Бунинг учун халқаро молия ташкилотлари билан ишлаб чиқилган «Капитал бозори тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасини тез фурсатда қабул қилиш лозимлиги таъкидланди.

Курс тебраниши бўйича хатарларни камайтириш учун маҳаллий компанияларга ички бозорда ҳам хорижий валютада облигация чиқаришга рухсат берилади.

Келгуси йили корхоналаримиз илк бор халқаро бозорларда ҳам акцияларини жойлаштириши мумкин бўлади.

Умуман, капитал бозорни ривожлантириш орқали тадбиркорларга қўшимча 1 миллиард доллар жалб қилиш имконияти яратилади.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 45-50 фоиздан 28 фоизга пасайтиришга эришилди. Лекин бу ҳали дастлабки қадамлар экани таъкидланди.

Бу борадаги ишларни кучайтириш учун 2026 йилда барча давлат хизматлари ва коммунал тўловлар, ёқилғи, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, автомобиль ва кўчмас мулк савдолари нақдсиз тўлов шаклига ўтказилади.

Солиқ, божхона, санэпидемназорат, стандарт, карантин, қурилиш назорати инспекцияси, ёнғин хавфсизлиги каби 17 турдаги текширувларда ёнкамерадан фойдаланиш мажбурий бўлади.

«Соя»даги иқтисодиётдан ихтиёрий равишда шаффофликка чиқмоқчи бўлган тадбиркорлар бухгалтерия, статистика, солиқ ҳисоботларини юритиш бўйича бепул ўқитилади.

«Айрим юртдошларимизда топган даромадини иқтисодиётга йўналтириш, банк депозитига жойлаштириш, активларини ўз номига расмийлаштириш билан боғлиқ хавотирлар бор.
Шу боис, депутатларимиз ва Марказий банк халқаро ташкилотлар билан маслаҳатлашган ҳолда, фуқароларимиз юртимизда ёки чет элда шу пайтгача олган даромад ва активларидан эмин-эркин фойдаланишига шароит яратиш бўйича таклифлар тайёрласа, ўйлайманки, тўғри бўлади», – деди Президентимиз.