Маълумки, давлатимиз раҳбарининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида бир қатор устувор вазифалар ўрин олган. Бу борада сўнгги йилларда мамлакатимизда Навоийнинг серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш, нашр этиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, Қозғоғистонда ҳам Навоий асарларини ўрганиш, таржима қилиш, нашр эттириш юзасидан қизғин адабий жараёнлар кечмоқда. Хусусан, “Хамса” китобини Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, қозоқ шоири Несипбек Аитули ўзбек тилидан қозоқ тилига таржима қилди. Мазкур китобдан Навоийнинг – “Лайли ва Мажнун” ҳамда “Садди Искандарий” каби достонлари ўрин олган.

Мутафаккирнинг туркийшуносликда алоҳида ўрин эгаллаган “Мухәкәмәтул-луғәтәйн” (“Икки тил баҳси”) асари шарқшунос Торали Қидир томонидан ўзбек тилидан қозоқ тилига таржима қилинди. Унда шоир икки тил – туркий ва форс тилларининг моҳиятини чуқур ўрганган ва ўз асарларида аниқ мисоллар орқали туркий тилнинг луғат бойлиги ва поэтик қудратини яққол кўрсатиб бера олган.

– “Муҳокаматул-луғатайн”ни қозоқ тилига таржимаси борасида энг нодир “Сулаймония” фондидаги қўлёзмалардан фойдаландим, – дейди шарқшунос Торали Қидир. – Навоий асарлари илк бор қозоқ тилига таржима қилинди ва ҳар бир бўлимларини изоҳлар билан беришга ҳаракат қилдик. Албатта, бу келгусида навоийшуносларга, тилчиларга, талабаларга катта манба бўлиб хизмат қилади.

“Ғазаллар” тўпламига Навоийнинг танланган ғазаллари туркий халқлар тилларида – озарбайжон, бошқирд, қозоқ, қорақалпоқ, қрим-татар, қирғиз, саха, татар, туркман, ўзбек ва уйғур тилларида берилган. Қозоғистоннинг “Ғылым” (“Илм”) нашриёти томонидан 1000 нусхада чоп этилган ушбу китоб Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али томонидан тузилган.

Шубҳасиз, буюк шоирнинг ёрқин асарлари икки қардош мамлакат ўртасидаги адабий алоқаларнинг олтин кўпригига айланади.

Мазкур тадбирда Халқаро Турк академияси президенти Дархан Қидирали, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сотиболди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Мухтор Авезов номидаги Адабиёт ва санъат институти директори Кенжехан Матижанов, “Қолжазба және фольклортану” (“Қўлёзмалар ва фольклор”) илмий-инновацион маркази директори Торали Қидир, Ўзбекистон расмий вакиллари, шунингдек, қозоқ ва ўзбек зиёлилари иштирок этди.

Тадбир доирасида Қозоқбой Йўлдошевга Абайнинг “Тарбия сўзлари” китобини ўзбек тилига таржима қилгани ва нашр этилишига ҳисса қўшгани учун, Муҳаммад Алига Навоийнинг “Ғазаллар” номли китобини тузгани учун Халқаро Турк академиясининг Кумуш медали билан тақдирланди.

Анжуман якунида меҳмонларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,

журналист