Бу борада Президентимиз ташаббуслари олий даражада қўллаб-қувватлангани ҳолда, ўтган қисқа даврда Марказий Осиёда сиёсий муҳит сезиларли даражада яхшиланиб, чинакам яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч руҳи шаклланди. Минтақада икки ва кўп томонлама ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

Кейинги йилларда савдо, саноат, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳалари ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётир. Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсати, хусусан, яхши қўшничилик ва прагматик минтақавий сиёсати давлатимизнинг халқаро нуфузини оширибгина қолмай, Марказий Осиё барқарор ва улкан имкониятларга эга ҳамкорлик маконига айланишига хизмат қиляпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 4 август куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон иштирокида ўтган уч томонлама саммитда иштирок этгани ва муҳим ташаббусларни илгари сургани ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун навбатдаги муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

Эътиборлиси, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетика соҳасини ривожлантириш, транспорт-логистика салоҳиятини ошириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган ушбу учрашув Марказий Осиё республикалари ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни жадал ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз. Сабаби кейинги йилларда минтақа мамлакатларининг муштарак очиқлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик сиёсати ўз натижасини бераётганини кўриб турибмиз. Масалан, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва логистика соҳаларида савдо амалиётлари ва кооперация келишувлари каррасига ошди. Ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар ҳам кенгайди.

Давлатимиз раҳбари ўз нуқтида янги хавф-хатарларга эътибор қаратиб, муносиб ва чуқур ўйланган жавобларни биргаликда излаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Бу минтақада сув танқислиги тобора ортиб, кейинги йилларда кескин тус олаётган шароитда айниқса муҳимдир. Бу борада сув тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш ва ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, сел ва тошқин сувларини тўплаш ва сақлаш учун инфратузилмани биргаликда ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш таклиф қилинди.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ушбу масалаларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг бутун салоҳиятини ҳамда Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби шерик ташкилот ва тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни ишга солиш ғоят муҳимдир.

Яна бир муҳим масала. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энергетика соҳасида, шу жумладан, энергия ресурсларини етказиб бериш ва уларнинг транзити борасида яқин, самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шу боис, саммитда мамлакатларимизнинг “яшил” иқтисодиётга ўтишга интилиши муштарак эканини ҳисобга олиб, гидро ва иссиқлик энергетикасида лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзаро интеграциялашган транспорт инфратузилмасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, “Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон” йўлагининг ривожлантирилиши, Транскаспий йўналиши салоҳиятининг ишга солиниши Марказий Осиёнинг “Шарқ – Ғарб” ва “Шимол – Жануб” халқаро йўлакларидаги транзит маркази сифатидаги жозибадорлигини оширишига ишонч билдирилди. Шу мақсадда халқаро юк ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва назорат-ўтказиш масканларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш йўлида биргаликда ишлаш таклиф қилинди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон” интеграциялашган транспорт инфратузилмасини яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Бу Марказий Осиёнинг халқаро йўлаклар транзит маркази сифатида жозибадорлигини оширади.

Президентимиз Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган ташаббусларни бундан буён ҳам илгари суриш ниятида эканини таъкидлагани ҳам эътиборга молик. Бу каби учрашувлар ўтказилиши сувни тежовчи илғор технологияларни жорий этиш ва ирригация тизимларини модернизациялаш, сув хўжалиги жараёнларини рақамлаштириш, сел ва тошқин сувларини йиғиш ва сақлаш инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш каби соҳаларда ҳамкорликни жадаллаштиришга хизмат қилиши аниқ. Зеро, ушбу учрашувдан кўзланган асосий мақсад – ўзаро ҳамкорликни тизимлаштириш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар воситасида амалга оширилаётган иқтисодий лойиҳаларни ҳамма учун мақбул бўлган ҳолдаги шакл ва мазмунда бирлаштиришдан иборат.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Президентларининг уч томонлама саммити мавжуд тажрибани умумлаштириш ва келгуси ҳамкорлик режаларини белгилаш, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида барқарор тараққиётни таъминлашда бирлаштирувчи, яратувчи куч ва биргаликдаги қатъиятни кўрсатиш учун ноёб имконият бўлди.

Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу учрашув Марказий Осиё минтақаси салоҳиятини мустаҳкамлаш ва мамлакатларимизнинг Евроосиё қитъаси билан ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган янги лойиҳалар ишлаб чиқилишига ҳамда мавжуд умумий лойиҳалар амалга оширилишини жадаллаштиришга хизмат қилади.

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати