2. Савол: 19 январь куни Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни алмашиш ҳақидаги келишув кучга кирди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг бу борадаги позицияси қандай?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганлар алмашинувини олқишлайди. Биз ушбу келишувларни кескинликни пасайтириш ва минтақада узоқ кутилган тинчликни таъминлаш йўлидаги жуда муҳим ижобий қадам сифатида қараймиз.
Биз Қатар, АҚШ ва Мисрнинг келишувга эришишдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз. Биз барча томонларни келишув шартларига риоя қилишга чорлаб қоламиз.
Ўзбекистон Яқин Шарқда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга содиқ қолади.
3. Савол: Ўзбекистон 1 январь куни БРИКС бўйича ҳамкор давлатга айланди. Мамлакатимизнинг ушбу ассоциациядаги иштирокидан қандай фойда кутилмоқда?
Жавоб: БРИКС кўп томонлама ҳамкорлик ва шерикликнинг нуфузли ва динамик бирлашмаси ҳисобланади. Ишончимиз комилки, бундай ўзаро ҳамкорлик модели БМТнинг марказий ролини сақлаб қолган ҳолда янада адолатли дунё тартибининг янги архитектурасини шакллантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.
БРИКС аъзоларининг аксарияти бизнинг анъанавий ҳамкорларимиздир. Биз биринчи навбатда иқтисодий манфаатларни кўзлаймиз. БРИКС катта имкониятларга эга улкан бозордир. Уюшма аъзолари билан алоқаларнинг ҳар томонлама кенгайиши халқимиз фаровонлигини таъминлашда ижобий ўрин тутади.
4. Савол: Иккинчи учрашуви Анқарада бўлиб ўтган Озарбайжон ва Туркия билан уч томонлама ҳамкорлик платформасини Ўзбекистон қандай баҳолайди? Бошқа давлатлар билан ҳам шундай уч томонлама формат яратиш ёки унга бошқа давлатларни жалб қилиш орқали Боку-Тошкент-Анқара форматини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилмоқдами?
Жавоб: Биз ушбу платформани мамлакатларимиз ўртасидаги фойдаланилмаган улкан салоҳиятни рўёбга чиқариш учун жуда муҳим майдон деб биламиз.
Учрашув кун тартиби жуда бой бўлиб, ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб олди. Барча иштирокчилар томонидан минтақавий ва глобал характердаги долзарб масалалар бўйича мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бор куч-ғайратимизни ишга солишга келишиб олдик. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни яхшилаш зарурлиги таъкидланди.
Хабарингиз бор, биринчи учрашув 2022 йилда бўлиб ўтган. Тошкентда ҳозиргиси кетма-кет иккинчи ва бошқа давлатларни жалб қилиш масаласи ҳали бу форматда кун тартибида эмас.