Биринчи ҳолатда Фарғона водийси магистраль каналлардан фойдаланиш бошқармасининг 2-Шаҳрихон бўлими 3-гидроучасткаси бошлиғи чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога Катта Фарғона канали ҳимоя ҳудудидаги 30 сотих ер майдонини ижара асосида расмийлаштириб бериш эвазига 40,5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
У олдиндан 20 минг доллар олган вақтида Андижон вилоятида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тергов давомида мазкур ноқонуний ишга бошқарманинг яна бир бўлим бошлиғи алоқадор экани аниқланиб, у 20 минг доллардан 3 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.
Шунингдек, ушбу ер майдонидан ижара асосида фойдаланиб келаётган гидроучастка ходими ҳам ерни бериш учун 19 минг АҚШ доллари талаб қилгани маълум бўлиб, ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Иккинчи ҳолат Олтинкўл туманида қайд этилган. Унда таълим муассасаси директори хизмат мавқеидан фойдаланиб, муассаса ҳудудидаги 1,1 гектар ер майдони бўйича келишув шартномасини тасдиқлаб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Қайд этилишича, мазкур ер майдони хусусий автомактаб томонидан аукцион орқали ютиб олинган бўлган. Директор олдиндан 10 минг доллар олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.