Маълумки, давлатимиз раҳбарининг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, шоирнинг ижодий меросини нафақат юртимизда, хорижий мамлакатларда ҳам кенг тарғиб қилиш, асарларини нашр этиш борасида изчил иш олиб борилмоқда.
Қозоғистонда ҳам Навоий асарларини ўрганиш, таржима қилиш, нашр эттириш бўйича сўнгги йилларда муҳим ишлар амалга оширилди. Хусусан, «Хамса» асаридаги «Лайли ва Мажнун» ҳамда «Садди Искандарий» достонларини Қозоғистон давлат мукофоти совриндори, таниқли қозоқ шоири Несипбек Аитули ўзбек тилидан қозоқ тилига таржима қилди ҳамда яқинда ушбу асарлар кўркам китоб ҳолатида қозоқ ва ўзбек тилларида нашр этилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Фанлар академияси томонидан Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида мазкур китобларнинг тақдимот маросими ўтказилди.
Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, Қозоқ миллий маданият маркази вакиллари, олимлар, таниқли ёзувчи-шоирлар, ёш ижодкор ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Институт фойесида Алишер Навоийнинг ўзбек ва қозоқ тилларида нашр қилинган асарлари, қозоқ ижодкорларининг Ўзбекистонда чоп этилган китоблари, шунингдек, ўзбек ва қозоқ адабий-илмий алоқаларига доир адабиётлар кўргазмаси ташкил қилинди.
Тадбирни Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов кириш сўзи билан очди.
Тақдимотда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси маслаҳатчиси Руслан Дуйсенов сўз олиб, сўнгги йилларда икки мамлакат раҳбарларининг саъй-ҳаракати туфайли барча соҳаларда дўстона алоқалар ривожланаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги «Қозоқ адабиёти кенгаши» фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди. Алишер Навоий ғазалларидан ўқиб берди.
Тақдимотда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Нурбой Жабборов Алишер Навоийнинг қозоқ тилига таржима қилинган «Лайли ва Мажнун» ҳамда «Садди Искандарий» достонлари ҳақида тўхталиб, аниқ мисоллар асосида таржиманинг ютуқлари ҳақида фикр юритди.
– Алишер Навоийнинг қозоқ тилига таржима қилинган «Муҳокаматул-луғатайн» асари нафақат ўзбек ва қозоқ халқлари, балки барча туркий халқлар учун бирдай қадрлидир, – деди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Турсинали Аҳмедов. – Торали Қидир томонидан қозоқ тилига ўгирилган ушбу асар энг нодир нусха саналувчи «Сулаймония» фондидаги қўлёзмалардан фойдалангани билан аҳамиятлидир.
Тадбирда, шунингдек, Қозоқ миллий-маданий маркази раҳбари Серикбой Усенов, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори Низомиддин Маҳмудов, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи директори, филология фанлари доктори Жаббор Эшонқулов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон маданий алоқаларининг бугунги ҳолати, зиёлиларимизнинг самарали ҳамкорлиги, таржима қилинган асарларнинг аҳамияти ҳақида гапирди.
Қозоқ миллий-маданий маркази вакилларининг бадиий чиқишлари эса тақдимотга ўзгача кўтаринкилик бахш этди.
Бир сўз билан айтганда, Алишер Навоийнинг ўлмас асарлари икки қардош халқ ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда олтин кўприк бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиздир.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист