Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий институти жорий этилган. Лекин, бугунги кунда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий институтини мақбул даражада ишлаяпти, деб баҳолай олмаймиз.
Сабаби, сўнгги вақтларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ ҳолатлар кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситаларининг эътирозларини келтириб чиқармоқда. Жумладан, 2021 йил ўтган даври мобайнида электрон оммавий ахборот воситаларида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилишига доир 50 га яқин материаллар эълон қилинган.
Хусусан, ҳозирда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида “Денов туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан 109 та, Бўстонлиқ туманидаги “Амирсой” қўшма корхонасига тегишли курорт зонаси ҳудудини ва унга олиб борувни йўлни кенгайтириш мақсадида 700 та дарахт ноқонуний кесиб ташланганлиги кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу воқеилик ўсимлик дунёси муҳофазаси борасида экологик хуқуқбузарликка биргина мисол эди, холос. Афсус, бугунги кунда атроф-муҳит муҳофазасининг бошқа йўналишларда ҳам аксарият ноқонуний ҳаракатларнинг ўз вақтида олдини олиш чоралари мавжуд бўлган бўлса-да, ваколатли давлат органининг жойлардаги сектор раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида олиб бориладиган чора-тадбирларга етарли даражада эътибор қаратилмаётганлиги сабабли ҳам экологик қонунбузарлик ҳолатлари давом этмоқда.
Экологик хуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда бу бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида қуйидагилар тавсия этилади:
фуқароларнинг экологик ва табиий ресурслардан оилона фойдаланиш борасидаги ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, шу жумладан бу борада аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;
экологик ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали экологик ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи давлат органларининг мукаммал иш шакли ва услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан видеокузатув, электрон ҳисобга олиш ва ўзаро ахборот алмашиш, идоралараро маълумотлар базалари тизимларини профилактик ишларга кенг жорий этиш;
жамоатчилик экологик назоратини кучайтириш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш;
экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича идоралараро дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда манзиллилик, соҳавий ихтисослашув, ҳудудий ва бошқа ўзига хос хусусиятлар инобатга олинишини таъминлаш;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасига фуқаролар ва жамоат ташкилотларини, шу жумладан уларни моддий ва бошқача тарзда рағбатлантириш орқали жалб этиш механизмларини такомиллаштириш лозим.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш нафақат давлат органларининг, балки шу жамиятнинг аъзоси ҳисобланган ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Энг аввало, ўзимиз, оила аъзоларимиз ва табиат ва жамият олдидаги масълулиятни доимо ҳис қилиб яшаш, атрофдаги ҳодисаларга бепарволик билан муносабатда бўлмаслик, табиат неъматлари қадрига етиб яшаш барчамизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши зарур.
Ислом ХУШВАҚТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати