Майин шабада гуллаган ўрик ва бодом ифорини димоққа элтади. Танга хуш ёқувчи қуёшнинг илиқ нурлари энди ниш ураётган куртакларга жон бағишлаб жилваланади. Майсалар кўкарган қир-адирларда қўзи­чоқларнинг маъраши эшитилади. Қиш бўйи кўкламни соғиниб кутган қишлоқ аҳоли­си баҳорги юмушларини бошлаб юборган. Дала-даштлар оппоқ либос кийгандек кўзни қамаштиради. Буларнинг барчаси дилларга баҳор ва Наврўз шукуҳини жойлайди.

Фарғона боғларида баҳор нафаси ана шундай ўзгача файзу тароват билан бошла­нади. Кейинги йилларда бу анъана янгича руҳ ва кўтаринкилик билан давом этмоқда. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Ўрик гуллаганда” ёшлар ижо­диёти фестивали бу борада янги имконият эшикларини очмоқда.

Табиат уйғониб, дов-дарахтлар куртак ёз­ган масканда ташкил этилган байрам баҳор сайилларига айланиб кетди. У узоқ-яқиндан келган меҳмонлар, ижодкор ёшлар ва нуро­нийларни бир мақсад йўлида бирлаштирди. Байрам дастурлари доирасида 100 дан ортиқ турли кўргазма намойиш этилди. Миллий ҳунармандчилик намуналари, халқ амалий санъати, рассомлар ижоди, халқ оғзаки ижо­диёти, китоблар ва либослар кўргазмаси ўтказилди. Халқ дасталари, маданият мар­казларининг ансамбллари ҳамда хушовоз хо­нандалар ижросидаги куй-қўшиқлар кўнгил­ларга баҳорий кайфият улашди. Баҳорнинг анъанавий таоми бўлган сумалак ва кўкатли ноз-неъматлар байрам дастурхонига ўзгача кўрк бағишлади.

— Наврўз асрлар давомида баҳор, эзгу­лик, меҳр-оқибат, меҳнат ва бунёдкорлик рамзи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутиб келади, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўрин­босари Шерзод Полвонов. — Ана шундай эзгу қадриятлар туфайли юртимизда аҳоли манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъ­минлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўл­лаб-қувватлаш, меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқи­лона фойдаланиш устувор вазифамизга айланди. Бу йилги фестиваль муборак Ра­мазон ойининг меҳр-саховат амалларига ҳамоҳанг тарзда ўтаётгани билан эътиборни тортади. Фестиваль доирасида меҳр-саховат анъаналари янада бардавом бўлиб, ҳар бир оила ва хонадонга баҳор шукуҳи, Наврўз та­ровати кириб бормоқда.

“Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлаш­дир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ушбу фестиваль доирасида ўқувчилар ўр­тасида баҳор мавзусидаги расмлар танлови ҳамда спорт беллашувлари ўтказилди.

Билолиддин Икромов Ўзбекистон тумани­даги 38-мактабнинг 6-синфида ўқийди. У фестиваль доирасидаги варрак учириш баҳслари­да тенгдошлари билан мусобақалашди.

— Фестивалда ўзим тайёрлаган варрак билан иштирок этдим, — дейди Билолид­дин. — Кенг майдон узра варрак учириш­нинг шукуҳи ўзгача бўларкан. Тайёрлаб келган варрагим энг юқори ва узоқ учган варраклар қаторидан жой олди. Энг муҳими, бошқа тенгдошларим билан дўстлашдим, варрак тайёрлаш борасида ўзаро фикрлаш­дик, билмаганларимизни ўргандик. Мақса­дим — космонавт бўлиб, коинотга чиқиш.

Табиат гўзалликларига йўғрилган боғлар қўйнида турфа расмлар чизаётган ёшларнинг ижод намуналари кўпчиликнинг эътиборини тортади. Оппоқ қоғозга қалам ва мойбўёқлар билан тасвирланаётган табиат манзаралари бир-бирини такрорламайди. Ҳар бир суратда ёш рассомларнинг дунёқараши ва ўй-фикр­лари мужассам. Ўрик гуллари, яшил майса­зорлар узра чопқиллаб бораётган беғубор болаларнинг қувонч-шодликларини ҳар бир ижодкор ўзига хос тарзда тасвирлагани эъти­бор ва эътирофга лойиқ.

— Фестивалда “Баҳор шукуҳи” номли расмлар тўпламини тайёрладим, — дейди Фурқат туманидаги 1-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Севинч Мақсудова. — Ҳар фасл­нинг ўз таровати, жозибаси бор. Аммо баҳор алоҳида ажралиб туради. Мактабда ўқиш билан бирга Фурқат туманидаги 12-бола­лар мусиқа ва санъат мактабининг рассом­лик-ҳайкалтарошлик тўгараги аъзосиман. Устозларим кўмагида она табиатнинг ўзига хос манзараларини тасвирлаш, уни асраб-авайлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва яшил олам гўзалликларини ижодий ишларим орқали кўрсатишга ҳаракат қилдим. Фести­валь доирасидаги тадбирларда назарий би­лимимни амалиёт билан уйғунлаштирдим, маҳоратимни оширдим. Бу мени янги мақсад ва ижодкорликка ундамоқда.

Фестиваль халқлар дўстлиги ва миллат­лараро тотувлик байрамига айланди. Унда вилоятда фаолият юритаётган миллий мада­ният марказлари вакиллари ҳамда хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этди.

— Ўзбекистон туманидаги 21-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида инглиз тилидан дарс бераман, — дейди фестивалда иштирок этаётган филиппинлик Ма­галлон Риза Валленте. — Фарғонанинг гўзал табиати, меҳмондўст ва дилкаш кишилари қалбимга қувонч, шодлик туйғуларини олиб кирмоқда. Гўё ўз яқинларим билан ҳамнафас бўлиб яшаётгандекман. Бугунги байрамдан жуда катта завқ олдим, таассуротимни сўз билан ифодалаб беришга ожизман. Миллий либосдаги ёшлар ва нуронийлар, миллий таомлар, урф-одатларга йўғрилган кўргазма­лар ҳамда ёшларнинг саъй-ҳаракати билан яқиндан танишдим. Кўрганларим ва бил­ганларимни, албатта, ҳамюртларимга етка­заман, уларни турфа гулларга бурканган бу ажиб ўлкага саёҳат қилиш, меҳмон бўлишга чорлайман.

Дилдан суҳбат қураётган дилбар онахон­лар ва оппоқ соқолли нуронийлар файзли давранинг тўридан жой олди.

— Баҳор келса, толпопукдан соч тараб, қизлар билан тўп-тош ўйнардик, сумалаклар учун ёғочдан қошиқлар тайёрлардик. Аммо бугунгидек катта байрамларни кўр­маган эдик, — дейди Маҳфузахон Ҳу­санова. — Дастурхонимиз тўкин-сочин. Фарзанд ва набираларимизни ўқитяпмиз, уйлар қуриб, тўйлар қиляпмиз. Буларнинг барчаси юртимизда ҳукм сураётган тинч­лик, тўкинлик ва фаровонлик маҳсулидир. Бу кунларга шукрона қиляпмиз. Уч ўғлим, келинларим ва набираларим билан келдик. Ҳаммаси бир-биридан яхши, гўзал ва бе­такрор. Кексаликни унутиб, мириқиб ўй­наб-яйрадик.

Фестиваль давомида қийғос гуллаган ўрикзорлар халқ лапарлари, болажонлар кул­гиси ва нуронийларнинг дуоси билан янада файзли тус олди.

Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири