Шарқ мумтоз шеърияти, жумладан, ўзбек мумтоз лирикаси бадиий санъатларининг кўплиги билан ҳам ўзига хос услуб жилоларига эга. Агар биз бу ҳақда поэтикага оид бўлган Хоразм адабий муҳитининг йирик назариётчи олими Рашидиддин Вотвотнинг “Ҳадойиқ ус-сеҳр”, Мирзо Улуғбек маданий юксалиш даври ўзбек адабиётининг машҳур олими Шайх Аҳмад Тарозийнинг “Фунун ул-балоға” ва Алишер Навоийнинг замондоши Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг “Бадойиъу-с-санойиъ” асарлари ҳамда Тўрақул Зеҳнийнинг “Санъати сухан”, Алибек Рустамовнинг “Навоийнинг бадиий маҳорати”, Ёқубжон Исоқовнинг “Сўз санъати сўзлиги”, Ваҳоб Раҳмоновнинг “Бадиий санъатлар” китобларида ва “Адабиётшунослик терминлари луғати”да айтилган илмий ва назарий фикрларга ва келтирилган тамсилларга таянадиган бўлсак, уларда 100 дан ортиқ шеърий санъатлар бор эканлиги айтилган.

Биз ушбу мақолада ёритмоқчи бўлган риторик мурожаат шеърий санъати борасида ҳам юқорида зикр қилинган ўтмиш ва давримиз олимларининг ёзган илмий-назарий характердаги китобларида маълумотлар, фикрлар, изоҳлар айтилган. Ўрганишимизга кўра, риторик мурожаат санъати кўриниши ҳамда баён қилиш услубига кўра, халқона, сўзлашув услубига яқин бўлиб, унинг мазмун ва моҳиятида ижодкорнинг бадиий-эстетик тафаккури, ҳис-туйғулари, фалсафий фикрлари, баёноти, муаллифлик ҳуқуқи масаласи каби жиҳатлар аниқ ва очиқ тарзда ифодаланади. “Риторик мурожаат – нидо ва хитоб тарзидаги мурожаат, стилистик усуллардан бири. Риторик мурожаат ҳам риторик сўроқ сингари шеърий ритмик нутқда интонацияни кучайтиришга хизмат қилади.” Ёки навоийшунос олим Ёқубжон Исоқовнинг мазкур санъат ҳақидаги фикрларига мурожаат қилсак: “Риторик мурожаат – қадимги даврларда (Юнон-Рим) нотиқлик санъатининг муҳим жиҳатларидан бири бўлган. Риторик мурожаат бадиий адабиётда услубнинг ҳиссийлигини таъминловчи омиллардан бирига айланган.

Риторик мурожаат моҳияти, услубий жилолари шоирнинг мақсади ва мурожаат доирасининг (Аллоҳдан тортиб турли мавқедаги муайян шахслар ва ҳ.к.) табиати билан боғлиқ ҳолда, хилма-хил бўлиши мумкин. Тўғридан-тўғри тингловчига қаратилган нидо, хитоб тарзидаги поэтик мурожаатларни барча замон ва барча миллий шеъриятда учратиш мумкин.

Тўғри, устоз Ё.Исҳоқов мумтоз лирикамизнинг ушбу гўзал шеърий санъатини Юнон-Рим нотиқлик санъати билан боғлаган, аммо Шарқда ҳам нотиқлик санъати юксак даражада ривожланган ва алоҳида фан сифатида мадраса каби таълим масканларида ўқитилганини ҳисобга олсак ва шу маънода қарайдиган бўлсак, риторик мурожаат санъатининг генезиси, илдизлари кўҳна Шарқда мавжуд бўлган нотиқлик санъати билан чамбарчас боғлиқ. Мазкур санъатни кўплаб ижодкорларнинг лирикасида маҳорат билан қўлланганининг гувоҳи бўламиз, аммо “олий ва “навоиёна услуб” га хос шеърий санъатлар қаторида риторик мурожаат санъати ҳам ўзига хос мавқега эга. Алишер Навоий ўзининг барча лирик меросида – хоҳ “Хазойин ул-маоний”, хоҳ “Девони Фоний” ёки “Хамса” ёки ўзбек-форсий тилида битган қасидалари бўладими, барчасида мазкур санъатдан ҳам самарали, ҳам санъаткорлик билан фойдаланганини кўрамиз. Аммо биз бу мақолада кўпроқ риторик мурожаатни буюк хамсанависнинг “Фарҳод ва Ширин” достони мисолида ўрганишга ҳаракат қилдик.

Умуман олганда, Алишер Навоий ўз лирикасида ҳам, “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳам юксак маҳорат билан қўллаган риторик мурожаат санъатини икки турга тасниф қилиб ўрганиш мақсадга мувофиқдир:

  1. Алишер Навоий қўллаган Оллоҳ, Ё Раб, фалак, соқий, муғанний, сабо, шаббода, ел, насим, ошиқ, маъшуқа, рақиб, Аторуд (Уторид, Тир) каби анъанавий характердаги риторик мурожаатлар;
  2. Алишер Навоий ўзи яратган, яъни “олий ва навоиёна” услубга хос бўлган Қаро кўзим, Суруш, Ҳотиф (фаришталар), сўз, қалам, килк, сиёҳдон, дунё, олам, жаҳон, гардун, нигоро, маҳвашо, кўз ёш, ажал, ғам, ишқ, Навоий, Фоний сингари янгича талқиндаги поэтик мурожаатлар.

Агар улуғ шоир яратган риторик мурожаатларнинг қўлланиши ва жойлашган ўрни борасида тўхталадиган бўлсак, биринчидан, улар мисра ёки байтлар матнида доимо турғун ҳолда келмайди, балки мисра, байтларнинг бошида, ўртасида ва охирида келса, иккинчидан, риторик мурожаатлар тузилишига кўра, содда – бир жумла, сўз ёки мураккаб –сўз бирикмаси, гап шаклида бўлади, учинчидан, муаллиф матнда деди феълини қўллаши мумкин, тўртинчидан эса айрим риторик мурожаатлар тўғридан-тўғри ё интоқ санъати ёрдамида Навоийнинг ўзига мурожаат, хитоб қилган поэтик тасвирлар ҳам бор. Масалан, “Фарҳод ва Ширин” достонида файзли илҳомий онлар сўраб, даҳо шоирнинг ўзи Суруш, Ҳотиф каби фаришталарга риторик мурожаат қилиб мисралар битган бўлса ва ўз навбатида эса Навоий маҳорат билан қўллаган поэтик усул воситасида ушбу фаришталар ҳам улуғ шоирнинг ўзига риторик мурожаат қилиб, гўё унинг ижодига ёрдам бергандек бўлади ва Навоийни тинчлантиради, ботин ва зоҳиридаги ғубор, васваса, савдолардан халос бўлишига ҳамда “Хамса”нинг иккинчи достонини ёзишига мададкорлик қилади. Худди шу усулдаги каби риторик мурожаатлар “Садди Искандарий”да ҳам мавжуд.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Навоийнинг ўзбек ва форс тилида битган 3200 дан ортиқ ғазаллари мақтасида ўзига қарата айтган Эй Навоий, Навоий, Фоний каби риторик мурожаатлари том маънода риторик мурожаат санъатининг янги турларидир ва уларда улуғ шоирнинг сўз муддаоси ва баёнати, норозилик нотаси, хитобларидан ташқари, асар ё ғазаллар фақат Алишер Навоийнинг қаламига мансуб эканлигини кўрсатувчи, яъни муаллифлик ҳуқуқини таъминлаб берувчи муҳим восита, далиллардан бири ҳисобланади.

Умуман олганда, риторик мурожаат бадиий санъатининг ҳар иккала тури ҳам Алишер Навоийнинг сўз муддаосини, ният, истагини ҳаётнинг маълум бир бадиий талқинларини, ижтимоий-фалсафий, таълим-тарбиявий, дидактик қарашлари, дарду бало ифодаси бўлган оғриқли нуқталарининг таъсирли, ҳисли, завқли, ўқишли чиқишига катта хизмат қилган. Фикрларимиз исботи учун у маҳорат билан топиб қўллаган риторик мурожаат санъатининг баъзиларини шарҳлашга ҳаракат қиламиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, машҳур Қаро кўзим риторик мурожаати устоз Ё.Исҳоқов томонидан тадқиқ қилинган, шунинг учун биз бу ўринда эслатма тарзда риторик мурожаат қўлланган ғазал матласини келтириш билан кифояланамиз ҳамда қўшимча изоҳ сифатида эса унинг матланинг биринчи мисрасининг бошида келганлиги ва сўз бирикмаси шаклида ифодаланган мураккаб турдаги риторик мурожаат эканлигини айтиб ўтамиз, холос:

Қаро кўзум, келу мардумлуғ эмди фан қилғил!

Кўзум қаросида мардум каби ватан қилғил!..

Эй сабо, сабо, насим, ел, шаббода Алишер Навоий лирикасида қўлланган анъанавий характердаги риторик мурожаат санъати бўлиб, уни шоир мисра ва байтларда усталик билан ишлатган, чунки эй сабо, сабо, насим, ел, шаббодага айтган риторик мурожаатга биз фақат лирик шеърлар матнидагина эмас, балки маснавийда битилган “Хамса” достонларининг бош қаҳрамонлари нутқида ҳам дуч келамиз. Масалан, кўнгли ҳажр тошидан синиққан Фарҳод тонгда сабога мурожаат қилиб, у орқали, ота-онасига, устози Мулкорога саломлар йўллар экан, унда ўзининг аянчли аҳволини ҳам баён қилган. Фарҳоднинг бу риторик мурожаатини қайсидир маънода унинг видолашув нутқи деб айтишимиз ҳам мумин. Демак, Навоий сабога мурожаат орқали асарда, “Анга фарзона Фарҳод исмини қўйди, Ҳуруфи маэхазин беш қисм қўйди”, деб таништирган бош қаҳрамонининг ички руҳиятини соғинч-саломини, ҳижронини ва унинг инсонийлик қиёфасини, одамийлик шаънини маҳорат билан кўрсатиб беришга ҳаракат қилган.

Достонда Ширин тилидан Фарҳодга айтилган Эй зори ғарибим риторик мурожаати ҳам жуда таъсирли чиққан:

Недур аҳволинг, эй зори ғарибим,

Висолим давлатидин бенасибим! (369)

Ёки, “Қилай Мажнун киби кўнглимни холи”, дея Фарҳод тилидан Ширинга қарата айтилган, Нигора, маҳвашо, иффатпаноҳо, Жаҳон маҳвашлариғо подшоҳо каби риторик мурожаатлари ҳам ҳаяжонли чиқиш билан бирга тўртта сифатлашлар санаш оҳангида уюшиқ ҳолда ҳам келган. Мазкур байтнинг бошдан-охир тўлиқ риторик мурожаат саънатига қурилгани эса таҳсинга лойиқ:

Нигора, маҳвашо, иффатпаноҳо,

Жаҳон маҳвашлариғо подшоҳо!

Ўрганишимизга кўра, Навоий қўллаган риторик мурожаатлардан энг таъсирлиси ижод аҳли ҳомийси бўлган Аторуд сайёрасига қилган риторик мурожаатларидир. Аторуд (Уторид, Тир) – Меркурий сайёрасининг Мусулмон Шарқидаги номи. Шарқ мифолигиясида Аторуд ижодкорлар, қалам аҳлларининг ҳомийси ҳисобланади. Маълумки, Навоийгача яшаб ўтган барча қалам аҳли бу сайёрани рамзий маънода ўзларнинг ҳомийси деб билишган, шу сабабли ижодларининг унумли, самарали, файзли бўлиши учун Аторуд сайёрасига ҳам риторик мурожаат қилиб, кўплаб байтлар, мисралар битишган. Аторуд баъзи манбаларда осмон котиби, само муншийси деб ҳам айтилган. Бахти ухлаган Фарҳод Аторуд – Тирга деди феъли билан Ки-эй дўстлар ҳолин рақамзан,дея осмонга қараб шундай таъсирли риторик мурожаат этган:

 

Солур эрди назар кўкларга бир-бир –

Ки, ногоҳ кўзларига учради Тир.

Деди: Ки-эй дўстлар ҳолин рақамзан,

Сипеҳр авроқида доим қаламзан.

Қароғим айласанг нетгай сиёҳи,

Битисанг ҳолатим шарҳин камоҳи.

Қачон нур ул қуёш тобидин олсанг,

Қошиға чирмабон номамни солсанг.

 

Навоий маҳорат билан қўллаган ўзига хос риторик мурожаатларидан бири фаришта Сурушдир. Бу фаришта ҳам ижодкорлар ҳомийси ҳисобланади. Ўрганишимизга кўра, мазкур мурожаатнинг генезиси муштарак характердаги китоб “Авесто”га бориб тақалади. Навоий мазкур фариштага мурожаат қилиб, узундан-узоқ байтлар битган. Айниқса, “Хамса”нинг сўнгги достони “Садди Искандарий”ни якунлашга қийналган. Мана шу ижодий зўриқиш, қийноқларининг баёнини, поэтик талқинини Навоий фаришта Сурушга қилган риторик мурожаатларида жуда таъсирли ифодалаган. Ўз навбатида фаришта Суруш ҳам Навоийга риторик мурожаат қилади ва гўё муаллифни тинчлантиради ва ғайрат билан ижод қилишига ундайди. Риторик мурожаатнинг бундай бетакрор кўринишини “Хамса”нинг иккинчи достони “Фарҳод ва Ширин”да ўқиймиз. Суруш –хабар келтирувчи фаришта, дастлаб муштарак ёдгорлик “Авесто” да учрайди. Навоийнинг “Хамса” достонлари сюжетида илоҳий хабарларни, нидоларни асарнинг бош қаҳрамонларига фаришта Суруш келтиради, деган йигирмага яқин тасвир ва поэтик лавҳаларни ўқишимиз мумкин.

Навоийнинг достонда ёзишича, шоҳ Искандарга ҳам Суруш бир неча марта илоҳий, илҳомий тилаклар, ҳукмдорлар фаолияти, яъни мулк иши билан боғлиқ хабарлар келтиради:

 

Скандарга бу мужда берди Суруш

Ки,”эй одамизод беҳуда кўш!

Ҳамул ерга еттингки, ком айладинг,

Ҳусулида йиллар хиром айладинг.

Навоий “Садди Искандарий”ни ёзишга киришишда, ўзида мавжуд бўлган ҳиммати ва ижодий қуваттига нисбатан иккиланиб турганда, Сурушдан нидо келадики, бу эса шоирга ғайрат, ижодий руҳ, кўтаринки кайфият бағишлайди. Бу ажиб, интизорлик билан кутилган ижодий ҳолатни шоир ўзи ижод қилган “панжамға ҳасрат била боқибон”,”панжамға ул панжани қоқибон”каби психологик паралелизмлар ёрдамида баён қилади:

Десам тарк этай,қўймайин ҳимматим,

Десам зўр этай,етмайин қувватим.

Чу панжамға ҳасрат била боқибон,

Бу панжамға ул панжани қоқибон.

Бу андиша мендин олиб ақлу ҳуш

Ки,ногоҳ нидо қилди фаррух Суруш.

Ки:”Эй ғарқаи баҳри ажзу ниёз,

Бўла олмағон дардингға чора соз!

Етишгил қўпуб пир даргоҳиға,

Таважжуҳ қилиб жоми огоҳиға.

Анинг ботинидин тила ёрлиқ,

Бийик ҳимматидин мададкорлиғ.

Ки,қуфлким фатҳидур нопадид,

Анга бор эранлар дуоси калид”.

Ушбу келтирилган воқеабанд мисралардан аёнки, шоирга фаришта Суруш ҳожатинг устозинг Жомий даргоҳидадир. Ички руҳий қуввватни унинг ботинидан, ҳимматни эса унинг зоҳирий мададидан топасан, яъни фатҳ калитинг Жомий каби орифларнинг дуоси билан очилади, деган ҳайратли ва шоир тайёргарлик билан узоқ кутган илоҳий, ирфоний хабарни беради. Фаришта Суруш образини Навоий “Занд” каби китоблардан яхши ўқиб ўзлаштиргани боис, мазкур тимсолга унинг эътибори, қизиқиши баланд бўлган. Аммо Муҳаммад с.а.в. билан боғлиқ Меърож тасвирларидаги хабарларда эса шоир маҳорат билан Жаброил а.с. образини тақдим этган:

Келиб ҳосилаи Жаброили амин,

Етиб турфа товуси хулди барин.

Навоий яратган риторик мурожаат саъатининг энг таъсирлиси Оллоҳга тўла кўнгилга, кўнгил уйига, кўнгил мулкига қилган риторик мурожаатларидир.

Истасангким, ул қуёш чиққач санга қилғай тулуъ,

Эй кўнгул, ғам сайли етгач, тоғдек тутқил сабот.

Ишқинг ўтин гар Навоий десаким айлай рақам,

Сўзидин куяр қалам, қурур қора, эрир давот.

Кўриниб турибдики, Навоий ушбу риторик мурожаатида даҳо шоир сўзида қаламнинг куйиши, сиёҳнинг қуриб қолиши, давотнинг эриб кетиши каби муболаға санъатидан ҳам унумли фойдаланган ва бошига ғам тушган инсонларни саботли бўлишга чақирган.

Улуғ шоирнинг ўзига қилган риторик мурожаатининг бир таъсирли намунасини “Фарҳод ва Ширин” достонида ўқиймиз, унда Навоийнинг ўз ҳаддингни билгил, деган хитоби ифодаланган ва бу хитобдан мақсад ва муддаонинг сабабини у 14 байтда тушунтириб берган.

 

Навоий, хомадек тортиб узун тил,

Не дерсен, охир ўз ҳаддингни билгил.

Айниқса, Гар ортуқ сўз дедим: Астағфуруллоғ, деб доим огоҳ юрган улуғ Навоий битган риторик мурожаатларида навоийона услубга хос бир жиҳати борки, бошқа шоирлар қўллаган риторик мурожаатларнинг мазмун ва моҳиятида деярли кўринмайди. Бу, унинг норозилик нотаси, баёнати битилган риторик мурожаатлардир.

Навоий асар қаҳрамонларининг руҳият тасвирини тасвирлаган чизгиларда бир туркум риторик мурожаатларни усталик билан қўллаган. Агар достоннинг яна бир лавҳасига эътибор қилсак, унда эй чархи заркор, эй балият қаҳрамони, эй тиғи ғам, эй чархи кинхоҳ, эй андуҳ тоши, эй ғам, эй ажал, эй ишқ, эй фалак, ҳижрон ғами, эй ёш каби ўндан ортиқ содда ва мураккаб турдаги риторик мурожаатлар воситасида Фарҳоднинг ўлими олдидан кўнглида кечган дард, ишқ ўтининг туғёнларини, нола ва ҳижрон туйғуларини тасвирлаган. Биринчидан, достон сюжетнинг ниҳоятда таъсирли поэтик лавҳаси бўлгани учун, иккинчидан эса таҳлилда ва талқинларимизда маълум бир узилиш ва фикрда тарқоқлик бўлмаслиги учун мазкур бадиий лавҳани тўлиқ беришга ҳаракат қилдик. Чунончи:

Эй чарҳи заркор:

Дебон бошимни ёнч, эй чархи заркор,

Ким, ул эрмас букундин нори даркор.

Эй балият қаҳрамони:

Кўзум ўй, эй балият қаҳрамони

Ким, ул кўрмас бу кундин сўнгра они.

Эй тиғи ғам:

Тилим, эй тиғи ғам, кес бетаваҳҳум

Ким, эмди истамон ондин такаллум.

Эй чархи кинхоҳ:

Дамим йўлини тут, эй чархи кинхоҳ

Хулоса шуки, риторик мурожаат санъати Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин”да энг кўп қўллаган шеърий санъатлардан биридир. Биринчидан, хамсанавис достоннинг бош қаҳрамонлари ва персонажларнинг руҳият тасвирини, ижтимоий мавқеини, ҳолатини тасвирлаш бўлса, иккинчидан, даҳо шоир анъанавий ва ўзига хос навоиёна услубга хос риторик мурожаатлардан маҳоратли фойдаланган. Демак, мазкур шеърий санъат шоирнинг поэтик маҳоратидан дарак берувчи халқона услубдаги муҳим бадиий воситалардан биридир.

Буробия РАДЖАБОВА,

Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори

институти етакчи илмий ходими,

филология фанлари номзоди