Концепция бўйича углеводород конларини 3D усулда моделлаштириш, маълумотларни рақамлаштириш ва ягона маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда юритиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тарихида илк марта замонавий талабларга мос келадиган “OPEN-SPACE” моделлаштириш маркази барпо этилди.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган пресс-турда ушбу марказ фаолияти, сўнгги вақтларда тизимда амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар хусусида сўз борди.

— Илгари маълумотлар қоғозда бўлган бўлса, ҳозир ҳамма маълумотлар рақамлаштирилди, — деди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Усмонов. —  Албатта, тизимга рақамлаштириш натижасида ишимизни янада жадаллашди ва самарадорлик ортди.

Соҳа мутахассислари маълумотларига кўра, моделлаштириш маркази томонидан 2019-2023 йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги 7200 дан ортиқ қудуқ бўйича 470 мингга яқин геологик ва техник маълумот, 1400 дан ортиқ қудуқ бўйича 44 мингта геофизик тадқиқот натижалари ва 750 та сейсмик маълумот рақамлаштирилган.

— Янги конларни бурғилаш ва улардан газ ишлаб чиқариш доимий режамизда бор. Жорий йилда 123 та янги кон бўйича ишлаяпмиз. Уларни капитал таъмирлаш орқали мўлжалга эришиш мақсадида хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилмоқдамиз, — дейди ушбу марказ бўлим бошлиғи Анвар Муротов. — Газ қазиб олиш ва ишлаб чиқариш жараёни ҳам рақамлаштирилади. Бу борада “Е-kon” лойиҳаси жорий қилинмоқда. Бунда ҳар бир кон ҳудудида газ ишлаб чиқаришни онлайн кўриб туриш ва уларда зарур ишларни амалга ошириш имкони бўлади. Эътиборлиси, маълумотларни яхлит тизимда бирлаштириш асосида Ўзбекистон нефть ва газ саноатининг ягона миллий маълумотлар базаси яратилди. Миллий маълумотлар базасини лойиҳалаштириш, зарур моддий-техник ресурсларни етказиб бериш, уларни ўрнатиш ва ишга туширишда АҚШнинг “Schlumberger” компанияси билан ҳамкорлик қилинди. Ҳозир  углеводород конларининг рақамли 3Д геологик ва гидродинамик моделларини тузиш ва ишлаб чиқаришга босқичма-босқич татбиқ этиш ишлари амалга оширилмоқда. Ер ости геологик маълумотларини рақамлаштириш орқали 122 та коннинг рақамли геологик, 83 та коннинг гидродинамик, 52 та коннинг ер усти тармоқ моделлари, 6 та интеграл, 2 та регионал модели ва 4 та коннинг “Techlog” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Моделлаштиришнинг афзаллиги шундаки, рақамли геологик, гидродинамик ва тармоқ моделлар ишлаб чиқаришга татбиқ қлиниши натижасида мавжуд хатарлар камайишига эришилди.

Хусусан, Қуйи шарқий Бердақ, Қуйи Сургил, Шўртан, Денгизкўл, Алан, Тегирмон, Қулбешкак, Дояхотин ва бошқа кўплаб конлардаги бурғилаш учун мўлжалланган 150 дан ортиқ қудуқнинг лойиҳавий жойлашув ўрни қайта кўриб чиқилиб, истиқболи юқори жойларга ўзгартирилди ва конструкцияси оптимизация қилиниб, ижобий натижага эришилмоқда. Ишлатилаётган конларда геологик хатар илгари 40-45 фоиз бўлган бўлса, ҳозир 5-10 фоизгача камайтирилди. Рақамли трансформация натижасида олинган самара 66,7 миллион долларни ташкил этди.

Тадбир доирасида соҳа мутасаддилари, марказ томонидан жорий йилда конларнинг геологик ва гидродинамик моделларидан ташқари уларнинг тармоқ ва регионал моделларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга интеграция қилиш ишлари амалга оширилиши ҳақида ҳам тўлиқ маълумот берилди.

  Жорий йилда янги очиладиган барча конларнинг геологик модели, 28 та коннинг гидродинамик модели, 40 та коннинг тармоқ модели, шунингдек, Муборак ва Шўртан нефтгаз ҳудудлари бўйича ҳамда Бухоро – Хива региони риф тизимига оид жами 3 та регионал модел тузилади.

Пресс-тур доирасида жамият бошқаруви раиси Улуғбек Назаров “Ўзбекнефтгаз” АЖ конларини рақамлаштириш бўйича “Е-kon” лойиҳасининг мақсади ва ундан кутилаётган натижалар хусусида маълумот берди.

— “O‘ZLITINEFTGAZ” АЖ конларнинг эксплуатация кўрсаткичларини прогноз қилиш воситалари ёрдамида жадал суръатларда углеводород хомашёси қазиб олиш тизимини тезкор таҳлил қилиш ва бошқариш бўйича дастурий-техник комплекс ишлаб чиқмоқда. Бу тизимнинг мақсади ер усти жиҳозлаш тизимлари билан интеграциялашган тарзда табиий газ қазиб олишни тўлиқ ахборотлаштириш ва рақамлаштиришдан иборат.

Бу орқали конлардаги қазиб олинган табиий газни йўлдош сувдан ажратиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, ҳар бир қудуқнинг технологик иш режимини, умуман, конларни оптималлаштириш бўйича қудуқ унумдорлигининг ҳақиқий қийматини ҳисобга олишга эришилади. Бугунги кунга қадар “Е-kon” базавий дастурий-техник комплекси, шунингдек, конларни рақамлаштиришнинг ер усти жиҳозлашни тезкор бошқариш тизими (SCADA) ишлаб чиқилган.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири.