«CRAFERS» қандолатчилик фабрикасида тайёрланган «Президент совғаси» Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун мўлжалланган.

3 дан 15 ёшгача бўлган 10 минг нафар болага мўлжалланган «Президент совғалари» таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 14 турдаги ширинликлар, 3 турдаги ўқув қуроллари, электрон китоб, термос ва шахмат жиҳозлари киритилган.

Шунингдек, жорий йилда мазкур совғалар таркибига Меҳрибонлик уйлари, Оилавий болалар уйлари, SOS болалар маҳаллалари ҳамда «Меҳрли мактаб»нинг 12 ёшдан катта бўлган 1 095 нафар тарбияланувчилари учун замонавий электрон китоблар ҳам киритилди.

Қайд этилганидек, «Президент совғаси» мамлакатимизнинг 10 та ҳудуди — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» орқали, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятларига ҳудудий Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари кузатуви остидаги автотранспорт воситаларида етказилиши режалаштирилган.

Бугун мазкур «Президент совғаси»нинг дастлабки карвони Тошкент шаҳридан жўнаб кетди, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

«Президент совғаси» жорий йил 29-30 декабрь кунлари Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига ҳудудий ҳокимликлар томонидан тантанали тарзда топширилади.