Юртимизда халқаро андазалар даражасида тиббий хизмат кўрсатадиган тизимни барпо этиш, халқимизни соғломлаштириш борасидаги вазифалар “Инсон қадри учун” тамойилининг асосини ташкил этиб келмоқда. Ҳар бир фуқаронинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини ўзида мужассам этган ушбу ғоя соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган янгиланишларда ўз ифодасини топаётир. Одамларнинг бахтли-саодатли, бугунидан рози бўлиб яшаши учун тиббиёт тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳам аҳоли саломатлигига қаратилган юксак эътибордан далолат.

Шу йилнинг 18 март куни Президентимиз соғлиқни сақлаш ходимлари билан учрашув чоғида 7 та муҳим йўналишни кўрсатиб ўтган ва ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Жумладан, бирламчи тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш устувор вазифалардан бири сифатида кўрсатилган.

Бу борадаги муаммоларга ечим сифатида мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий­санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини оширишга доир тизимли ишлар йўлга қўйилди. Натижада умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор, қишлоқ врачлик пункт и оилавий шифокор пункти, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиникага айлантирилди.

Мутахассисларнинг педиатрия, терапия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ёрдамида тиббий хариталар орқали манзилли иш олиб бориши йўлга қўйилди. Оммавий шаклдаги профилактик ва чуқурлаштирилган кўриклар ўрнига мақсадли скрининг дастурлари, тотал патронаж ўрнига универсал, прогрессив патронаж тизими жорий қилинди. Бир сўз билан айтганда, тиббиётнинг бирламчи бўғини тўғридан­тўғри бемор билан ишлайдиган, касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизим сифатида шакллантирилди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 22­оилавий поликлиникага ташриф буюриб, қилинган ишлар, яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Аҳоли ва шифокорлар, ҳамшира ва беморлар учун мавжуд имкониятларни кўздан кечирди.

Уч қаватли ушбу замонавий муассаса 56 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Поликлиникада болалар ҳамда физиотерапия бўлимлари, кундузги стационар фаолияти йўлга қўйилган. Мутахассислик хоналари ва лабораториялар барча зарур анжомлар билан жиҳозланган. Хориждан энг сўнгги русумдаги физиотерапия ускуналари келтирилган. Бепул тарқатиладиган дорилар ва шифокор қабулидан олдинги кўрик хоналари ташкил этилган. 65 нафар шифокор ва кўплаб ҳамширалар беморлар дардига малҳам бўлаётир.

 — Поликлиникамизда 23 та тиббий бригада фаолияти йўлга қўйилган, — дейди Учтепа туманидаги 22 ­оилавий поликлиника бош шифокори Нигора Шамсиева. — Фуқароларга бир шифокор ва тўрт нафар ҳамширадан иборат тиббий бригада хизмат кўрсатади. Тор мутахассислар тўртинчи гуруҳга мансуб хасталарга қарайди, шунингдек, ётиб қолган беморлар уйига бориб зарур муолажаларни ўтказади.

Тиббиёт соҳасидаги энг устувор вазифалардан бири малакали тиббий хизматнинг ҳар бир хонадонга кириб боришини таъминлашдир. Бу борадаги хайрли ишларга бугун ҳар бир юртдошимиз ўзининг ҳаёти мисолида гувоҳ бўлиб турибди.

— Анча йилдан бери юрак-­қон томир касаллиги безовта қилади. Оғир операцияни бошдан ўтказганман, — дейди Шафтолизор маҳалласида истиқомат қилувчи Маҳмуда Қодирова. — Поликлиникада кундузги стационар ташкил этилгани мен каби беморлар учун қулай бўлди. Ҳозир шу ерда даволаняпман. Барча шароит яратилган, малакали шифокорлар бошимизда парвона. Илгари текин бериладиган дори­дармон йўқ эди. Кераклисини шифокор ёзиб берар, харид қилишга эса доим ҳам имкониятимиз бўлмасди. Энди зарур дори воситалари бепул бериляпти.

Поликлиникада 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳолининг саломатлик профили (овқатланиш характери, тамакига қарамлик, тана вазни индекси, артериал босим, қондаги қанд ва холестерин даражаси ва бошқалар)ни баҳолаш, 40 ёшдан ошган аҳолини оилавий поликлиника ва тиббиёт бригадалари  орқали манзилли скрининг текширувларидан ўтказиш йўлга қўйилган.

Мамлакатимизда тиббиётнинг бирламчи бўғинига кучли эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Таъкидланишича, авваллари юртимизда ўлим ҳолатининг 60 фоизи ана шу бўғиндаги камчиликлар, масалан, юрак­-қон томир касалликларига ўз вақтида тўғри ташхис қўя олмаслик туфайли содир бўлган. Саратон хасталиги беморларда касаллик сўнгги босқичга ўтганидан кейин аниқланган. Хуллас, мазкур тизим ўз вазифасини тўла­-тўкис бажара олмаган. Энди ана шу камчиликлар бартараф этилиб, аҳолининг малакали тиббий ёрдамдан тўлиқ фойдаланишига кўмаклашиш, умр давомийлигини узайтириш бўйича изчил ишлар бажарилаётир.

Президентимиз билан мулоқотда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, касалликларнинг олдини олиш ҳақида ҳам сўз борди.

— Кўп ҳолларда касалликни инсоннинг ўзи келтириб чиқаради: кам ҳаракатда бўлади, тўғри овқатланмайди, соғлиғига қарамайди. Буни бирламчи бўғин кенг тушунтириши керак. Аҳолини дори билан эмас, профилактика билан соғломлаштириш зарур. Одамларнинг ўз соғлиғига эътиборини кучайтириш, скрининг текширувларини мунтазам ўтказиб бориш керак, — деди давлатимиз раҳбари.

Дарҳақиқат, ҳар қандай касалликни даволагандан кўра, олдини олган афзал. Бирламчи тизимни жонлантиришдан кўзланган мақсад ҳам шу. Яна аҳолининг саломатлигини яхшилаш, умрини узайтириш, соғлом кексаликни таъминлаш ҳам муҳим. Зеро, фақат соғлом миллат баркамол авлодни тарбиялашга қодир бўлади. Бирламчи бўғинни маҳаллагача тушириш бўйича бошлаган ишлар самарасига бугун юртдошларимиз мана шу поликлиника мисолида гувоҳ бўлиб турибди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида янгиланишлар тизимдаги барча йўналишларни қамраб олмоқда. Жумладан, тиббиётнинг уч босқичли миллий модели — бирламчи тиббий санитария, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тизимини янада такомиллаштириш борасидаги чора-­тадбирлар замирида ҳам халқимиз розилигига эришиш мақсади мужассам.

Давлатимиз раҳбари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида барпо этилган янги хирургия мажмуаси имкониятлари билан ҳам танишди. Беш қаватли, 75 ўринга мўлжалланган мажмуада шошилинч тиббий ёрдамдаги энг ноёб соҳалар — кардиохирургия, нейроваскуляр хирургия ҳамда трансплантология қамраб олинган.

Бинода 25 ўринли кардиохирургия, 25 ўринли трансплантология, 25 ўринли нейро­қон томир хирургияси бўлимлари, 6 та замонавий амалиёт хонаси ва 12 ўринли реанимация бўлими фаолият юритади.

Хирургия мажмуасининг тўлиқ ишга туширилиши натижасида кардиохирургия бўлимида йилига 700 дан ортиқ мураккаб операция ўтказиш имконияти пайдо бўлади. Илгари бундай амалиётлар 300 тадан ошмас эди. Трансплантология бўлимида бир йилда 100 дан зиёд амалиёт ўтказилган бўлса, келгусида буйрак ва жигар бўлагини кўчириб ўтказиш бўйича йилига 300 дан зиёд амалиёт бажарилиши учун шароит яратилади. Нейрохирургия бўлимида бош мия қон томири нуқсонларини хирургик даволаш натижасида чуқур ногиронликка маҳкум бўлган беморларда йилига 200 дан зиёд ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилиши кўзда тутилган.

Бу нима дегани? Мисол учун, илгари бош мия хасталигига чалинганларда жарроҳлик амалиёти кесув йўли орқали ўтказилган бўлса, янги жиҳозлар томир йўлидан бориб шу операцияларни бажаради. Олдин бошда ўсма бўлса, мутахассислар МСКТ аппарати тасвирига қараб жарроҳлик усулини белгилаган. Ҳозирги замонавий, сўнгги русумдаги навигаторлар жарроҳлик амалиёти пайтида шифокорга йўналиш бериб туради. Мана шундай тиббий жиҳозлар беморларнинг дарддан фориғ бўлиб, саломатлигини тиклашига катта ҳисса қўшади. Интервенцион муолажалар бўлимида ҳар йили ўткир коронар синдром, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишида юқори даражадаги минимал инвазив диагностика ва даволаш бўйича қўшимча 1000 дан зиёд муолажа бажарилади.

— Аҳоли сонининг ортиб бораётгани, мурожаатлар кўплиги янги хирургия мажмуасини барпо этиш заруратини юзага келтирди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов. — Тиббиётнинг энг сўнгги ютуқларини ўзида мужассам этган ушбу мажмуада йилига қўшимча 3000 нафар беморга юқори технологик шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин. У 7,5 миллион долларлик юқори технологик тиббий жиҳозлар билан таъминланган.

Мажмуа нафақат даволаш ишларига мўлжалланган, балки бу ерда илмий марказ ҳам ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Юқори технологик тиббий жиҳозлар билан ишлайдиган, мураккаб жарроҳлик амалиётини бажарадиган ходимларни тайёрлаш вазифаси юклатилди. Бу тизимда ишлаётган мутахассисларни тайёрлашда катта ёрдам беради.

Давлатимиз раҳбари шу ерда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимининг моддий­техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг тажриба ва малакасини ҳамда моддий манфаатдорлигини оширишга доир муҳим топшириқлар берди. Бу вазифалар кўлами ва миқёсига кўра, тизимдаги энг оғриқли нуқталардаги муаммолар ечимига қаратилгани билан эътиборга молик.

Даврлар ошиб келаётган яна бир ҳақиқат бор. У шундан иборатки, соғлом халқнинг руҳи баланд, кайфияти жойида бўлади. Бугунига миннатдорлик, эртанги кунга ишонч билан қарайди. Энг муҳими, аниқ мақсад­муддао, орзу­умид билан яшайди. Ёруғ ниятлари соғлом халқни доим мамлакат тараққиёти учун камарбаста бўлишга, баркамол ўғил-­қизларни камолга етказишга ундайди. Пировардида, бу эзгу мақсадлар давлатнинг қудратига сабаб бўлувчи бемисл кучга айланади. Ўзбекистон айни пайтда мана шу чўққига интилмоқда. Бу борадаги саъй­-ҳаракатлар, шубҳасиз, ўз рўёбини топади.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири