– Қарийб 50 йилдан буён фаолият юритаётган Сиэтл-Тошкент биродарлик шаҳарлари уюшмаси не-не фидойи инсонлар изланишлари ва меҳнати эвазига пайдо бўлган. У собиқ иттифоқ даврида ташкил топди ва ўз муносабатларида ўзбек тилини, миллий қадриятларимизни эркин равишда тарғиб ҳамда ташвиқ қилди. Шундай эмасми?

– Тўғри. Ўша даврдаги муҳитнинг нозиклиги, миллатимизга ва тилимизга бўлган паст қарашлар авжга чиққанига қарамай, Сиэтл шаҳрида ўзбек тили ва қадриятлари, санъати, маданиятини қадрлайдиган бир уюшманинг борлиги жуда катта воқеа эди. Яъни 1973 йилда мазкур уюшма миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил топган. Қолаверса, Сиэтлдаги Вашингтон университетида дунёга танилган бир кафедра Россия, Шарқий Европа, Марказий Осиё тадқиқотлар маркази деб номланади. Ушбу кафедра тадқиқотчилари ва талабаларининг уюшмамиз фаолиятидаги ўрни жуда катта бўлган. Айниқса, кафедра ўқитувчиси Ильза хонимнинг Ўзбекистонга бўлган меҳру муҳаббати тилларда достон бўлган. Ўзи Германияда туғилган бўлса-да, бу аёл турк тилларини жуда яхши кўрган. Марказий Осиёга бўлган сафарларининг бирида Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган. Бу юртнинг табиати, одамлари ва миллий қадриятларини кўриб, дунёда шундай бебаҳо маданий меросга эга бўлган заминдан ниҳоятда ҳайратланган. Талабаларини ҳам бу афсонавий мамлакатга олиб боришдан, унинг қадриятлари ва анъаналарини тарғиб қилишдан чарчамаган. Биз айни пайтда ушбу кафедра билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Америкада туғилиб она тилини яхши билмай улғаяётган фарзандларимизга ўзбек тилини, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни ўргатишда ҳамкорликдаги ўқув курсларини ташкил қилганмиз.

2003-2008 йилда Вашингтонда йўл қурилиши бўйича ишлайдиган илмий марказда ишлаганман. Ўша жараёнда Американинг барча штатларига боришга тўғри келар эди. “Қаердансан?” деб сўрашса, “ўзбекистонликман” деб жавоб берганимда деярли ҳеч ким мени танимас эди. Шу боис, Ўзбекистонни танитиш учун бор куч-ғайратим билан ишлашга аҳд қилганман. Уюшмамизнинг барча тадбирларида фаол иштирок этар эдим. Шукрким, ҳозир уюшмамизга атрофимиздаги кўплаб жамиятлар ҳавас билан қарашади. Мана, яқинда дунёдаги машҳур “Aramcoworld” журналининг таниқли журналистлари бизнинг уюшмамиз ишларини ўрганишди. Ҳатто Тошкентга ҳам бориб, олти ой давомида ҳамкорлигимиз бўйича лойиҳалар асосида 16 саҳифали мақола тайёрлашди.

– Сиз Сиэтлда ташкил этилган ўзбек маҳалласи раиси сифатида унинг ўзига хос муҳитини тиклашда нималарга эътибор қаратдингиз?

Биз Сиэтлга кўчиб келган пайтларимизда ўзбек оилалари саноқли эди. Ҳозирги кунда эса 250 та оила бор. Ҳаммамиз ўзбек маҳалласида катта бўлганмиз. Бу ерга келганимизда ўзи билан ўзи овора ишбилармон инсонларнинг меҳр-оқибатсиз ҳаёти бизга жуда эриш туюлди. Шу боис, дастлаб бир-биримизни қўллаб-қувватлаш, тез-тез дийдорлашиб туриш мақсадида тўплана бошладик. Биргаликда палов пишириш ва ўзбек тилида маза қилиб гурунглашиш жараёнида давраларимиз ўз-ўзидан кенгая бошлади. 2015 йилда ўзбек маҳалласини ташкил этишга қарор қилдик. Миллий байрамларимизга авваллари 70-80 та киши иштирок этган бўлса, ҳозир 300-400 тагача одам тўпланиб, атрофга сиғмай кетади. Ҳаттоки миллати бошқа америкаликлар ҳам миллий таомларимизни, кийимларимизни ва рақсларимизни жуда яхши кўришади. Ҳашарларимиздан бизга қўшилиб завқланишади. Шуниси эътиборлики, маҳалламиз аъзолари бир кўчадагина яшайдиган ўзбеклардангина иборат эмас, Сиэтл шаҳрининг турли кўчаларида яшайдиган барча ўзбекларни қамраб олишга ҳаракат қилганмиз.

– Мутахассисларнинг кузатишича, Америкага келганларнинг аксарияти 5-6 йилдан кейин ўз тилини унута бошлайди. Шу ернинг ўзида туғилиб, бошқа тилда тили чиққан болалар орасида “ўзбек тили ота-бобомнинг тили, бу ерда менга кўпроқ хориж тилини ўрганишим муҳимроқ”, деган фикрда яшайдиганлари ҳам бор экан...

Бу каби мулоҳазаларни эшитганимда юрагим оғрийди. Чиндан ҳам тилимизга бўлган муносабатлар қувонарли даражада эмас эди. Лекин кейинги 3-4 йил ичида Ўзбекистонда бўлаётган улкан ўзгаришлар маҳалламиздаги ўзбеклар руҳиятига ҳам ўзгача таъсир қила бошлади. Ўзбек тилини, миллий қадриятларимизни ҳавас қилиб ўрганадиган ёшларимиз анчагина кўпайиб қолди. Қолаверса, Вашингтон университетидаги Россия, Шарқий Европа, Марказий Осиё тадқиқотлар маркази тадқиқотчилари, ўқитувчилари ва талабалари билан шартнома тузганмиз. Улар ҳафтанинг белгиланган кунларида маҳалламиз ёшлари учун ўзбек тили ва миллий қадриятларимизга асосланган дарсларни мунтазам олиб боришади.

Шунингдек, Ўзбекистондаги тилшунослар ва таниқли шоир ва ёзувчилар билан ҳам алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қиляпмиз.

Яқинда ана шу жараён ҳақида суҳбатлашиб ўтирган эдик, маҳалламизда истиқомат қилувчи Жавоҳир ота бир воқеани гапириб берди. Набираси Саидбек бобосининг саъй-ҳаракатларига қарамай, оилада ҳамиша инглиз тилида гапиришга ҳаракат қилар, унга ўзбек тилида мурожаат қилганларга эса умуман жавоб қайтармас экан. Унинг бу қайсарлигини ҳазилга йўйиб, “Бизнинг набираларимиздан фарқимиз шуки, биз сомсани яхши кўрамиз, улар эса пиццани”, дея кулгига олиб гапириб юрибди. Кейинчалик эса тарбия масаласи жиддий эътиборни ва вақтни талаб қилишини тушуниб, таътилга чиққан пайтида Жавоҳир ота шу набирасини Ўзбекистонга олиб борибди. Хива, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Қўқон каби шаҳарларни кўрсатиб, тарихимиз ҳақида ҳам кўплаб ҳикояларни сўзлаб берибди. Ана шу саёҳатдан сўнг набираси ўзбек тилида гапира бошлабди. Ҳатто гап орасида: “Бобожон, бизнинг шундай ажойиб гўзал юртимиз, бубк ота-боболаримиз, тарихимиз бор, биз, албатта, Ўзбекистонга қайтишимиз, ўз Ватанимизда яшашимиз керак”, дебди. Бу гапларни эшитган Жавоҳир ота йиғлаб юборибди. Ҳа, биз янги авлод билан эҳтиёт бўлиб муомала қилишимиз, уларга ўз тарихимиз, она тилимиз ҳақида кўпроқ айтиб беришимиз керак.

Жорий йилда Ўзбекистонда Алишер Навоийнинг 580 йиллиги кенг нишонланди. АҚШда бу борада қандай тадбирлар ва адабий учрашувлар ташкил этилди? Умуман, америкаликларнинг Навоий ижодига бўлган муносабати қандай?

Ҳар йили Алишер Навоий бобомиз туғилган кунни ўзгача тайёргарлик билан қарши оламиз. Уюшмамизнинг маънавият хонасига “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш...”, дея бошланувчи рубоийни катта-катта ҳарфлар билан ҳам ўзбекча, ҳам инглизчада ёзиб қўйганмиз. Мушоираларда ҳам Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фурқат ва Машраб каби шоирларимиз ижодига алоҳида тўхталиб ўтамиз. Мутафаккир бобомиз таваллудининг 580 йиллигини ҳам ўзига хос тарзда нишонлашга ҳаракат қилдик. Биз ташкил этган адабиёт байрамида ҳатто бошқа миллат вакиллари ҳам астойдил иштирок этишди. Айниқса, “Қаро кўзим” янграй бошлаганида кўзларимизга ёш қалқиди. Мақомларимиз бизнинг ноёб меросимиздир. Ҳозир ушбу меросимизга жиддий эътибор қаратилиб, халқаро мақом фестиваллари ўтказилаётгани, Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа институти ташкил этилгани ҳам бизни жуда хурсанд қилди.

– Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор сиз каби кўплаб ватандошларимизга кўтаринки кайфият бағишлаганига гувоҳ бўлдик. Қарорда белгиланган вазифалар шу кунгача мавжуд кўплаб муаммоларга барҳам берадими?

– Нимасини айтасиз! Қарор эълон қилинган куни ватандошлар барчамиз бир-биримизга телефон қилиб, ўз қувончимизни, табрикларимизни изҳор қилдик. Гарчи биз неча йиллардан буён туғилган юртимиздан олисда яшаётган бўлсак-да, бирон кун йўқки, Ўзбекистонни ўйламаган, соғинмаган бўлсак... Ўзбекистон Президенти АҚШга ташриф буюрганида ҳам қанчалар хурсанд бўлган, кўнглимиз етти осмон қадар кўтарилган эди. У кишининг самимий суҳбати, бизларга юксак ишонч билдиргани ҳануз кўз ўнгимизда. Ўша ташрифдан сўнг ҳамкорлигимиз ва ҳамжиҳатлигимизни мустаҳкамловчи бир неча хайрли шартномалар тузилди.

“Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор билан эса йўлларимиз янада кенгроқ очилди. Яқинда телекўприк уюштирдик. Ўзбек маҳалласида яшовчи ватандошларимиздан ҳамкорлик бўйича 120 та таклиф ва мулоҳаза тушди. Уларнинг аксарияти таълим, бизнес ва қонунчилик йўналишида. Сиэтлда дунёга машҳур бизнес майдони мавжуд. “Майкрософт”, “Боинг”, “Амазон”, “Старбакс” каби компаниялар Ўзбекистон бозорига киришни, туризмга алоқаси бор компаниялар билан ҳамкорлик қилишни истайди.

Ушбу қарорда кўп жабҳалар қамраб олингани қувонарлидир. Айниқса, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва уларни белгиланган тартибда моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги бандлар мавжудлиги кўнглимизга равшанлик ва хотиржамлик бағишлади.

Ўтган йиллар давомида жонажон юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини тарғиб қилиш ва оммалаштириш борасида қандай лойиҳалар амалга оширилди?

– Суҳбатимиз аввалида таъкидлаганимдек, мен иш юзасидан Американинг 50 та штатига борганман. Шундай катта давлатда рақс санъати деярли ривожланмаган. Шунинг учун бўлса керак, америкаликлар ўзбек рақс санъатига жуда катта қизиқиш билан қарашади. Қўшним Жозеф ҳар сафар тадбирларимизда иштирок этиб, Бухоро, Тошкент, Самарқанд, Хоразм рақс санъати мактабига оид рақсларни томоша қилганида: “Санъати, маданияти қанчалар юксак давлатингиз бор-а! Ҳар бир шаҳар, вилоятларининг ўзига хос кийими, санъати мавжуд!” дея ҳайратланади. Байрам тадбирларимизга япониялик раққоса Эмика Накамуре хоним бошчилик қилади. Ўзбек халқининг маданиятини рақсларимиз орқали кўрсатиб беришга интиламиз. Эмика хонимни устози Вашингтон университети профессори Эсахоним Сертатус бундан 30 йил олдин Ўзбекистонга рақс ўрганиб келиши учун жўнатган. “Сен шарқ қизисан, ўзбекларга ўхшаб кетасан. Улар санъатни жуда севадиган маданияти бой халқ. Бетакрор рақсларни астойдил ўрган”, дея тайинлайди. Эмика хоним Ўзбекистонга бориб рақс маликаси Мукаррама Турғунбоева, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг хонадонларида туриб устоз санъаткорларимиз Уста Олим Комилов ва Тамарахонимлардан миллий рақсларимизни жуда катта муҳаббат билан ўрганган.

Яқинда маҳалламизда “Алла – сеҳрли қўшиқ” танловини ўтказдик. Маҳалламиздаги Ҳалимахон ая ўзи бош бўлиб 16-17 ёшли иштирокчи қизларимизга алла айтишни ўргатди. Ғолиблар эълон қилинганида ая кўз ёшларини тийиб туролмади, “Ягона орзуим она юртимда айтишдир”, деганида томоғимга нимадир тиқилгандек бўлди. Ҳа, вақт ўтгани сайин киндик қонинг тўкилган тупроқни янада кўпроқ қўмсар экансан...

 Сиэтлдаги мавжуд туризм компанияларининг барчаси концертларимиз ва тадбирларимизда катта қизиқиш билан иштирок этишади. Улар ҳар йили Ўзбекистонга 3 мингдан зиёд сайёҳни жалб қилаётгани бизни ҳам қувонтиради.

– Чиндан ҳам аллани тинглаган чоғимизда ўзлигимиз билан боғлиқ энг ичкин туйғуларимиз жунбушга келади. Сиз қайси қўшиқларимизни тинглаганингизда Ўзбекистонни соғинасиз?

– Мен Комилжон Отаниёзов, Юнус Ражабий, Таваккал Қодировларнинг қўшиқларини тинглаганимда Ўзбекистонни қанчалар қаттиқ соғинганимни, ич-ичимдан бир нола бостириб келаётганини ҳис қиламан. Чунки бу қўшиқларни ота-онам жуда яхши кўриб тинглашар эди. Бу қўшиқлар оҳангларида инсон таърифлай олмайдиган жуда катта сеҳрли куч бор. Санъатимиз аста-секин яна ўша сеҳрли уммонга қайтаётгани бизнинг бахтимиздир. Биз катта авлод сифатида ана шу ўлмас санъатимизнинг, маданиятимизнинг, она тилимизнинг қадрини бугунги авлодга етказа олишимиз, англата билишимиз керак. Акс ҳолда Американи ҳам, Ўзбекистонни ҳам сева олмайдиган манқурт авлод етишиб чиқиши мумкин. Аллоҳ бундай фалокатдан ҳамиша бизни асрасин!

– Ҳозирги кунда ёш авлод билан кекса авлод ўртасида кўринмас девор пайдо бўлган. Глобаллашув муҳити ёшларимизнинг сўзлашув услубига, кийиниш маданиятига жиддий таъсирини кўрсатмоқда. Бу ўзгариш, айниқса, хорижда тез намоён бўлса керак...

– Афсуски, ўша девор бор. Бизнинг энг асосий мақсадимиз авлодлар ўртасидаги муносабатларда олтин ўрталикни топа билишдир. Чойхонамизда, клубларимизда ва тўгаракларимизда авлодлар учрашувларини кўпроқ ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Фаол ёшлар иштирокида илмий ва ижодий семинарлар уюштиряпмиз. Масалан, Чикаго университети талабаси Азизжон Ғозиев билан маҳалламиз ёшларининг учрашувини ташкил қилдик. Бу учрашув иштирокчиларда жуда катта таассурот қолдирди. Азизжоннинг келажакдаги режалари, миллий қадриятларимизга бўлган эътибори ва она тилимизда ўқиган ғазалларини бир эшитсангиз эди...

Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтсам. Биз катталар ҳамиша ёшлар бизга сўзсиз қулоқ солишларини истаймиз. Бироқ бугунги кун ёшлари анчагина мустақил ва ўз фикрида собит турадиган йигит-қизлар эканини унутмайлик. Ахир ўзимиз ҳам ёшлигимизда ўз мақсадимизга эришиш учун курашганмиз. Қайсар ва инжиқ бўлганмиз-ку биз ҳам... Демак, уларни ҳам ўз вақтида тинглай олишимиз ва қўллаб-қувватлашимиз керак.

Қолаверса, Америкада болаларни боғчадан бошлаб миллий қадриятлар асосида эмас, демократия руҳида тарбиялашади. Таълим-тарбия ишлари Ўзбекистонникидан кескин фарқ қилади. Бу тарбиянинг эса ҳам яхши, ҳам ёмон жиҳати бор. Қўшниларим ва ўзимнинг фарзандларимни кузатиб ота-онага ҳурмат туйғуси сусайиб бораётганига амин бўлдим. Шу боис, болаларни таътилда Ўзбекистонга – бобоси ва бувисининг ёнига жўнатинглар, дея кўп тайинлайман.

Фарзанд ва набираларимиз миллий урф-одатларимизни, тўйларимизни кўриб улғайса, дейман. Ўз она тилимизда мазза қилиб сўзлашларини, мумтоз қўшиқларимизни ҳам роҳатланиб тинглашларини истайман.

Глобаллашув шароитида ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолаётган экан. Шу боис, тилимиз абадий сақланиб қолиши учун ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак. Хавотирларимиз, ташвишларимиз жуда ўринли. Ҳар бир оила бошлиғи ўзбекона руҳиятни сақлаб қолишга астойдил интилиши зарур. Агар ота-онанинг ўзида миллий руҳият, она тилига муҳаббат кучли бўлмаса, маҳалладаги ва мактабдаги жонкуярлик билан олиб борилган ишлар самарасиз бўлиб қолаверади. Мен барча ватандошларимга: “Бугунги авлодни бой бермайлик, тилимизни, динимизни, қадриятларимизни сақлаб қолайлик!” деб такрор-такрор айтган бўлар эдим.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди