Шу кунларда ахборот маконидаги асосий мавзулардан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифи бўлди. Ушбу ташрифни, ҳеч иккиланмай, тарихий воқеа деб аташ мумкин. Чунки ташриф тарихи ва маданияти чуқур муштарак бўлган икки халқ ўртасидаги муносабатларда янги ва муҳим саҳифани очмоқда.
Тарих ва геосиёсат чорраҳасида
Покистон ўзига хос тақдир ва улкан салоҳиятга эга давлат. Бу мамлакат тарихи, шубҳасиз, дунё цивилизацияларининг чорраҳасини эслатади. Асрлар давомида бу ҳудуд орқали карвон йўллари, қўшинлар, динлар ва маданиятлар учрашган.
1947 йили ташкил топган Покистон бугун нафақат Жанубий Осиё, балки бутун мусулмон оламида муҳим ўрин тутади. Индонезиядан кейин мусулмон аҳолиси сони бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Одам сони бўйича бешинчи ўринни эгаллаган (аҳолиси 240 миллиондан ортиқ).
Мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 400 миллиард АҚШ долларидан зиёд. Шу билан у дунёдаги 40 та йирик иқтисодиёт қаторига киради ҳамда рақамлаштириш, “яшил” энергетика ва инфратузилма соҳаларида катта режаларни амалга оширмоқда.
Энг муҳими, Покистон Жанубий ва Марказий Осиё, Яқин Шарқ ҳамда Хитой ўртасида жойлашган. Муҳим қуруқлик ва денгиз коммуникацияларини назорат қиладиган, минтақаларни боғловчи табиий кўприк вазифасини бажаради.
Ҳозирги мураккаб геосиёсий муҳитда Покистоннинг мустақил ва салмоқли таъсирга эга давлат сифатидаги мавқеи тобора ортиб бормоқда. У 2025-2026 йиллар учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси. Шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ШҲТ ва бошқа йирик халқаро тузилмаларда фаол иштирок этмоқда.
Бугун Покистон шаклланаётган кўп қутбли дунё архитектурасининг муҳим таянч марказларидан бири сифатида кўрилмоқда.
Тарих занжири: Бобурдан замонавий давргача
Ўзбекистон ва Покистон ҳақида сўз юритар эканмиз, халқларимизни боғлаб турган улуғ шахсни эсламаслик мумкин эмас. Бу буюк аждодимиз, мутафаккир ва бобурийлар салтанати асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. У XIX аср ўрталаригача ҳинд субқитъасини бошқарган қудратли сулолага асос солди. Набираси Акбар Лаҳорни салтанат пойтахтларидан бирига айлантирди. Бобурийлар даврига оид Лаҳор қалъаси (Шоҳиқалъа), Шалимор боғлари, Бадшоҳий масжиди каби меъморий дурдоналар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва Покистоннинг асосий рамзларидандир.
“Бобурнома”ни қайта-қайта мутолаа қилар эканман, Бобурнинг ҳозирги Покистон ҳудудига тегишли ўлкалар ҳақидаги фикрларига доим эътибор қаратардим. У бу замин унумдорлиги, сув манбалари мўллиги, боғ-роғлар ва экинзорлар сероблиги тўғрисида сўз юритган. Шунингдек, Панжоб вилоятининг ғоят обод ва гавжумлиги, қишлоқ ва шаҳарларнинг деярли узлуксиз бир-бирига туташиб кетгани ҳақида ҳам алоҳида қайд этган.
Бу фикрлар XVI асрдаёқ ҳозирги Покистон ҳудуди куч, бойлик ва стратегик аҳамият маркази сифатида қабул қилинганини кўрсатади ҳамда нега айнан шу ерда бобурийлар салтанати барпо этилганини тушуна бошлаймиз.
Бугун Бобур ва сулоласи қолдирган маънавий-маърифий мерос миллионлаб покистонликлар қалбида яшаб келмоқда ва бу икки халқ учун умумий тарихий хотира. Ана шу умумий мерос замонавий Ўзбекистон — Покистон шериклигининг мустаҳкам пойдеворидир.
Янги давр бошланганини белгиловчи ташриф
Президентимизнинг 5 февралда бошланган давлат ташрифи дастлабки дақиқалардан бошлаб юксак ҳурмат ва стратегик аҳамият муҳитида ўтди. Бу қатъий дипломатик протокол доирасидан анча ташқарига чиққан воқеага айланди. Аэропортда давлатимиз раҳбарини Покистон сиёсий доираларидаги энг муҳим икки шахс — Президент Асиф Али Зардорий ва Бош вазир Шаҳбоз Шариф кутиб олгани ҳам алоҳида рамзий маъно касб этди. Мезбон мамлакат азиз меҳмонни мана шундай кутиб олди.
Ташриф дастури ғоят сермазмун ва юксак аҳамиятга эга бўлди. У давлатимиз раҳбарининг “Глобал саноат ва мудофаа ечимлари” компанияси қароргоҳи ташрифи ҳамда Покистон Мудофаа кучлари Бош қўмондони —Қуролли Кучларининг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир билан учрашувдан бошланди. Ушбу мулоқот сифат жиҳатидан мутлақо янги ишонч даражасига пойдевор яратди: ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни тайёрлаш, мудофаа корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва кадрларни биргаликда тайёрлаш бўйича келишувга эришилди.
Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгаши фаолиятининг йўлга қўйилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу институт икки томонлама муносабатларни аниқ мақсадлар билан тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорликка йўл очади. Музокаралар Ўзбекистон — Покистон ҳамкорлигининг нечоғлиқ кўп қиррали эканини намоён этди. Сўнгги 8 йилда ўзаро савдо ҳажми 12 баробар ўсди, Ўзбекистонда Покистон сармояси иштирокидаги 230 та корхона фаолият юритмоқда, авиақатновлар кенгаймоқда, банк ва тадбиркорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда.
Товар айирбошлаш ҳажмини ҳозирги 500 миллион АҚШ долларидан 2 миллиард долларгача етказиш бўйича улкан ва реал мақсад қўйилди. Бу аниқ ечимлар билан мустаҳкамланди: товарлар рўйхатини кенгайтириш, имтиёзли савдо, янги фитосанитария рухсатномалари. Қиймати тахминан 3,5 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар портфели қишлоқ хўжалиги ва фармацевтикадан тортиб, геология ва енгил саноатгача бўлган муҳим тармоқларни қамраб олган.
Транспорт йўлакларини ривожлантириш алоҳида стратегик аҳамият касб этади. Музокаралар чоғида трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш, шунингдек, “Покистон — Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” транспорт йўлагини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Буларнинг барчаси мамлакатларимизни Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи бўғинга айлантирмоқда. Бутун минтақа ва ундан ташқарида янги имкониятлар очмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги минтақалараро алоқалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунинг ифодаси сифатида маҳаллий ҳамкорлик учун пойдевор яратувчи ҳудудлар форуми ташкил этилди.
Имтиёзли савдо, қишлоқ хўжалиги ва рақамли технологиялардан тортиб, ядро хавфсизлиги, коррупция ва гиёҳвандлик моддалари савдосига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликкача бўлган кўплаб соҳаларни қамраб олувчи қўшма декларация ҳамда 30 га яқин муҳим ҳужжат имзоланди.
Ташриф чоғида Исломобод шаҳридаги кўчалардан бирига Тошкент, янги барпо этилаётган боққа Заҳириддин Муҳаммад Бобур номининг берилишига бағишланган маросим ўтказилди. Ўзбекистон Президентига Покистоннинг олий давлат мукофоти бўлмиш “Нишони Покистон” ордени, шунингдек, Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ҳамда профессори унвонлари топширилди.
Ишбилармонлик дастурининг чўққиси “PEL”, “Engro”, “Fauji”, “Pakistan Steel Mills” каби 300 дан ортиқ етакчи компания иштирокидаги қўшма бизнес-форум, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Покистон корпоратив тузилмаси етакчилари билан алоҳида учрашуви бўлди. Ўзбекистон Президенти ҳамкорлик учун аниқ соҳаларни таклиф этди: фармацевтика ва тиббиёт, енгил саноат, кон-металлургия соҳаси ва геология, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни кенгайтириш шулар жумласидан.
Покистон компаниялари Ўзбекистонда дори-дармон, биотехнологиялар ва тиббиёт жиҳозларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларига таклиф этилди. Тошкент фармацевтика паркида покистонлик сармоядорлар учун қулай шароит яратилади. Халқаро брендлар остида тайёр тўқимачилик маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш учун катта имконият мавжудлиги таъкидланди.
Ўзбекистон томони тўқимачилик корхоналарини ишончли бошқарувга бериш ва покистонлик ҳамкорлар учун алоҳида чарм саноати ҳудудларини ташкил этишга тайёр эканини билдирди. Логистика бўйича аниқ қадамлар белгиланди: жорий йил апрелдан бошлаб Карачига юк рейслари ҳамда Лаҳорга тўғридан тўғри йўловчи парвозларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Покистон биз учун нимага муҳим?
Келинг, энди бу мамлакат билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш нима учун бу қадар муҳимлигини таҳлил қилиб кўрайлик. Ташриф натижалари икки томонлама муносабатлар доирасидан анча кенг.
Биринчидан, логистика лойиҳаларини амалга оширишда Ўзбекистон Покистон портлари орқали халқаро денгизларга тўғридан тўғри чиқиш имкониятига эга бўлади. Трансафғон темир йўли ва “Покистон — Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” коридори биз учун стратегик аҳамиятга эга. Ушбу лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилса, бутун Евроосиёнинг геоиқтисодий харитасини ўзгартира олади.
Иккинчидан, минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан ядро қуролига эга ва армия сони бўйича дунёда олтинчи ўринда турувчи Покистон билан яқинлашиш бугунги беқарор дунёда Ўзбекистоннинг мавқеини мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшади. Мудофаа соҳасидаги ҳамда терроризм, гиёҳвандлик моддалари савдоси ва кибертаҳдидларга қарши курашиш бўйича келишувлар замонавий муаммоларга жавоб беради. Қолаверса, терроризмга қарши кураш халқаро кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Исломободдаги масжидлардан бирида содир этилган ва 30 дан ортиқ бегуноҳ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган террорчилик ҳаракати бунинг яққол тасдиғидир.
Дунё беқарорлик, парчаланиш ва аввалги иттифоқларни қайта кўриб чиқиш даврини бошдан кечираётган бугунги кунда Покистоннинг масъулиятли минтақавий куч сифатидаги мавқеи алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу мамлакат Жанубий Осиё, Афғонистон, Ҳинд океани ва Ислом дунёсидаги жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатади. Бу эса Исломободни глобал мувозанатнинг муҳим акторига айлантиради.
Президентимизнинг Покистонга давлат ташрифи стратегик ғалаба бўлди. Ўзбекистон Марказий Осиёда марказга интилувчи куч сифатида ўзини ишонч билан намоён этишни давом эттирмоқда ва қудратли минтақавий давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамламоқда.
Мамлакатлар раҳбарларининг хоҳиш-иродаси ва яқин дўстона муносабатлари, умумий тарихи ҳамда ўзаро иқтисодий манфаатлари билан мустаҳкамланган Ўзбекистон — Покистон алоқалари янги, стратегик мазмун касб этмоқда. Бу бутун минтақамиз тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги учун хизмат қилади.
Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,
сиёсий фанлар доктори, профессор,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист