Таҳлилга кўра, Ўзбекистон халқаро меҳнат миграцияси глобал йўналишларига тобора чуқур интеграциялашиб бормоқда. Анъанавий давлатлар — Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Туркия билан бир қаторда, сўнгги йилларда Европа ва Осиё мамлакатлари ҳам ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун муҳим йўналишларга айланмоқда.

2024–2025 йилларда Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмаларининг асосий қисми айнан шу давлатлар ҳиссасига тўғри келди.

2025 йилда пул ўтказмалари ҳажмининг ўсишига муҳожирлар ишлаётган мамлакатларда ишчи кучига талабнинг сақланиб қолиши, иш ҳақларининг барқарорлиги, иқтисодий фаолликнинг ортиши ҳамда миллий валюталар курсларининг мустаҳкамланиши таъсир кўрсатган.

Шу билан бирга, меҳнат миграцияси географияси диверсификацияси ҳам кузатилди. Хусусан:

  • Буюк Британиядан пул ўтказмалари 39 фоизга,
  • Европа Иттифоқи давлатларидан 37 фоизга (Ирландия — 2,6 баробар, Хорватия — 2,5 баробар, Словакия — 67%, Литва — 57%, Нидерландия — 49%, Польша — 9%),
  • АҚШдан 15 фоизга,
  • Жанубий Кореядан 15 фоизга ошган.

Бу эса янги миграция йўналишлари кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Қайд этилишича, миграция қарорларига асосий таъсир этувчи омиллардан бири — мамлакатлар ўртасидаги иш ҳақи фарқидир. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, энг юқори иш ҳақлари Европа (Швейцария, Германия, Нидерландия), Шимолий Америка (АҚШ, Канада), шунингдек Австралия, Япония ва Жанубий Кореяда қайд этилган.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) маълумотига кўра, меҳнат муҳожирлари одатда ойига ўртача 200–300 доллар миқдорида пул юбориб туради. Буюк Британияда эса бир муҳожир йил давомида ўртача 1 000–3 300 фунт стерлинг (тақрибан 4 минг доллар) ўтказма амалга оширади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда бир қабул қилувчига тўғри келадиган ўртача йиллик пул ўтказмаси 2–4 минг доллар атрофида.

Ўтказмалар каналлари бўйича:

— 9,9 млрд доллар (52%) — анъанавий халқаро тизимлар (+21%)

— 397 млн доллар (2%) — банк ўтказмалари (–49%)

— 8,6 млрд доллар (46%) — P2P ўтказмалар (1,4 баробар ўсиш)

P2P ўтказмалар улушининг жадал ўсиши рақамли молиявий хизматлар оммалашуви, тўловларнинг тез ва қулай амалга оширилиши ҳамда харажатларнинг нисбатан пастлиги билан изоҳланмоқда.

Жаҳон банки маълумотига кўра, 2025 йил I чорагида 500 доллар ўтказишнинг ўртача глобал қиймати 4,26 фоизни ташкил этган. Энг арзон каналлар мобил иловалар бўлса, энг қиммати анъанавий банк ўтказмалари ҳисобланади.

Энг паст тарифлар Жанубий Кореяда (3,07%), Саудия Арабистонида (3,14%), Австралияда (3,54%), АҚШда (3,81%) ва Буюк Британияда (3,93%) қайд этилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонга юборилаётган P2P ўтказмаларда алоҳида комиссия белгиланмаган бўлиб, харажатлар асосан валюта курслари фарқи ҳисобига шаклланади (2–4% гача).

Шу билан бирга, Ўзбекистондан хорижга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2025 йилда 2,7 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 5 фоизга камайган.