Мазкур ҳужжат билан 2 та кодекс ва 7 та қонунга исломий молия стандартларини жорий этувчи янги нормалар киритилмоқда.

Қонунга кўра, эндиликда банклар учун исломий банк фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи алоҳида лицензия тури жорий этилади. Бунда банклар тўлиқ исломий банк сифатида ёки анъанавий фаолият билан бир вақтда «исломий дарча» хизматларини кўрсатиши мумкин бўлади. Жараённи мувофиқлаштириш учун Марказий банк ва тижорат банкларида махсус исломий молия кенгашлари ташкил этилади.

Исломий молия операцияларининг ўзига хос жиҳатлари инобатга олиниб, Солиқ кодексига алоҳида боб қўшилди. Унга кўра:

  • Исломий молиядан олинган даромадлар солиқ солишда фоизли даромадларга тенглаштирилади;
  • Банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан мижозга сотиладиган товарларга қўйиладиган устама ҚҚСдан озод қилинади.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу ислоҳот аҳоли ва тадбиркорлар учун молиявий хизматлар қамровини кенгайтиради. Шунингдек, тизимда рақобат муҳитини яхшилаб, мамлакат иқтисодиётига янги стратегик инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади.