қилгани шу билан оқланадики, бу шеър гул ва булбулдек соф ­шарқона мавзуга бағишланган ва шу шеър ёзилган вақтда аруз туркий ва форсий шеърият бўстонида муаттар бўйини сочиб турган.

Пушкин ҳам ўз шеърини Шарқ шеъриятининг руҳи ва бадиий безаклари билан яшнатиб юборган. Агар у тирик бўлганида, бу таржима учун Чўлпоннинг қўлини маҳкам сиқиб: “Раҳмат сизга, Шарқ Пушкини!” деган бўлармиди...

 Чўлпон арузнинг бадиий имкониятлари ҳали тугамагани, у халқ ва адабиётга хизмат қилишда ҳали давом этиши мумкинлигини сезган. Шу боис, аҳён-аҳёнда ўзи ҳам арузда гўзал ғазаллар ёзган.

Аммо ўтган асрнинг 20-йилларида адабиётга “комсомол шоирлар” кириб келиши билан бармоқ вазни шўро даври ўзбек шеъриятининг асосий вазнига айланди. 50-йиллар охирида хитойларнинг “Майли, барча гуллар гуллайверсин!” деган шиори таъсирида ўзбек шеъриятида яна аруз уйғона бошлади.

Бироқ бу жўн гаплар тизмасидан иборат аруз эди. Унинг асосий мавзулари ҳам партия, беш йиллик план, пахта, тинчлик учун кураш... кабилар бўлди. Ҳабибий, Чархий, Акмал Пўлат сингари арузнавис шоирларга ёрдамга келган Ҳамид Ғулом, Пўлат Мўмин ҳам арузнинг бошини ердан кўтара олмадилар. Демак, “Ҳамма айб арузнинг ўзида”, дейишга асос бордек эди.

Э.Воҳидов қўлига қалам ушлаган вақтда ўзбек адабиётида шундай нохуш ҳолат ҳукм сураётган эди. 1961 йилда “Тонг нафаси” деган илк шеърлар китоби чиққан шоир 1969 йилда кутилмаганда “Ёшлик девони” шеърлар тўпламини эълон қилади. Аруз вазнидаги шеърлардан ташкил топган бу тўплам Ўзбекистондаги адабий ҳаётни мавжлантириб, тўлқинлантириб юборади. Ғафур ­Ғулом, Собир Абдулла, Миртемир аруз вазнида ҳам талай шеърлар ёзган бўлса-да, кўҳна адабий вазнни тирилтириш ва яшартириш шарафи Э.Воҳидов зиммасига тушди. У бу ўта машаққатли ва шарафли ишни аъло даражада бажарди.

“Мен арузга мурожаат қилганда, — деган эди Э.Воҳидов профессор У.Норматовнинг саволига жавобан, — бир неча мақсадни кўзда тутган эдим:

Биринчидан, ўзимни янгилаш, одатий фикрлаш услубидан, одатий вазн ва қофиялардан узоқлашиш. Иккинчидан, классик шеърият мактабини ўрганиш, шеърга қуюқ ранглар бериш, образли фикр­лаш, санжоб мисралар тузиш санъатига яқинлашиш. Учинчидан, шеъриятдаги буюк соддалик йўлида шоир дастлаб оддийликдан мураккабликка қараб юради. Мақсадим шу босқичга қадам қўйиш ҳам эди. Тўртинчидан, ҳозирги ёшларимиз классик адабиётдан бир оз узоқлашиб қолдилар. Навоий, Бобур, Огаҳийларнинг фақат номини биладиган ёшлар кам эмас. Маданий мерос эса катта бойлигимиз...”.

Мен бу сўзларга яна қуйидаги “модда”ни қўшишни истардим: “Бешинчидан, замонавий шеъриятдаги партияга ва партия олиб борган тадбирларга шеърий қарсаклар чалишдан — маддоҳбозликдан қочиш”.

Танқидчи шоир дўстининг юқоридаги жавобини тинглаб, бундай луқма ташлаган:

“Танқидчи: — Ижодкор жанр шакли орқали фикр­лайди. Қадимги ғазал шакли сизга бугунги кишиларимизнинг кайфиятини реал ифода этишга, бугунги кишилар тилидан гапиришга монелик қилган томонларини ҳеч ҳис этганмисиз?

Шоир: — Бу саволингизга бир ғазал билан ­жавоб бераман:

Фурсатинг етмайди доим,

ҳеч қачон етган эмас,

Меҳнатинг битмайди доим,

ҳеч қачон битган эмас.

Чун замондек бепоёндир

кўксинг ичра орзу,

Фурсату орзуни қувлаб

ҳеч киши етган эмас...

Бу ғазал бугунги кишиларнинг кайфиятини ифода қиладими? Ғазалда айтилган фикрларга қўшилиш ё қўшилмаслик — иккинчи масала”.

Шоирнинг бу жавобидан аён бўладики, гап вазн ва шаклда ҳам эмас, балки маҳоратда, аруз вазни сирларини эгаллаб, шу сирлар товланиб турган шеърларни ёза билишда.

Ижодий янгиланишнинг муҳим йўлларидан бири, адабий меросни ўрганишдан ташқари, янги шаҳарлар, янги юртларга бориб, ўзгача турмуш кечираётган кишилар билан учрашиш. Бу дунёда Э.Воҳидовнинг оёғи тегмаган юрт, оёғи тегмаган қитъа қолмаган. Одатда Э.Воҳидов даражасидаги шоирлар шундай сафарларидан бир олам таассуротлар билан қайтиб, ҳаётга муҳаббат бодаси билан тўла шеърларни китобхонларга ҳадя қиладилар. Есениннинг олтин қаламига мансуб “Шаҳинам, о менинг Шаҳинам” шеъри таржимони Э.Воҳидов Арманистонга борганида, шу шеър билан рақобатлаша оладиган бир гўзал асар ёзган. Агар “форс гўзали” Шаҳина (Шагане) Есенинни мафтун этган бўлса, Эркин арман юртига қилган сафари чоғида Шаҳинанинг “синглиси” — Азганушга бағишланган порлоқ бир шеърини ёзган. Арузда битилган бу шеърнинг қайси бандини ўқимайлик, ундан илоҳий шеърият бўстонининг оромбахш шабадалари эсиб тургандек бўлади.

Мана, шу чақноқ юлдуз нурлари билан суғорилган мухаммаснинг учинчи банди:

...Ўсма қўйдингми қошингга,

бунчалар тим қорадир,

Билмадим, бу қошларингдаан

қанча диллар порадир,

Раҳм қилгил, битта ўзбек

шунчалар ёлворадир,

Туш ўзинг, ё айт, ёнингга қайси

йўлдан борадир?

Азганушим,

Азгануш, ҳой, Азганушим,

Азгануш!

Бу шеър ўзининг бадиий баркамоллиги билан Есенин шеъри билан бир қаторда кулиб-яйраб, сизни қитиқлаб туради. Шоир Азгануш образи орқали абадий гўзаллик тимсоли билан аёлни, ёрни, жононни улуғлайди.

Модомики, мумтоз адабиётимизнинг гул ва булбул, муҳаббат сингари ўлмас мавзуларида ёзилган шеърларни тилга олаётган эканмиз, яна шундай мавзудаги шеърлардан бирига назар ташласак:

Тун билан йиғлабди булбул

Ғунча ҳажри доғида.

Кўз ёши шабнам бўлиб

Қолмиш унинг япроғида.

Кўз юмар бўлсам кўзим –

Олдида пайдо гул юзим,

Ғунча кўз очмоғи бор

Булбул кўзин юммоғида.

Мумтоз адабий меросимизда ҳам, замондош шоирларимиз ижодида ҳам гул ва булбул мавзуси мислсиз даражада катта маҳорат билан талқин қилинган шеърлар оз эмас. Лекин шеърнинг сўнгги сатри шу қадар ёниқ фикр ва туйғулар билан товланиб турадики, уларнинг қайси бири етакчи мотив эканини аниқлаш маҳол бўлиб қолади.

Агар Э.Воҳидовнинг бу ва бошқа арузий ижоди намуналарини ўқисангиз, ўзингизни қандайдир руҳий юксакликка кўтарилгандек ҳис этасиз. ­Шоирнинг аруздаги асарларида қанчалик юксак фикр ва туйғулар жавлон урмасин ва бизни руҳан бойитмасин, улардан таралган илоҳий мусиқа бизни сархуш қилиб туради.

Шоир истеъдодининг

яна бир қирраси

Э.Воҳидовнинг талабалик йилларида филология факультетида Ёқуб Ғуломов деган тилшунос домла бўлган. У гарчанд диалектология (шевашунослик) фанидан дарс берса-да, қизиб кетган вақтларида Тошкент шевасида сўзлаб юборарди. Кунлардан бирида факультетнинг деворий газетасида Ёқуб Ғуломга бағишланган фақат бир жумладан иборат эпиграмма чиқиб қолди. Унда: “Тилимизда “вотти-вотти” аста-секин йўқолвотти”, деган сўзлар ёзилган эди. Ўзбек тили софлиги учун кураш бошланган ўша йилларда Э.Воҳидовнинг бу эпиграммаси жуда машҳур бўлиб кетган.

Умуман, ҳазил, ўзгани кулдириш туйғуси — ­нодир ҳодисалардан. Э.Воҳидов аксар замондош шоирларимиздан истеъдодининг порлоқлиги ва серқирралиги билан ажралади. У давраларда ҳазиллар гулханига сўз пайрахаларини ташлаб, гулханнинг авж олиб, осмон қадар кўтарилишига бошқаларга қараганда, ўн баравар кўпроқ ҳисса қўшарди.

Шундай ноёб фазилат ва ноёб хазинанинг эгаси бўлган Э.Воҳидов жуда кўп ҳазил шеърлар ёзди, “Олтин девор” сингари комедиялар яратди. Лекин, менимча, унинг шундай асарлари орасида бир шеърий туркуми борки, унда бутун бир
давр — алғов-далғовлардан иборат большевиклар даври иллатлари шафқатсизларча очиб ташланган. Бу шоирнинг “Донишқишлоқ латифалари” деган шеърий туркумидир.

Бу туркумнинг бош қаҳрамони — Матмуса. Донишқишлоқ қандай қишлоғ-у, Матмуса қандай қаҳрамон? Аввало, ёдда тутиш керакки, ­“Донишқишлоқ латифалари”, — сарлавҳасининг ўзидан кўриниб турганидек, ҳажвий асар. Матмуса, бинобарин, ҳажвий қаҳрамон. Бу қишлоқ тўғрисидаги шеърнинг биринчи бандини ўқибоқ бунга амин бўласиз. Шоир бундай ёзади:

Донишқишлоқ деган жой

Бордир бизнинг томонда.

Ўша қишлоқ аҳлидек

Доно халқ йўқ жаҳонда.

Бу қишлоқнинг донолиги нимада? Шоир ­бирма-бир изоҳлаб-тушунтириб беради:

Жўяк тортиб томига

Макка эккан ўшалар.

Калишини перронга

Ечиб кетган ўшалар.

Юз қоп ганчни бир йўла

Сувга қорган у ерлик.

Эчкини сартарошга

Олиб борган у ерлик...

 Шу тарзда асарда ҳажвий тип, ҳажвий сюжет, ҳажвий ҳолат, ҳажвий бадиий воситалар мушак­лари отилиб, хуфтонга айланган кайфиятингизни юлдуз тўла осмондек чароғон қилиб юборади.

Туркум “Матмусанинг лагани”, “Матмусанинг чархпалаги”, “Матмусанинг уйланиши” сингари бир неча шеърий латифалардан иборат. Шулар орасида шоир ғоя-мақсадининг, айниқса, ёрқин ифодалангани “Тандир кийган Матмуса” шеъридир. Бозорга бориб, тандир сотиб олишга мажбур бўлган Матмуса энди уни қишлоққа қандай қилиб олиб келсин? Эшакка ортса, эшак кўтармайди... У кўпчиликдан чиққан доно маслаҳат билан тандирни бошига кийиб олади...

Шоир Матмусанинг бу ҳолатдаги мушкул аҳволини шундай мукаммал тасвирлайдики, унинг нафақат ўта кулгили, балки фожиали ҳолати ачиниш ҳиссини уйғотади. Шоир ёзади:

Кун ботару шом тушар,

Юлдуз чиқар осмонга.

Ҳамон борар Матмуса,

Етмас манзил-маконга.

Дейдиларки, то бу дам

Йўлда эмиш Матмуса.

Боши ҳам йўқ, чеки йўқ

Чўлда эмиш Матмуса...

 

Йўқ, Матмуса устидан кулманг. Бошига тандир кийиб олиб, мўлжал-маконини тополмаган фақат угина эмас. Қарийб етмиш йил бошига тандир ки­йиб олган шўролар давлати бизни, шўро халқини, коммунизмга олиб бораман, жаннатда, ҳуру ғилмонлар оғушида яшайсиз, деб охири боши берк кўчаларга олиб кирмадими?! Шу давлатнинг айби билан бошланган урушу талотўпларда миллионлаб кишилар бекордан-бекорга қирилиб, очлик ва яланғочликдан ўлиб кетмадими? Ундан кейин ҳам қандай кароматлар кўрсатмади шўролар давлати?! Қўриқ ер очдириб, “Еганингиз олдинда, емаганингиз орқада”, деб қўйнингизни пуч ёнғоқ билан тўлдирмадими?! Ва ҳоказо...

Э.Воҳидов “Донишқишлоқ латифалари”да ана шу фожиали даврни, ана шу давлатнинг халққа нисбатан қилган ўйинларини ҳажвий қаҳрамон, ҳажвий сюжет, ҳажвий бўёқлар билан тасвирлади. Агар Э.Воҳидов шу катта фикрни, шу катта ҳақиқатни реалистик қаҳрамон, реал воқелик тасвири ва реалистик бўёқлар ёрдамида акс эттирганида, унинг ҳам ҳаёти фожиали кечган бўлармиди.

Э.Воҳидовнинг бошқа кўплаб адибларимиз, олимларимиз қатори, ўзбек халқи тарихининг мустамлакачилик даврида, тепасида қизил байроқлар ҳилпираб, қора тўқмоқлар эса ҳар қандай ишга шайланиб турган пайтда шундай тагмаъноли асар ёзганининг ўзи унинг — улуғ ўзбек шоирининг жасоратидир.

Э.Воҳидовдан бой адабий мерос қолди. Бу меросни ўрганиш ва нашр этиш жараёнида шоир, драматург ва таржимон Эркин Воҳидовнинг ўзбек адабиёти тараққиётига қўшган бебаҳо ҳиссасининг кўлами янада аниқ бўлади.

Наим КАРИМОВ,

академик