Аввалги мақоламизда Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Шимолий Кипрда фаолият юритаётган ОАВ вакиллари учун Қаҳрамонмараш, Адияман, Малатя вилоятларига пресс тур ташкил этилгани ҳақида ёзган, зилзиладан сўнг ўтган бир йил давомида Қаҳрамонмараш вилоятида қилинган ижобий ўзгаришлар ҳақида маълумот берган эдик.
Навбатдаги манзилимиз – Адияман.
Ҳасан амакининг омонати: Ўзбекистонга саломларим бор...
Адияман Туркиянинг жануби-шарқида, Оқ денгиз соҳилида қад ростлаган вилоят. Ҳудуд бой тарихи ва маданияти, ҳайратомуз манзаралари билан танилган. 2150 метрли Немрут тоғи қадимий улкан тош ҳайкаллари билан донг таратган. Бундан ташқари, Отатурк тўғони ҳам машҳур. Биречик археологик музейи эса сайёҳларни ҳамиша ўзига жалб этиб келган. Адияман қалъаси ўрта асрлардан ҳикоялар сўзлайди.
Сайёҳлар эътиборидаги мазкур ҳудуд ҳам зилзила офатларини бошдан кечирди. Вилоят ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилишича, Адияман зилзила зонасидаги барча шаҳарлар орасида суғурталанганлар сони бўйича йўқотишларни энг тез бартараф этаётган ҳудуд. Бу ерда 2798 хонадон эгаларига топширилибди.
Оқпинар қишлоғи. Адияман марказидан 37 километр узоқликда, кенг далалар қўйнида жойлашган бу қишлоқда янги турар жойлар барпо этилибди. Ҳар бири 125 квадрат метрли хонадонларга оилалар босқичма-босқич кўчиб келади.
– Мамлакатимизда бошпанасиз қолган юртдошларимизнинг ҳар бири тақдири биз учун муҳим, – дейди вилоят ҳокими Оман Варол. – Зилзиладан жабр кўрган оилаларга уйлар топширилиши бошланди. Дастлаб уларнинг оилавий шароити ўрганилди, энг кўп жарб кўрганлар рўйхати тузилиб, шунга кўра, қуръа ташлаш йўли билан аниқлаб олинди. Шундай оилаларимиз бор, уларнинг уйи икки ёки учта. Дейлик, зилзила туфайли улардан бири бузилиб, бири омон қолди. Бундай оилаларга ҳозирча вазият тушинтирилиб, биринчи навбатда, уйсиз фуқароларга эътибор бериляпти. Яна бир муҳим жиҳат. Ҳовлиси бузилган, бироқ ўзи уй тиклаб олишни истаган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Уларга икки йиллик имтиёзли давр билан 18 йилга фоизсиз кредит ажратилади. Бунда уй кўтарилиши мўлжалланган жой мустаҳкамлиги ўрганилади.
Янги уй соҳибларидан бири Ҳасан амакини суҳбатга тортдик.
– Зилзила бўлган кечани яхши хотирлайман, – дейди Ҳасан Генч. – Уй шиддат билан силкинаётганидан уйғониб кетдим. Хонимим (турмуш ўртоғим) аллақачон шаҳардан меҳмонга келган неварамнинг хонасига кириб кетган эди. Мен ҳам фарзандимнинг бизга омонатини сақлаб қолиш учун ўша хона томон югурдим. Бироқ зилзила кучлилигидан юра олмадим. Компьютер столи турарди, унинг тагига кирдим. Бироқ вазият мувозанат сақлаб туришли эмасди. Бирдан оғиз-бурним чангга тўлди. Тушундимки, уйимиз йиқилди. Бироздан сўнг ўзимни ташқарида кўрдим, мени қутқаришганди. Ўтарканман, тупроқлар тагида қолган бир жуфт оёқни кўрдим. Кўзларимга ёш тўлди. Ўша лаҳзада бу оёқларнинг нега тескари тургани хаёлимдан ўтди. Билсак, хонимим неварамизни қутқариб қолиш учун уни девордан пана қилган экан. Афсуски, уларнинг иккиси ҳам тупроқ остида қолиб ҳалок бўлди.
Ҳасан амаки Ўзбекистондан келганимизни билгач, Самарқанду Бухоро ҳақида ўқиганини, бу қадим шаҳарларни зиёрат қилиш орзуси эканини билдирди. Ота юртга кўпдан кўп саломлар юборди. Гап орасида Орол денгизининг қуриб бораётганидан хавотирини ҳам яширмади.
Яна бир суҳбатдошимиз – Шабнам. У лицей битирувчиси.
– Зилзилага қадар 11 қаватли уйда яшаганмиз. Ер қимирлагандаги қўрқув ҳануз кўз олдимда. Яқинларимни, дўстларимни йўқотдим. Бироқ вақт ўтяпти. Яшашга мажбурмиз. Янги хонадонлардан бири, шукрки, қуръа ташлаш жараёнида бизга насиб этди. Дадам билан шу уйни кўришга келдик. Хоналар ёруғ, замонавий. Тўғриси, зилзиладан сўнг юрак ҳовучлаб қолгандик. Уйларнинг камқават экани бироз бўлсин, хавотиримизни босяпти, – дейди у.
Ҳали Туркияда эканмиз, Адиямандалигимни билган дугонам қуйидагича хабар юборди: “Шаҳарда бир талабам ҳалок бўлди. Зилзилада. Исми Идрис эди. Адияманга кетганингизни ўқиб, дардим янгиланди, юрагим зириллади”. Идрис Хитой Марказий миллатлар университетида таҳсил олган экан. Дугонамга ҳамдардлик билдирдим. Бир шаҳарнинг номи бир инсон қалбида қанчадан-қанча хотираларни уйғотиши мумкин...
Вилоят ҳокими Осман Варолнинг таъкидлашича, ҳудудда зилзила вақтида ярим қулаган, бироқ шу вақтгача йиқитилмаган бинолар бор. Уларнинг ҳозиргача бу ҳолатда туришининг асосий сабаби давом этаётган тергов ишлари билан боғлиқ. Суд қароридан сўнг мазкур биноларнинг ҳам тақдири аниқ бўлади. Зилзила адияманлик 8500 га яқин кишини ҳаётдан олиб кетди. 17 мингга яқин одам жароҳатланди.
Контейнер мактабларда Беруний ва Хоразмий боболаримиз издошларини учратдик
Адияман вилоятида ҳам руҳий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолган аҳоли учун контейнерларда тиббий ва психологик масканлар, болалар учун спорт ва ўйин майдончалари, аёлларни касбга йўналтиришни кўзда тутувчи марказлар, кутубхоналар, дўконлар, тиббиёт пункти ишлаб турибди. Боғча ва умумтаълим мактаблари болалар билан гавжум.
Вилоятдаги вақтинчалик яшаш марказида 1500 та контейнер жойлашган. Уларда 3500 га яқин қардошимиз ҳаёт кечирмоқда.
– Зилзила халқимизга катта руҳий зарба берди. Биз буни спорт билан шуғулланиб, енгишга ҳаракат қиляпмиз. Айни пайтда хотин-қизларнинг сони 70 дан ортиб кетди. Эркаклар анча кўп. Машғулот қатнашчиларининг ёши фарқли, шунинг учун уларни гуруҳлаштирганмиз. Аҳамиятлиси, зилзила пайти қўли, оёғи ёки танасининг бошқа аъзоси зарарланган юртдошларимиз бор. Булар учун ҳам махсус машғулотлар ўтилади. Соғлиғини тиклаш учун мутахассис-тренер жалб этилган, – дейди спорт мураббийи.
Умумтаълим мактаби ўқувчилари учун очилган технологик билимлар маркази ўқувчилар билан гавжум. Бу ерда астрономия, математика, физика каби аниқ ва табиий фанлар ўқитилади. Амалий машғулотлар ўтказилади. Бешта махсус хона мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири фарқли. Болалар ўзи қизиққан йўналиш бўйича машғулотларда иштирок этади.
– Бу хонада келажакка ўз имзосини қўя оладиган буюк кашфиётчилар ўтирганига шубҳамиз йўқ, – дейди Адияман вилояти ҳокими ўринбосари Меҳмет Тиғли.
Марказ раҳбари Муҳаммад Фурқоннинг таъкидича, марказ кичкина жойда фаолият юритаётганига қарамай, катта тадбирларга тайёргарлик кўриляпти. Қувонарлиси, халқ уйидан айрилган бўлса-да, ҳаётдан узилиб қолгани йўқ. Баҳорда Адана шаҳрида технофестиваль ўтказилиши режалаштирилган.
Марказ залида дунёга машҳур олимлар ҳақида маълумот берилган бўлиб, у ерда Беруний ва Хоразмий боболаримиз маънавий мероси ҳақида ҳам маълумотлар жой олган. Демак, бу ерда буюк аждодларимиз издошлари камолга етяпти.
Офат туфайли бу ердан кўчиб кетганлар ҳадемай қайтади
Малатя 6 минг йилдан ортиқ тарихга эга туризм шаҳри. Дунёга ўрик боғлари билан машҳур. Мамлакатда ўрик етиштиришнинг қарийб 50 фоизи шу ҳудуд билан боғлиқ, 95 фоиз ўрик туршаги ҳам айни шу ҳудудда тайёрланади. Маълумотга кўра, нафақат Туркия, балки дунёдаги ўрик қоқиларининг 65-80 фоизи Малатя боғларида етиштирилиб, қуритилади ва тайёр маҳсулот хорижга экспорт қилинади. Ҳудудда 1978 йилдан буён ҳар йили июль ойида анъанавий ўрик фестивали ўтказилади.
Шундай қилиб, сафаримизнинг навбатдаги манзили Малатя вилояти бўлди. Дастлаб халқ кутубхонасида вилоят ҳокими Эрсин Язичи иштирокида журналистлар билан мулоқот ташкил этилди. Ҳоким қардош халқлар матбуот ходимлари билан мулоқот қилаётганидан мамнунлигини билдирди. Унинг айтишича, бошқа ҳудудларга қараганда Малатяда йўқотишлар нисбатан камроқ бўлди. Чунки аҳоли иккинчи тўлқиндан огоҳлантирилган. Тўғри, бинолар зарар кўрган, бироқ гап тириклик ҳақида кетар экан, моддиятнинг аҳамияти шу ерда йўқолади.
Таъкидланишича, шифохона ва клиникалар зарар кўрмаган, улар мунтазам ишлаб турибди. Зилзиладан азият чеккан фуқароларга ҳар ой нафақа ажратилмоқда. Ҳоким Малатяда ҳаёт қайнаётганини, кўп ўтмай бу ерни тарк этиб кетганлар яна она тупроққа қайтишига умид билдирди.
Баттолғози туманидаги Гелинжиктепа маҳалласида қурилган кўп қаватли уйлар малатяликларга фойдаланишга топширилмоқда. 35 уйда 726 та хонадон жойлашган. Аниқ ва пухта режа асосида қад ростлаган мазкур уйлар кириб яшашга тайёр қилиб таъмирланган.
– Ўтган йили зилзиладан сўнг чуқур руҳий босим остида эдим. Бу оғир вазият университет имтиҳонларига тайёргарлик кўришимга йўл бермади, – дейди Ойша Оғзикучук. – 18 ёшдаман. Университет имтиҳонларига тайёргарлик кўряпман. Зилзиладан сўнг оғир кунларни яшадик. Бизнинг маҳалламизда вайронагарчиликлар кўп бўлмади, шукр. Бироқ уйларимизга қайтишга қўрқдик, укаларим кичкина эди. Ҳовлига келдик. Нонушта қилаётганимизда, бирдан иккинчи зилзила содир бўлди. Биринчисини шиддатли бўлди деяптилар, мен учун иккинчиси кучли ва қўрқинчли эди. Тупроқ остида қолганлар ҳақида ўйлагим, эслагим келмайди. Қолганларнинг жони соғ бўлсин. Ҳадемай уйларимизга қайтамиз. Буни ўйласам, қувонаман.
Эрта улғайган болалик
Қандай фалокат ёки офат содир бўлмасин, ҳатто енгил мусибат ҳам болаларнинг ҳаётида чуқур из қолдиради. Уларнинг нозик руҳиятига соя солади. Шу каби зилзилалар ҳам туркиялик болаларни эрта улғайтирди. Уларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, кўпни кўрган одамдек фикрлайди. Эҳтимол, мусибат кўрган бошлар шундай бўлар?!
– Зилзила бўлган кунни яхши хотирлайман. Афшин туманида яшар эдик. Тунда зилзила бўлди. Саҳар Гўксунга – қариндошларимизникига йўл олдик. Бироқ у ерда кундузи яна зилзила бўлди. Дўстларим ва севимли устозларимнинг бир қанчасидан айрилдим. Энг яқин дугонам Эмине ҳам зилзила остида қолиб ҳалок бўлди. Уни унутолмай қийналаман, – дейди 10 ёшли Зайнаб.
Дарвоқе, мен Зайнаб ва унинг дугонаси Музайянни контейнер кутубхонада учратдим. Қизалоқлар дарсдан сўнг ҳар куни бу ерга келаркан. Уларнинг айтишича, кутубхонада дарс қилишга шароит бор. Китоблар етарли, мавзуга тушунмаса, кутубхоначи опалари ва унинг ёрдамчиси кўмакка шай. Уйда кичкина болалар кўп бўлгани учун шу ерга келиб дарс қилиш тинчроқ.
Зайнабнинг ҳикоясини Музайян давом эттиради:
– Ўша тонг уйимиз худди ҳалинчак каби солланарди. Жуда қўрқиб кетдим. Укам чақалоқ эди. Бундай вазиятда қочишнинг имкони йўқ эди. Кун жуда совуқ, қалтирар эдик. Биз машинада жон сақладик. Бувимларникига кетдик. Уларнинг ҳам уйи бузилган, бироқ омон қолишган. Тонгга қадар машинада ўтирдик. Сўнг дадам тахталардан чодир тиклади. Сўри қуриб, ўша ерда кун ўтказдик. Бутун оиламиз кичкина чодирда эди. Бир неча қариндошимиз ўлди, биз чодирда яшаркан, ота-онам жасади топилмаётган яқинларимизга жуда қайғурарди. Улар мени бола деб ўйлаб, паст овозда сўзлашса-да, бу воқеаларнинг барчасини тушуниб турардим. Ҳатто совуқ жонимдан ўтиб кетса-да, миқ этмасдим, чунки тирик қолганимизнинг ўзи етарли эди. Сўнг бу контейнер уйларга кўчдик.
Бераат 9 ёшда. Болакай 4-синфда ўқийди. Расм чизишга қизиқади. “Зилзила бизни улғайтириб қўйди. Аввал катталар бизга боладай муомала қилган бўлса, энди худди ўз тенгдошларидек гаплашади биз билан”, дейди у. Дарвоқе, Бераат у билан суратга тушишимни сўради. У билан суҳбатимиз чўзилгандан чўзилди. Ёруғ келажагидан, орзуларидан, олдига қўйган мақсадларидан сўз очди. Бир бола сўзидаги самимият, кўзидаги келажакка бўлган ишончдан қувондим, рости.
Бу болалардан ташқари, Эжрин ва Эсир исмли қизлар билан танишдик. Қизларнинг бири Адияман вилоятининг Дилек қишлоғидан келган, бири шу ерлик – малатялик. Улар рақс тўгарагида халқ ўйинларини ўрганаётган экан. Қизлар билан бир сафда болалар ҳам бор эди. Болаларни бу ерга бир офат – зилзила олиб келган бўлса, одамийлик ва бирдамлик туйғуси уларни бир-бирига дўст, оға-ини, опа-сингил қилган. Бу туйғу эса ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга қодир.
Башорат ЮНУСОВА
Тошкент-Қаҳрамонмараш-Адияман-Малатя-Тошкент
Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 40 сонида (2024 йил 24 февраль) чоп этилган.