Бугун Самарқанд шаҳридаги марказий чиқинди полигонида божхона органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида йўқ қилиш тадбири бўлиб ўтди. 

Тадбир давомида тамаки маҳсулотлари махсус техникалар кўмагида янчилди, сувга бўктирилди ва якунда бутунлай яроқсиз ҳолга келгач, кўмиб юборилди. 

Тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбири доирасида журналистлар ва блогерлар учун брифинг ҳам ташкил қилинди. 

Брифингда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Мухаммадиевнинг маълум қилишича, 2023 йилнинг ўтган даврида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 229 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати 76,2 миллиард сўмлик салкам 4,9 млн. қути тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1,5 млн. қутини ташкил қилган.

Самарқанд вилоятида эса жорий йилда божхона ходимлари томонидан аниқланган 16 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати 2,1 миллиард сўмлик 148 минг 819  тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги 200-сон қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.