Аслида қандай пул қайтарилиши керак?

Агар солиқ даври охирида ҚҚС бўйича ҳисобланган солиқ суммаси бюджетга тўлаш учун ҳисобга олинган солиқ суммасидан ортиқ бўлса, бу ҳолатда ҚҚСни ўрнини қоплаш (қайтариш) билан боғлиқ вазият юзага келади. Ушбу маблағларни солиқ тўловчи банк ҳисоб рақамига қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Ундан олдин эса қандай сумма қайтарилишини билиши зарур.

Амалдаги солиқ қонунчилигига кўра, ортиқча тўланган солиқ тўлови, ҳисобга олинган суммани айланмага ҳисобланган пулдан ошган қисми, 0 фоиз ставка қўллаш натижасида ҳосил бўлган маблағларни қайтариб олиш мумкин. Давлат солиқ идораларига ҚҚСни қоплаш ёки қайтариш бўйича солиқ тўловчи томонидан ариза келиб тушгач, 2 хил муддатда ариза берилган кундан бошлаб тезлашитирилган ва умумбелгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Тезлаштирилган тартибда, яъни 7 кундан кечиктирмаган ҳолатда йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхоналар, банк кафолатига эга шахсларга, экспортчи корхоналарга, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига ("0" ставка) ва солиқ мониторинги иштирокчиларига қайтарилади. Қолган барча солиқ тўловчиларнинг аризаси 60 кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Солиқ суммаларининг ўрнини қоплаш тартиби ва шартлари, камерал солиқ текширувини ўтказиш, шунингдек чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган товарларни олиб чиқишда уларга солиқ суммасини қайтариш (Тах free) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Жорий йилнинг 14 августида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу меъёрий ҳужжат билан Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, ҚҚС суммаси ўрнини қоплашнинг янги шартлари ва тартиби белгиланди.

Юртимизда тадбиркор кўп. Аммо барчаси ҳам солиқ қонунчилигининг моҳиятини билавермайди. Бунда солиқ хизмати ходимларининг тушунтириш ишларини олиб бориши жуда муҳимдир. Жумладан, “Солиқчи — тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатиб борилмоқда. Бунинг амалдаги самарасини Нукус шаҳридаги “Nukus textile” корхонаси мисолида кўриш мумкин. 2018 йили фаолияти қайта тикланган ушбу корхона пахта хомашёсидан ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Тайёр ип-калавалар, асосан, Хитой давлатига экспорт қилинади. Бу йил жамият томонидан 1197,5 минг АҚШ долларилик маҳсулот  четга сотилган.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда ушбу қарор билан “Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига мувофиқ, корхоналарга қўшилган қиймат солиғи бўйича ноль ставкани қўллаш натижасида вужудга келган ҚҚС салбий фарқ суммаси узоғи билан 7 кун ичида қайтарилиши белгиланган, — Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бош инспектори Ажинияз Абатов. — Ушбу корхона томонидан жорий йил январь-сентябрь ойлари давомида ҚҚСга нол ставка қўлланилган ҳолда махсулотлар экспорти амалга оширилганлиги натижасида жамиятнинг салбий фарқ суммаси ўрнини қопланиши лозим бўлган пул 370,6 млн. сўмни ташкил этди. Ушбу тартиб билан корхонанинг Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармасига берган аризасига биноан,  334,6 миллион сўм қайтариб берилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармасига жорий йил 14 августдан 30 октябргача умумий миқдори 111,3 млрд. сўм бўлган 227 та ариза келиб тушди. Шундан ҳозирга қадар 204 та ариза кўриб чиқилган, 23 таси эса ўрганиш жараёнида. Кўриб чиқилган аризалардан 75 таси қаноатлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига юборилиб, cолиқ тўловчиларнинг банк ҳисоб-варақларига 67,6 млрд.сўм миқдоридаги маблағлар қайта ҳисобланган.

Кегейли туманида жойлашган “Turan miya” МЧЖ шаклидаги корхона тадбиркорлари ҳам солиқ хизматчиларидан мамнун. Асосий фаолият тури қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўлган ушбу корхонада 214 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади.

— ҚҚСга нол ставка қўлланилган ҳолда махсулотлар экспорти амалга оширилганлиги натижасида жамиятнинг салбий фарқ суммаси ўрнини қопланиши лозим бўлган 682,3 млн. сўм жамият ҳисобварағига қайтарилди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳамит Айманов. — Жорий йил давомида жамият томонидан Хитой давлатига экспорт шартномаларига асосан, 1 миллион 186, 378 АҚШ доллари миқдорида қизил мия маҳсулотлари экспорт қилинган.

Беруний туманидаги ип калава маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган “Беруний текстил инвест” масъулияти чекланган жамиятида ҳозирда 380 нафар ишчи-ходим фаолият юритмоқда. Корхона Хитой мамлакатига 3,500 миллион АҚШ доллари миқдорида  экспортни амалга оширган.

— Жамият томонидан шу йилнинг январь-июль ойлари давомида ҚҚСга нол даражали ставка қўлланилган ҳолда махсулотлар экспорти амалга оширилганлиги натижасида салбий фарқ суммаси ўрнини қопланиши лозим бўлган 788 миллион сўм корхонанинг банкдаги ҳисобварағига қайтарилди, — деди Ҳамит Айманов.

ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш масаласи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади.

Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, харид қилинган ва реализация қилинган товарлар тўлиқ электрон тарзида амалга оширилмаганда, солиқни тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик фактлари аниқланганда, битимлар (операциялар) ҳақиқий солиқ тўловчи томонидан сўралган эмас деб топилганда рад этилиши мумкин.

Айтиш керакки, пандемиядан кейинги даврда ҚҚС суммасини қоплаш (қайтариш) масаласининг шаффоф ва тезкор тарзда ҳал этилиши алоҳида аҳамиятга эга. Сабаби, ҳар бир тадбиркор учун бу давлат томонидан берилган мақсадли ёрдам бўлиб, қайтарилган маблағларни эҳтиёжлари (айланма маблағларини ошириш, хом ашё харид қилиш, ходимларга иш ҳақи тўлаш ва бошқалар) учун ишлатиш имконини беради. Шунингдек, ҚҚС занжиридаги узилишларнинг олди олинади.

Соҳиба МУЛЛАЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири