Ҳисоб-китобларга кўра, дарахтларнинг кесилиши натижасида келиб чиқадиган умумбашарий зарарни қоплаш учун ҳар йили 150 миллион гектар ерга кўчат экишимиз керак экан. Агар бир йилда 100 миллион туп кўчат эксак, атмосферага карбонат ангидрид гази чиқарилишини 18 минг тоннага қисқартирган бўламиз. Шу орқали биологик хилма-хиллик сақлаб қолиниши баробарида сув тошқинлари, қурғоқчилик, тупроқ эрозиясининг ҳам олди олинади.

Ҳозирги кунда юртимизда  75 турдан ортиқ  дарахт ва бута турлари ўсади. Бундан ташқари, повловния, клон терак навлари, магнолия, пекан, пираканта каби ўндан ортиқ чўл-яйлов ўсимликлари иқлимимизга мослаштирилиб ўстирилмоқда.

Жорий йилда ўрмон хўжаликлари томонидан 85,2 миллион дона дарахт ва бута ниҳоллари ҳамда кўчатлари етиштирилди. Кўкаламзорлаштириш мақсадида 15 миллион дона тут кўчатлари парваришланмоқда. Шунингдек, ўрмон хўжаликлари томонидан 20 миллион дона тез ўсувчи дарахтлар қаламчалари тайёрланди.

ИНВЕСТИЦИЯЛАР — ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Ҳар бир соҳа ривожини таъминлайдиган муҳим омиллардан бири – унга инвестицияларни жалб қилиш ҳисобланади. Тадбиркорларга ўрмон фондидаги ерларни ижарага бериш тизими бандлик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имкониятини кенгайтиради. Яна бир жиҳатни инобатга олиш керакки, ўрмон ҳудудларида туризмни ривожлантириш учун жуда катта захиралар мавжуд. Бу борада тадбиркорлик имкониятларидан фойдаланиш яхши самара беради.

2020 йилнинг тўртинчи чорагидан 2021 йил 1 июнига қадар ҳудудлардаги бандликка кўмаклашиш марказларида рўйхатда турган жами 350 нафар ёшни иш билан таъминлаш мақсадида 1052,8 гектар ер майдонлари ижара шартномаси асосида ажратиб берилди. Уларнинг фаолият турлари ўрмон ва мевали боғлар,  лимонария, яйлов ва пичанзорлар барпо қилиш, қишлоқ хўжалик экинларини экиш, кўчатчилик ва тутзорлар яратиш, доривор ўсимликларни етиштириш ва экотуризмни ривожлантиришни қамраб олган. Мазкур йўналишдаги тадбиркорлар учун қатор имтиёзлар ҳам мавжуд.

— Салоҳиятли инвестор ва тадбиркорларга инветицион лойиҳалари бўйича ўрмон фонди ерларининг самарасиз майдонларини фойдаланишга киритиш юзасидан 5 мингга яқин ижарага бериш шартномалари расмийлаштирилиб, 587,2 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, — дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Анвар Рўзиев. — Бу 11 мингддан ортиқ янги иш ўринлари ҳам демакдир. 2020–2022 йилларда ўрмон фонди ерларини ижарага олган ижарачиларга ўзлаштирилмаган ер участкаларида янгидан ёнғоқ мевали боғлар ва тез ўсувчи дарахтлар етиштириши учун 5 йил, саксовул, черкез, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликлари плантацияларини барпо этиш учун эса ўн йил, доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш учун уч йил муддатга нол ставкада фойдаланишга берилди.

Албатта, бу каби енгилликлар тадбиркорлар ва атроф-муҳит учун муҳим аҳамиятга эга. Боиси яшил ҳудудларни қанчалик кўпайтирсак, экологияга шунчалик фойда келтирган бўламиз.

ЯРИМ  ҚАРИЧЛИК  НИҲОЛ   БИР ЙИЛ ЎТМАЙ  4 МЕТРГА ЕТДИ

Гулистон туманида яшовчи Матрасул Курязов ҳам мазкур имкониятлардан ўринли фойдаланиб, 22 гектар ерни 49 йил мобайнида фойдаланиш учун ижарага олиб, 15 минг туп павловния дарахтини экди. Ўзининг таъкидлашича, ўрмон фондидаги узоқ вақт фойдаланилмаган, ишлов берилмаган бундай ерлар кишидан анчагина меҳнат талаб қилади. Аммо қунт билан ёндашса, ўрмончилик сердаромад соҳа.

— Авваллари автомашиналарни ювиш шаҳобчасида ишлардим, — дейди Матрасул ака. — Деҳқончиликка ҳам қизиқишим бор эди. Павловния етиштираётган деҳқонлар билан тасодифан суҳбатлашиб қолганман ва унга қизиқишим ортган. Соҳада яратилаётган имкониятлар ва биз каби ижарага ер олувчиларга берилаётган имтиёзлар қизиқишларимни мақсадга айлантириб, ҳаракат қилишимга сабаб бўлган. 10 сантиметрлик ниҳолларни қадаганимизга ҳали бир йил бўлмади. Ҳозирда уларнинг бўйи 4 метргача етади. Павловниядан катта даромад олиш мумкин. Бундай дарахтлар улкан миқдордаги биомасса беради, улардан олинадиган пилет ёқилғисидан эса муқобил енергия манбаи сифатида фойдаланиш мумкин. Кўмирни эслатувчи пилек ва брикет ёқилғилари ёнганида ўзидан кул қолдирмайди.  Кейинчалик асаларичилик билан ҳам шуғулланмоқчиман. Сабаби павловния плантацияларидан юқори сифатли асал олиш мумкин. Шунингдек, дарахт ораларига резаворлар экишни ҳам ният қилганман.

Павловния ёғочи сип-силлиқ бўлиб, қуриганда буралиб кетмаслиги  сифатли ёғоч олиш имконини беради. Дарахт танасида ёғ мавжуд бўлгани боис унинг сувга қаршилиги бор. Бўкиб қолмайди. Шунингдек, оловбардошлиги билан ҳам ажралиб туради. Умуман олганда, зарур агротехник тадбирларни вақтида амалга оширса, кўплаб ўсимликлар ҳавони мусоффолаштириши билан бир қаторда  каттагина даромад манбаи ҳам бўла олади.

Бебаҳо мўжиза, ҳаёт ва табиат мувозанатини сақлаб, инсониятга минг йиллардан бери хизмат қилиб келаётган ўрмонларни асраб-авайлаш, шаҳар ва қишлоқларда мевали ва манзарали дарахтларни кўпайтириб, улардан оқилона фойдаланиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканини унутмаслигимиз керак. Аммо соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирларга ҳайрихохлик қилиш ўрнига дарахтларни ноқонуний тарзда кесиш ҳолатлари ҳам учраб тургани ачинарли ҳолат. Биз табиатга қандай муносабатда бўлсак, у ҳам бизга шунга муносиб жавоб қайтаради.

Соҳада илмий тадқиқот лойиҳаларини кучайтириш ўсимлик ва ҳайвонот оламини қайта тиклаш, табиий ресурсларни сақлаш, ҳудуддаги аҳоли ҳаёт сифатини ва яшаш тарзини яхшилаш, келажак авлодга табиатни шу ҳолида етказиш имконини беради.

 — 2018–2021 йилларда 14 та илмий лойиҳа бажарилган бўлиб, шундан 11 та инновацион ишланмалар амалиётга жорий этилди, — дейди Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори Абдушукур Ҳамзаев. —  Бунинг натижасида 76 турдаги дунё селекциясига таълуқли ёғочбоб, тез ўсувчи дурагай терак, повловниянинг иккита “шанг-тонг” ва “томентоза” навлари “ин-витро” лабораторияларида кўпайтирилди. Қолаверса, хандон пистанинг 13 та янги нави яратилиб, Навоий вилояти ўрмон хўжаликларида 900 гектар майдонга, Жиззах вилоятида 1000, Андижон вилоятида 2000,  Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 1000 гектар майдонда писта палантациялари барпо этилди. 15 дан ортиқ турдаги янги доривор ўсимликлар, хусусан, зафарон, цистанхе, дамашқ атиргули, годжи, гуава, эхинация  каби ўсимликларни очиқ жойларда ва иссиқхонада кўпайтириш ҳамда турли иқлим шароитларида плантациялар барпо этишнинг инновацион агротехнологиялари ишлаб чиқилди.

ШАҲАР ЭКОТИЗМИ БАРҚАРОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

Соҳада амалга оширилаётган ишлар кутилган натижаларни бериши учун қайсидир маънода барчамиз масъулмиз. Чекловларга қарамай дарахтларни кесишимиз, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлашимиз оқибатида кўз ўнгимизда бутун бошли экотизмлар йўқ бўлиб, сув-ботқоқлик майдонлари қуриб, чўл ҳудудлари тобора кенгаймоқда. Бугун инсоният олдида глобал исиш, иқлим ўзгариши каби қатор экологик таҳдидлар кўндаланг турибди. Бу каби хавфларни камайтириб, экологик барқарорликни таъминловчи тизимлардан бири шаҳар экотизими ҳисобланади. Мана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, 2021 йил октябрь–ноябрь ойларида 55 миллион дона, келгуси йил баҳор мавсумида автомобиль йўллари, дала четлари, аҳоли масканларида 70 миллион дона тут, повловния каби мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек, тез ўсувчи бошқа кўчатларни экиш вазифаси қўйилди.

Маълумотларга эътибор берадиган бўлсак, ер сайёрасининг атига 3 фоизини эгаллашига қарамай  энергиянинг 60-80 фоизи шаҳарларда истеъмол қилиниб, атмосферага чиқарилаётган углерод газининг 75 фоизи ҳам улар хиссасига тўғри келади. Яшил майдонлар, ўсимлик дунёси шу ерда истиқомат қулувчи инсонлар учун энг асосий ҳаёт манбаи эканини инобатга оладиган бўлсак, шаҳар экотизмини асраб авайлаш нечоғлик муҳимлигини англаш қийин эмас. Шаҳарларда дарахт билан қопланган майдонни 10 фоизга ошириш, иситиш ёки совутиш учун энергия сарфини 10 фоизгача камайтириш имконини беради. Яшил хиёбонларнинг яна бир муҳим жиҳати борки, улар ифлосланган ҳавонинг 85 фоизини фильтрлай олади. Нима учун бизга шунча имкониятлар туҳфа этадиган “қўрғон”ни барбод қилишимиз керак.

COVID–19 касаллиги билан боғлиқ ҳолатларнинг кўпчилиги айнан шаҳар аҳолисида қайд этилган. Шу жиҳатдан ҳам соғлом турмуш тарзи яшил майдонларга бориб тақалади. Тадқиқотларга кўра, шаҳар ҳудудидаги яшил зоналарга яқин жойда истиқомат қилувчи аҳоли жисмоний жиҳатдан фаол бўлиб, уларда ортиқча вазн ва юрак-қон томир касалликлари нисбатан кам учрайди.

Йилдан йилга глобал иқлим ўзгариши, аномал иссиқликларга ўрганиб боряпмиз. Буларга инсониятнинг баъзан билиб, баъзан билмай экотизм барқарорлигига путур етказиши ҳам сабаб бўлмоқда. Демакки, табиатни асраб-авайлаш доимий қоидага айланмоғи шарт.

Келажак авлодлар олдидаги масъулиятни чуқур англаган ҳолда мамлакатимизда шаҳарларни яшил ва обод масканга айлантириш бўйича  эзгу ташаббусларни амалга оширишда давлат бошқарув органлари билан биргаликда биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Соҳа фақатгина мутасадди ташкилотлар, олимларнинг эътиборини талаб қилмайди. Экотизм мувозанатини сақлашда чекка қишлоқ ёки катта мегополисларда истиқомат қилаётган ҳар бир  инсоннинг муносабати ва саъй-ҳаракати ҳам муҳим ўрин тутади.   

Феруза ЖЎРАЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири