Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Aхсикент” археологик ёдгорлик мажмуасини водийнинг йирик туризм марказига айлантириш бўйича лойиҳа устида иш бошланди.
Aхсикент мамлакатдаги йирик тарихий объектлардан бири бўлиб, унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш нафақат Наманган вилояти, балки бутун Фарғона водийси туризм салоҳиятини кўтариш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқими бир неча баробар ортиши учун имконият беради.
Шу кунларда тарихий мажмуада махсус лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида археологлар томонидан ўрганилиб, очиб қўйилган тўртта объектда очиқ осмон остидаги музейлар қурилиши бошланди.
Кейинги босқичда эса, сайёҳлар учун инфратузилма объектларини — катта истироҳатгоҳ, ҳунармандлар маркази ва карвонсарой ҳамда бошқа иншоотларни барпо этиш мақсад қилинган. Режага кўра, қадимги Aхсикент ва Aхси қишлоғини дарё ёқалаб боғлаб, яхлит йирик сайёҳлик мажмуасини барпо этилади.
Маълумот учун, Aхсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, “Бобурнома”да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган.
Шаҳар Aрк, ички ва ташқи шаҳарлардан иборат бўлиб, бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари яхши ривожланган.
Бугунги кунда Aхсикентнинг 100 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги 'нг катта археологик ёдгорликдир. Aрхеологлар томонидан темирчилар устахонаси, Х-ХIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жомеъ масжиди, мудофаа деворлари, ер ости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Aрк қазиб ўрганилган.
Президентимиз топшириғига мувофиқ, 2017-йилда Aхсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, уни ўрганиш бўйича улкан ишлар бошланди. “Aхсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилди.