Ўзбекистон ва Ҳиндистон стратегик шериклардир. Анъанавий дўстона алоқалар асосида савдо, сармоя, иқтисодиёт, маданий гуманитар ҳамкорлик, ёшлар ва таълим алмашинувлари билан боғлиқ турли соҳаларда, айниқса, юқори технологиялар, инновация, саноат, дастурлаш, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш борасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда жадал суръатларда ривожланмоқда. Эндиликда илмий ва маданий соҳадаги самарали алоқаларни ривожлантиришда буларнинг барчаси катта салоҳият ва мазмун касб этмоқда. Бу борада мамлакатларимизнинг таълим соҳасида қўшма таълим, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини очиш, илмий-тадқиқот ва технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, инновацион ишланмаларни тижоратлаштиришни назарда тутувчи қўшма “Йўл харитаси” қабул қилинди. Юртимизда Ҳиндистоннинг Amity, Sharda, Sambram каби олий ўқув юртлари филиаллари очилди. Яқин вақтларда эса Glocal, LNCT, Integral ОТМ филиалларини ҳам очиш режалаштирилмоқда.

 Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли конституциявий ислоҳотлар жараёнида икки мамлакат университетлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Яқинда Деҳли университети таклифига биноан Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ушбу мамлакатнинг ҳуқуқий ва таълим тизими билан танишиш, юридик кадрлар тайёрлаш соҳасида олий таълим муассасалари тажрибасини ўрганиш, Ҳиндистон ва Ўзбекистон университетлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатишни назарда тутган хизмат сафарида бўлдим.

 Ташриф давомида университетимиз жамоаси томонидан салкам икки йил давомида махсус грант асосида амалга оширилаётган Ҳиндистон Конституциясини ўзбек тилига таржима қилиш лойиҳаси доирасида Ҳиндистон Конституциясининг яратилиши тарихига оид материалларни тўплаш мақсад қилинган эди. Шу муносабат билан конституциявий ҳуқуқ бўйича Ҳиндистоннинг етакчи мутахассислари билан қатор учрашувлар, суҳбатлар бўлиб ўтди. Турли давлат ва олий таълим муассасаларига ташрифлар ташкил қилинди. Жумладан, Конституция матнини ишлаб чиқиш ишларига раҳбарлик қилган Ҳиндистон Республикасининг биринчи адлия вазири, доктор Баба Соҳиб Амбедкар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган мемориал музейнинг улкан экспозицияси билан танишиш ҳинд халқининг мустамлакачилик истибдодидан озод бўлиш йўлида олиб борган узоқ кураши ҳақидаги тассавурларимизни янада бойитди. Бизда ҳам  мамлакатимиз Асосий қонуни бўлган Конституциямиз тарихига бағишланган алоҳида музей  ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этган бўларди.

Ҳиндистон парламентига ташриф мобайнида 3 миллиондан ортиқ турли нашрлар тўпланган кутубхонада сақланаётган, 1949 йилда Таъсис Мажлисининг барча аъзолари шахсан имзо чеккан Ҳиндистон Конституциясининг катта ҳажмдаги икки асл нусхаси, яъни асосан қўлда ёзилган инглиз ва ҳинд тилидаги нусхалари билан танишишга мушарраф бўлдик.

 Маълумки, Ҳиндистон иккинчи жаҳон урушидан кейин 1947 йилда мустамлакачилик қарамлигидан озод бўлган дунёдаги йирик давлатлардан бири. Ундан кейин озод бўлган бошқа мамлакатлар халқлари учун ўзининг асл давлатчилиги ва дастлабки 3 йил давомида яратилган мустақил Конституциясини яратган мамлакат сифатида маълум даражада унинг тажрибаси намунага айланган. Эндиликда у “Конституционизмни ривожлантиришнинг жонли лабораторияси”, деб эътироф этилади.

Ҳиндистон Конституцияси 70 йиллик ривожланиш даврида ўзига хослик, замонавийлик ва анъаналарнинг ажойиб уйғунлигини ва энг муҳими, ҳозирги дунёнинг ўзгарувчан шароитларига мослашиш қобилиятини намойиш этди. Эндиликда кўп миллатли, кўп конфессияли Ҳиндистоннинг ривожланиш одимлари унинг самарали тараққиётини таъминламоқда ва ёрқин истиқболига ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бунда ушбу мамлакатнинг бой конституциявий тажрибаси алоҳида ўрин эгаллайди.

Ўтган 70 йил мобайнида мустақил Ҳиндистон Конституцияси расмий ўзгартиришлар, суд амалиёти ёки оддий қонунлар орқали қатор ўзгаришларга дуч келди. Шу вақт ичида киритилган кўплаб ўзгартишлар Ҳиндистон Асосий қонунидаги кўпгина қоидалар тузилишини, матни ва ҳақиқий мазмунини сезиларли даражада ўзгартирди. Табиий савол туғилади: нима сабабдан ушбу Конституцияни ўзбек тилига таржима қилиш мутахассислардан иборат ижодий гуруҳдан икки йиллик муддатни талаб этди? Чунки Ҳиндистоннинг Асосий қонуни ҳажм жиҳатдан дунёда энг катта. У дастлаб 90 000 минг сўзни ташкил этган бўлса, вақт ўтиши билан унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар туфайли ҳозирда 110 000 сўзга етган. Унинг матнида мавжуд ўзига хос ибора ва атамаларни таржима қилиш уларнинг ҳуқуқий талқини аниқ ва инглиз тилидаги матнига мос бўлишини тақозо қилди. Бизни қувонтирган яна бир ҳолатни алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳиндистон Конституциясининг инглиз тилидаги нусхасини таржима қилишда ТДЮУ талабалари яқиндан иштирок этди. Бу улар учун катта тажриба бўлди, десак хато бўлмайди. Ҳиндистон Конституциясининг ўзбек тилидаги илк нашри икки мамлакат олимлари ўртасидаги катта кўламли ишлар учун бир дебоча вазифасини ўташи ва янги лойиҳалар, биргаликда амалга ошириладиган ишларга кенг йўл очиши шубҳасиз.

 Ҳиндистоннинг бир қатор юридик олий ўқув юртларидаги учрашувларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга бағишланган маърузалар тингланди. Мамлакатнинг етакчи олий ўқув юртларидан бўлган Маҳаража Аграсен бошқарув институти юридик факультетида Ҳиндистоннинг юридик олий ўқув юртлари ўртасида бўлиб ўтган Бутун Ҳиндистон 3-миллий ўқув суд жараёни танловида Ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида унинг тақдирлаш маросимида иштирок этдим. Юридик факультетлар профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан бўлган учрашувларда Ўзбекистонда ва Ҳиндистон олий юридик таълимнинг ривожланиши, ушбу мамлакатларда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.

 Мухтасар айтганда, ислоҳотлар даврида юқорида қайд этилган соҳалар ривожига катта эътибор қаратаётган мамлакатимиз учун Ҳиндистон босиб ўтган тарихий йўл ҳам диққатга сазовор бўлиб, бунда ҳуқуқшунос мутахассисларнинг ҳамкорлик доирасини кенгайтириш муҳим.

Омонулла МУҲАММАДЖОНОВ,

Тошкент давлат юридик университети профессори,

юридик фанлар доктори