Аслида, маънавият минглаб йилларда пайдо бўлади, шаклланади, мустаҳкамланади. Аммо жоҳиллар бирлашиб, уни қисқа фурсатда маҳв этиши ҳам мумкин. Маънавиятга қанчалик кучли эътибор қаратилса, шунчалик юксалиб бораверади. У одамларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати, фикрлаш тарзи, ўй-ҳаёллари сўзга айланганида намоён бўлади.
Бугун маънавият масаласи айрим кимсалар томонидан ўзаро мулоқотдан тортиб, сайтлару, фейсбуклардаги “Маънавият керакми?” деган иддаоли чиқишида, турли ролик ва аҳмоқона видеолавҳаларда ўзлигини кўрсатмоқда.
Аввало бундай саволнинг ўзи ғирт беъманилик. Чунки маънавият масаласи ҳар бир даврда, ҳаммакга керак бўлган ва бўлади ҳам. Куни кеча давлатимиз раҳбари маънавият масаласи ҳақида очиқ ҳақиқатни айтди. Бу бугун ҳақиқатлар яширмай айтилаётганидан муаммоларнинг таг замирига етиб борилаётганидан далолат бермоқда.
“Маънавият” калимасига истиқлол туфайли зарурат кучайди. Зеро, миллий, диний қадриятларимизга, халқимизга хос урфларга қаратилган турфа таъсир, тазйиқ шунга мажбур қилди бизни. Ўтган давр мобайнида қайсидир таҳдид барҳам топди, бошқаси, аксинча, кучайди. Бунда ҳар биримиз ё томошабин бўлдик, ёки бевосита иштирокчига айландик.
Бугун ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг айримлари маънавият ёшини яшаб бўлганини, ундан воз кечиш вақти етганини даъво қилдилар... (?) Шундай бўлиши мумкинми? Маънавият эскирадими? У кераксиз матоҳга айланиши мумкинми? Агар шундай бўлса, аждодларимиз минг йиллар давомида 20-30 йиллик ўткинчи даврга ҳозирлик кўрган экан-да?
У ўзгарувчанми? Унинг муқобили нима? Балки “оммавий маданият” ё турли кўринишдаги экстремизмдир? Ёки бўлмаса, унинг ўрнига ҳар қандай вайронкор ғоялар урчиши учун имконият эшикларини очувчи мутлақ эркинлик таклиф этилмоқдами?
Қўйилган саволлар нотўғри туюлар, аммо унутмаслик лозим, маънавият – эҳтиёж. Кечанинг, бугуннинг, эртанинг эҳтиёжи, зарурати. Ундан юз ўгириш қайсидир соҳа равнақига хизмат қилиши мумкиндир балки. Лекин бу тараққиётнинг тўлови оғир бўлиши аниқ.
Чорва аҳли яхши билади, эчки тез семиради-ю, гўшти арзон. Қўй секин семиради ва қиммат. Қуввати ҳам кўп. Барака. Шифо. Демак, вақтда ҳам ҳикмат бор. Манбаларда вақт ўткир қиличга ўхшатилган. Ундан маърифат йўлида унумли фойдаланиш зарур. Акс ҳолда, у инсон зарарига хизмат қилади.
Маънавият бизга доим сабоқ бериб келади, жумладан экстремизм оқибатларидан ҳам. Уни танамизда ҳис этиш шарт эмаслигини, дунёда содир бўлаётганлар башарият учун сабоқ эканини таълим берди. “Дин – эзгулик, тинчлик”, дея эътиқод қилган ҳолимизда ундан қандай йўлларда фойдаланиш мумкинлигини кўрдик. Дин, эътиқодни ёлғон мақсадлар рўёби учун хизмат қилдиришга уринишларга гувоҳ бўлиб, тинчлик тарғиботидан нотинчликлар келтирувчиларга қарши маънавият билан курашдик. Манфаатдор кучлар инсонларнинг нозик томонларини нишонга олади. Ўлжасига психологик ёндашади. Шунда иймон, эътиқод инсоннинг энг заиф нуқтасига айланиб итоатга мойиллар экстремизм, замонавийликка интилувчилар эса “оммавий маданият” домига тортилади. Маънавият устуворлиги билан жамиятимизда бу каби унсурлардан маълум даражада ғолиб чиқдик. Аммо ҳақиқатда, ҳали қилинадиган ишлар ҳам, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам кўп. Жамиятнинг барча аъзолари бир тану бир жон бўлибгина уларни илдизи билан йўқ қилиши мумкин.
Маънавият “оммавий маданият”дан ҳам сабоқ берди. Унинг мазмунию мақсадларини фош этди. Чунки “оммавий маданият” бир кўринишда беозор, ёқимли. Унинг асл мақсади йиллар ўтгач намоён бўлади. Бирдан. Оғриқли. Ҳаракатларимизда. Турмуш тарзимизда. Тақлид туфайли. Илмсизлик сабаб.
Эътибор қилсак, либосларимиз ўзгарди, ҳаётимизда ғарбона тарз устуворлик қила бошлади, эр-хотин муносабати, ота-она ва фарзандлари ўртасидаги оқибат, силайи раҳм... Бу рўйхат узун. Булар – йўқотганларимиз. Сақлаб қолганларимиз ҳам бор. Ривожлантирганларимиз ҳам. Энг муҳими, маънавият бу масалаларда бизга онгли ёндашувни ўргатди. Шуниси муҳим. Зеро, битта бўлса ҳам онгли қабул қилинган эзгу амал бардавом бўлади. Шунга кўра, фуқароларда ёт ғояларни тарғиб қилувчи фильмлар, сериалларга нисбатан негатив муносабат шаклланди, китоб танлаш маданияти мустаҳкамланди, дунё халқларидан ўрганиш баробарида уларга маънавият, маданият улашишни ҳам ўзлаштирдик. Зеро, халқимиз бунга муносиб, ҳақдор. Санъатда устуворликка эришган ғарб мусиқаси санъати ўрнини азалий мақом эгалламоқда. Бунга юртимизда нишонланаётган халқаро мақом фестиваллари ёрқин далил бўла олади. Баркамол қалб инъикоси, нидоси, муножоти бўлган мақомни халқимиз тинглашга, англашга тайёр. Интиқ.
Маънавият бизга тарбиянинг нималигини ўргатди. Шарқ ва Ғарб қиёс қилинганда таълим ва тарбиянинг муддати муҳим ҳисобланади. Чунки таълим, яъни илм ўрганиш ва ўргатиш Одам боласи учун бир умрлик. Ислом динида суннат ва ҳатто фарз саналади. Аммо тарбия масаласи ўзгача. У Ғарбда балоғат ёшида амалда тўхтайди. У ёғига ёшларни “ҳаётнинг ўзи тарбиялайди”. Шарқда тарбия – бир умрлик иш. Бу юртларда тарбиячининг ўзи ҳам тарбияланувчидир. Ҳатто кексаларимиз набираларига қараб ўрганади, ҳаёт тарзини белгилайди. Халқимизнинг “одобни одобсиздан ўрган” ҳикмати ҳам шундан. Бинобарин, ҳаё, илм, имоннинг ҳудуди – катталиги, ҳажми, кўлами, одоб-ахлоқ даражаси тарбиянинг муддатига боғлиқ. Шунинг учун Шарқ ҳаёда, илмда, эътиқодда – маънавиятда пешқадам. Шу боисдан айтиш мумкинки, ҳозирда шарқона ҳаё ғарб учун таҳдид, улар қабул қилиши мушкул одатдир.
Маънавият аждодларимизни танитди. Шу пайтга қадар уларни соф манбашунослик, матншунослик жиҳатдан ўрганар эдик. Энди алломаларимизнинг илмий меросига мурожаат кучайди. Ҳаётга кенг жорий этиш йўллари изланмоқда. Биргина мотуридия таълимотининг ёрқин вакили, таниқли теолог Абу-л-Муин Насафийни олайлик. “Бундан минг йил олдин жаҳолатга қарши маърифат билан курашган аллома” ўз даврида бугуннинг бузғунчи ғояларига қарши самарали курашиш йўлларини ўргатиб кетган эди. Асарларида исёндан қайтариб, илмга тарғиб қилган аллома мероси қайтадан тирилди гўё асарлари шарҳ ва изоҳлари билан таржима қилинди. Ҳаёти ва илгари сурган илғор ғояларига бағишланган, бирламчи манбаларга таяниб суратга олинган ҳужжатли-бадиий фильм халқимиз эътиборига ҳавола этилди. Бу олим ҳозирда аксар инсонларни қўрқитиш қуролига айланган исломдаги муҳим амаллар – бойлик ва фақирлик, исён, яъни давлат раҳбарига қарши чиқиш кабиларнинг асл мазмунини баён қилиб бердики, бу дин ниқобидаги деструктив кучлар фаолияти тобора авж олаётган ҳозирги кун учун айниқса муҳимдир. Кўриниб турганидек, Абу-л-Муин Насафий сингари юрти, дини, халқи учун жон фидо қилган юзлаб, балки минглаб алломаларимиз илмий меросини илмий асосда изчил ўрганиш, улардан кенг халқ оммаси, айниқса, ёшларимизни хабардор қилиш долзарблик касб этмоқда.
Маънавият исрофни эслатди. Исроф турлича. У молу дунёда ҳам, илмда ҳам бор. Ортиқча харажат ҳам, ноўрин сарф ҳам исроф. Ҳадисларда келтирилганидек, зиёфатнинг ёмони муҳтожлар қолиб, қорни тўқлар жамланганидир. Илмни ҳар кимга ўргатиш ҳам, бефойда илмга ружу қўйиш ҳам исроф. Демак, шогирд танлаш ҳам маҳорат ва ақл ишидир. Юксак маънавиятли инсон буларнинг барчасига тафаккур билан ёндашади. Тўй ва маросимларни камхарж қилади. Ўғлини ориятли этиб тарбиялайди, келиннинг сепига кўз тикмайди. Бизнингча, фитначи, жоҳил инсонлар билан бефойда баҳсу мунозарага киришиш вақт ва илм исрофидир. Уларни шунчаки унутиш, асоссиз сўзларини эътиборга олмаслик, тингламаслик мақсадга мувофиқ. Унинг ўрнига мақсадли эзгу ишларга рағбат қилиш, вақтини илмга сарф қилиш мақсадга мувофиқки, маънавият шундан куч олади.
Маънавият оила маданиятини ислоҳ қилди. Яхши ва ёмон хулқ оилада шаклланади, тарбия этилади. Унинг раҳбари – тарбиячиси бор. Оила раҳбарининг маънавиятию маданияти қолган аъзолар учун ибрат, намуна. Оила маънавияти шунинг учун керак. Аслида, ҳар бир оила аъзосининг бурч ва вазифалари, мажбуриятлари аниқ белгиланган. Қадриятларимиз билан тартибга солинган. Улар орасида ёзилганлари бор, ёзилмаганлари ҳам. Аммо уларнинг барчасига бирдек амал қилиниши шарт. Уларга кўра, ота – раҳбар, она – тарбиячи, фарзандлар – ўрганувчи, итоат этувчи, ҳурмат қилувчи, тингловчи... Кексалар – дуогўй. Ёши улуғларда жамланган узоқ йиллик ҳаёт тажрибаси ёшларга аталган. Ёшларнинг куч-қуввати, хизмати эса катталарга. Бугун шуни англадик. Оилада фарзандлар ҳурматдан хизматга ўтди. Шу сабаб кексаларимиз иззатда, уйнинг тўрида.
Маънавият шу аснода динни англатди. Дин бошқа, эътиқод, ихлос бошқалигини билдик. Диний масалаларга онгли ёндашув шаклланди. Бунда буюк аждодларимиз меросига таяндик. Хусусан, самарқандийлар, бухорийлар, термизийлар, шошийлар, фарғонийлар, насафийлар, уструшонийлар, субахийлар... қолдирган беназир илмий мерос муҳим. Улар орқали исломнинг асл ҳақиқатини англадик. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳозирда дин борасидаги ўзгача таҳдидлар тобора кўпаймоқда.
Динга мақсадли мурожаат нафақат мавжуд ақидани нотўғри талқин қилиш орқали экстремизмнинг авж олишига хизмат қилмоқда, балки айрим тоифалар бундан 2000-2500 йил аввал юртимиз ҳудудида мавжуд бўлиб, ҳозирда айрим мамлакатларда тор доирада сақланган кўпхудоли динларни тирилтириш туфайли юртимизни нотинч қилиш тарафдори. Аҳли зиё, маънавият вакиллари бу таҳдидларни чуқур англайди, қарши кураш йўлида бирлашади. Бунга ишонамиз. Демак, маънавият аҳли олдидаги муаммолардан яна бири ижтимоий тармоқ орқали кенг тарғиб қилинаётган мафкуравий таҳдидларга ўринли, асосли курашишдир.
Маънавият шукрни тарғиб қилди. Шукр ҳар кимда бор ва турфа. Раҳбарнинг шукри – унинг адолати, ходимники – итоати, ота ва онанинг шукри – масъулиятни ҳис этиши, фарзандники – хизматга шайлиги, олимнинг шукри – билганларини бошқаларга етказиши, огоҳлантириши, тарбия қилиши, жоҳил (илмсиз)ники – ўрганишга жаҳд қилиши... Хуллас, ҳар ким ўз бурчига садоқат кўрсатиши – шукр. Бундан ташқари, маънавий шукр ҳам бор. У қадриятларни эъзозлай билиш, илмга рағбат қилиш, ўтганларга ҳурмат, келажак авлодга масъулиятли бўлишдирки, бу барчага бирдек тегишли.
Аммо унутмаслик лозим, буларнинг барчасида меъёр бор. Маънавият шуни ўргатди. Эътиқодда меъёрни билмаслик ё экстремизм, ё миссионерлик сари йўлдир. Ижтимоий одатларда ҳаддан ошиш “оммавий маданият” гирдобига тортади. Таомнинг ва ҳатто асалнинг кўпи – заҳар. Сув, бойликнинг кўпи ва ё ҳаддан ози – офат. Мўътабар манбаларда таъкидланишича, амалларнинг энг яхшиси унинг ўртачасидир. Демак, нимаики ўртача бўлса, яхшидир. Истак, ниятларда-да меъёр лозим. “Ҳаддини (яъни чегарасини) билган ҳоримас” нақли бежиз эмас, ахир. Маънавият мана шу ҳадни билиш, билдиришдир.
Умуман, маънавият жазо қуроли эмас. Жазоловчи ҳам эмас. Билъакс, инсониятга эзгуликни эслатади, ёдга солади, ўргатади. Жамият ҳаётини ислоҳ қилади. Тавсия беради. Амалларимиз оқибатидан огоҳлантиради.
Ҳар жабҳада бўлгани каби маънавий соҳада ҳам ечимини кутаётган муаммолар бор. Уларни бартараф этиш миллат равнақи, жамият тинчлиги учун зарур. Шукрни зиёда қилиш учун даркор. “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб – шукр”, дейди доно халқимиз. Дунёга боқайлик. Маънавиятдан кечганлар аҳволига назар солайлик. Маънавиятни қадр қилгани боис тараққий этганлардан ҳайратланайлик. Зеро, ҳайратдан маънавият пайдо бўлади. Маънавият мустаҳкам жой олган қалбда эса ёвузлик бўлмайди!
Мунира ҚАҲҲОРОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси бўлим бошлиғи