Бу жамоанинг 2024 йил сентябридан буён қайд этган энг ёмон позициясидир. Осиё терма жамоалари орасида Ўзбекистон энди еттинчи ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Халқаро футбол федерациясининг (ФИФА) янгиланган рейтингида 50-ўриндан 60-ўринга тушиб кетди. Жамоа 23,11 балл йўқотди ва эндиликда унинг ҳисобида 1409,73 очко мавжуд.
Бу миллий терма жамоанинг 2024 йил сентябридан буён рейтингдаги энг ёмон натижасидир, ўшанда жамоа худди шундай 60-позицияни эгаллаб турганди.
Янги рейтинг 20 июль куни эълон қилинди. Навбатдаги расмий янгиланиш 7 октябрга режалаштирилган.
Фабио Каннаваро қўл остидаги жамоанинг позициясига 2026 йилги Жаҳон чемпионати натижалари таъсир кўрсатди. Ўзбекистон гуруҳ босқичида Колумбияга — 1:3, Португалияга — 0:5 ва Конго ДРга — 1:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, турнирни очко тўпламасдан якунлади.
Ушбу учрашувларда терма жамоа Колумбиядан учралган мағлубиятдан сўнг 14,25 балл, Португалия билан ўйиндан кейин 11,64 балл ва Конго билан бўлган баҳсдан сўнг яна 23,11 балл йўқотди. Жамоа учта ўйин давомида жами 49 рейтинг балидан маҳрум бўлди.
Терма жамоанинг Канада (0:2) ва Нидерландияга (1:2) қарши ўртоқлик учрашувларидаги мағлубиятлари рейтингнинг бундан олдинги янгиланишида инобатга олинганди.
Осиё вакиллари орасида Ўзбекистон еттинчи ўринни эгаллаб турибди, ваҳоланки, бунгача мамлакат кучли бешликда эди. Қитъанинг энг яхши терма жамоаси бўлиб жаҳон рейтингида 17-поғонадан жой олган Япония қолмоқда (+1 ўрин). Эрон 22-ўринни (-2), Австралия 28-ўринни (-1), Жанубий Корея эса 32-ўринни (-7) банд этган.
Ўзбекистондан бевосита юқорида мос равишда 58 ва 59-ўринларни эгаллаб турган Саудия Арабистони (+3) ва Қатар (-3) жойлашган. Қуйироқдан эса Ироқ — 63-ўрин, БАА — 68-ўрин ва Иордания — 73-ўрин жой олган.
Рейтингда биринчи ўринни жаҳон чемпионига айланган Испания терма жамоаси эгаллади. Жамоа 30,27 балл қўшиб олиб, 1995,88 очко жамғарди ва Аргентинани иккинчи позицияга туширди.
Кучли бешликка, шунингдек, Франция, Англия ва Бразилия ҳам кирди. Англия 33,41 балл қўшиб олди — бу топ 5 даги бошқа жамоаларга қараганда энг кўпроғи бўлди.
Янгиланган рейтингда энг катта юқорилашни бирданига 12 поғонага кўтарилган (19-ўринга) Норвегия кўрсатди. Энг сезиларли пасайиш эса Тунисда қайд этилди — жамоа 12 қатор пастга сурилди.
Испания рейтинг баллари бўйича энг катта ўсишга эришди — 121,17. Энг кўп очко йўқотган жамоа эса Панама бўлди — 60,74.