Охирги марта шу йилнинг апрель ойида халқаро иқтисодчи Гўзал Ҳакимова ҳақида мақола ёзгандим. Унинг муваффақияти, ташлаётган катта қадамлари, ютуқлари кўпчиликда қизиқиш уйғотиб, интилувчанлигидан рағбат олганлар ҳам бўлди. Аслида, юртимизда ана шундай билимли, юксак салоҳиятли йигит-қизлар жуда кўп. Айни вақтда мамлакатимизда давом этаётган Ёшлар ойлиги ҳамда 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан яна бир иқтидор соҳибаси ҳақида ёзишга қарор қилдим.
Шаҳризода Қўзиева Урганч давлат университетининг ўзбек филологияси йўналишида таҳсил олади. Адабиётга қизиқиши бўлакча. Ҳали ўқиш ва ёзишни билмаган вақтларидаёқ Эркин Воҳидовнинг “Нидо” достонини ёд олган. Ҳозир ҳам сира тиниб-тинчимайди, ҳали қарасанг илмий изланишларга шўнғийди, хорижда мақолалар чоп эттиради, яна бир қарасанг турли танловларда иштирок этади. 30 дан ортиқ илмий-оммабоп мақола муаллифи, ҳикоялари чет эл нашрлари, хусусан, АҚШнинг машҳур “Aмазон” платформасида чоп этилган. Бугунги кунда у Миср, Покистон, Аргентина давлатларининг нуфузли ташкилотлари аъзоси, Португалиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилоти волонтёри. 2022–2023 йилларда Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибаси. Яқинда “Мозийдан зиёга қадар” деб номланган учинчи муаллифлик китоби чоп этилди.
Ёзувчиликка даъвоим йўқ, аммо...
Очиғи, 23 ёшли қизнинг шунча ютуқларга эришгани мени ҳам бироз ҳайратлантирди. Аммо у билан суҳбатлашгач, Шаҳризода каби ёшларга юртимизда тақдим этилган кенг имкониятлар, барча йўналишларда яратилаётган шароитлар катта куч, рағбат бераётганига яна бир бор амин бўлдим. Яқин йилларда ҳам ўзбек ёшларининг хорижда битта мақола чоп эттириши минг машаққат эди. Энди эса улар халқаро ташкилотлар аъзоларига айланяпти.
— Ният қилдингми, аниқ мақсад қўйиш, у томон дадил ҳаракат қилишни ҳам билиш керак экан, — дейди Шаҳризода Қўзиева. — Шундагина улар бирин-кетин амалга ошиб боради. Болалигимдан “Бир куни олима бўламан. Мени шундай билим соҳиби деб эътироф этишади”, дея орзу қилардим. Ота-онам ҳам сўзларимга беэътибор бўлмади, аксинча, мени қўллаб-қуватлаб, кўп ўқисанг, албатта, келажакда илм-фан ривожига ўз ҳиссангни қўшиб, катта олим бўласан, дейишарди. 2021 йилда МДҲ давлатлари орасида энг ёш олимлардан бири сифатида эътироф этилганимни эшитганимда, кўз ёшларимни тийиб туролмадим. Хушхабарни албатта, биринчи ота-онам, устозларимга етказганман.
Олима бўлиш фахр баробарида, катта машаққат эканини ҳам яхши биламан. Ҳозир филология йўналишида таҳсил оляпман ва доим изланишдаман. Чунки филолог ҳар соҳада илғор бўлмоғи керак. Филолог бу журналист, психолог, педагог, тарбиячи, шифокордир. Чунки сўз ишлатилмайдиган, сўзнинг қудрати ҳис қилинмайдиган ўрин йўқ, назаримда. Ва том маънода, филолог ёзувчи ҳамдир. Сўз сеҳри уларга тинчлик бермайди. Aслида, ёзувчиликка даъвойим йўқ, лекин ёзмасдан ҳам туролмайман.
Шаҳризода тез-тез ҳикоялар ёзиб туради. Илк ҳикоясини эса олий ўқув юртига кирган йиллари қоралай бошлаган.
— Усмон Носирнинг “Илҳомнинг вақти йўқ, селдай келади”, деган сўзлари бор. Менда ҳам шундай бўлди чоғи, — дейди Шаҳризода. — Очиғи, мен ёзувчиман, дея қўлга қалам олмайман. Шунчаки, ёзилажак ҳикоям кўз олдимда гавдаланади: манзарасидан тортиб, сўзларигача. Сўнг уларни қоғозга тушираман.
Барча ёшдагиларга мос лойиҳа
Шаҳризода бадиий ва илмий адабиётларни кўп ўқийди. Бир томондан, филолог бўлгани учун, бошқа томондан эса, адабиётга меҳри сабаб. Адабий танқидчилардан Озод Шарофиддинов, Матёқуб Қўшчонов, Қозоқбой Йўлдошев асарларини севиб мутолаа қилади. Шу йўналишга қизиқиши ҳам бор ва ўзини синаб кўра бошлаган. Ҳатто, илк бор Озод Шарофиддиновнинг “Ижодни англаш бахти” асарини қўлига олганида, ич-ичидан “Мен Хоразмнинг Озод Шарофиддинови бўламан!”, деган мақсад қилган. Ҳозирги кунда эса “Шукур Холмирзаев насрида образлар таҳлили” мавзусида илмий-тадқиқот олиб боряпти. Қаҳрамонимизнинг “Мозийдан зиёга қадар” деб номланган лойиҳаси унинг филология ва адабиёт йўналишидаги изланишлари маҳсулидан бири.
— Филологияни адабиётдан айро тасаввур қилиб бўлмайди, айниқса, мен учун бу имконсиз, — дейди Шаҳризода. — Шундай экан, миллий адабиётимиз ривожига ҳисса қўшиш касбий бурчим, деб биламан. Ўзим асос солган “Мозийдан зиёга қадар” деб номланган лойиҳанинг мақсади ҳам шундан иборат. Бу лойиҳа касби, ёши, мансабидан қатъи назар, адабиётга қизиқадиган ҳар бир инсонни қамраб олади. Гап шундаки, лойиҳа платформа шаклида ишлаб чиқилган бўлиб, ундан адабиёт, кино, халқ севган қўшиқлар, касблар бўйича саволлар жой олган. Иштирокчилар тақдим этиладиган битта саволнинг бир нечта жавобини кетма-кетликда топиши керак бўлади. Бу лойиҳа адабиётимиз билан боғлиқ эсдан чиққан маълумотларни ёдга солиш баробарида, хотирани мустаҳкамлаб боришга кўмаклашади. Аҳамиятлиси, саволлар илмий, мураккаб терминлар билан эмас, балки содда тарзда тузилган.
Шундан сўнг 100 адиб ҳаёти ва ижодидан саволлар тузиб, бир жойга жамладим, у Хоразм ёшлари нашриётида “Мозийдан зиёга қадар” номи остида чоп этилди. Китобни вилоятимиздаги мактабларга тарқатдик. Эндиликда болаларнинг адабиётга қизиқишини янада ошириш мақсадида устозлари томонидан дарслар мобайнида бу каби саволлар давомли бериб борилади. Бу болажонларни янада теран ва чуқур фикрлашга, зукко бўлиб улғайишига хизмат қилишига ишонаман.
Ишончнинг жавоби ишонч бўлсин!
Шаҳризоданинг фаолияти илмий мақолалари орқали хорижда ҳам танилиб бормоқда. Қаҳрамонимиз бугунги қулай шароитлар даврида ўзбек ёшларининг чет давлатларда ҳам ўз ўрни, сўзи бўлиши кераклигини айтади.
— Тўғри, дунё майдонига чиқиш, унда ўрин эгаллаш, илмий ишларни тақдим этиш осон эмас, — дейди ёш филолог. — Бу тил билиш, кўп ўқиб-изланишни талаб этади. Аммо ҳозирги ўзбек ёшлари буни бемалол уддалаяпти. Бир нечта тилда сўзлашиб, бир вақтнинг ўзида қатор хорижий олий ўқув юртлари талабасига айланаётган йигит-қизлар, нуфузли халқаро ташкилотларда фаолият олиб бораётган ёшларимиз жуда кўп. Хорижликлар ҳам иқтидор ва салоҳиятимиз, имкониятимизни тан олиб, бизни ҳамкорликка чорлаяпти, бирга ишлашга таклиф этяпти.
Юртимизда олдига мақсад қўйиб ҳаракат қилаётган йигит-қиз борки, уларга барча эшиклар очиб бериляпти. Буларни ўз кўзим билан кўрганимда, ёшларини энг юксак мақом ила эъзозлаётган юрт фарзанди эканимдан фахрланаман. Ўзингиз айтинг, ҳар бир йигит-қизни қўллаб-қувватлаб, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун бор имкониятлар ишга солинган Ватан яна қаерда бор? Биз эмасми, ҳам китоб ўқиб маънавиятимизни юксалтирган, ҳам машина соҳиби бўлган?
Мана шу қўллов, имкониятлар сабаб бугун биз ҳар соҳада дадил қадам ташлаяпмиз. Ҳеч кимдан ҳайиқмай, ҳеч кимга бош эгмай ўз мақсадларимиз томон интиляпмиз. Зеро, “Ўзбекистон, эртангни ишон менга!”, дея юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишга бел боғлаганмиз.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири