Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир туман ва шаҳар кесимида аёллар бизнес лойиҳалари рўйхатини шакллантириб, ойма-ой молиялаштириш, хотин-қизлар тадбиркорлиги дастури доирасида соддалаштирилган кредитлар ва грантлар ажратиш бўйича бир қатор топшириқлар берилди.
Аёллар ишбилармонлигини ривожлантиришга қаратилаётган бундай эътибор ва имтиёзлар Бўстонлиқ туманидаги Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Нигора Турсунова каби аниқ мақсади томон дадил интилаётган, тадбиркорликнинг барча йўналишларида ўзини синаб кўришдан асло чўчимайдиган фаол аёлларга янада куч-ғайрат бағишлайди.
— Президентимизнинг доимо аёлларни қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама кўмак беришга қаратилган ташаббуслари бугун минглаб хотин-қизларнинг қалбида ишонч, шижоат ҳамда миннатдорлик туйғуларини уйғотмоқда, — деди Бўстонлиқ туманидаги Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Нигора Турсунова. — Йиғилишда мутасадди ташкилотларга 33 минг 380 нафар аёлни ҳаётга қизиқишини ошириш ва касбга ўргатиш бўйича қисқа ўқув курсларини ташкил этиш, уларда микроқарз олиш ниятидаги ёшлар ва аёлларни бепул ўқитиш вазифаси топширилди. Бу таълимнинг кейинги босқичларини давом эттириш ёки пуллик курсларда таҳсил олишга шароити бўлмаган хотин-қизлар учун катта имконият. Бепул ўқув курслари уларнинг ҳунар ўрганиши, хусусий тадбиркорлик ишини бошлаб, ўзи ва атрофдагиларни иш билан таъминлашида кўмак бўлади. Шунингдек, йиғилишда нодавлат ташкилотлар ўртасида танлов ўтказиб, энг яхши ўқув марказига грант ажратилишининг белгиланиши мазкур йўналишда фаолият юритаётган марказлар ўртасида рақобат муҳитини шакллантириб, ўқув тизимига янада илғор усуллар, технологияларни жорий этишига туртки беради.
Айни кез тумандаги тадбиркорлик маркази фаолиятини самарали йўлга қўйган Нигора Турсунова ҳудуддаги кўплаб уй бекаларини ишбилармонликка жалб этиб, ўз ишларини бошлашларида яқиндан кўмак бериб келмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида бугун республиканинг барча ҳудудларида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилган. Тошкент вилоятининг 14 та туман ва шаҳарларида ҳам ана шундай марказлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, Бўстонлиқ туманидаги марказ 2019 йил октябрь ойидан иш бошлади.
Марказда Нигора опа бошчилигида асаларичилик, уй меҳмонхонаси, тикувчилик, фермерлик, паррандачилик, томорқачилик ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича аёллар ўқитилмоқда. 48 соатга мўлжалланган бир ҳафталик курсларнинг ҳар бирида 20 нафардан тингловчи иштирок этади. Семинарларга малакали мутахассислар, тадбиркорлик соҳасида катта муваффақиятга эришган раҳбар аёллар жалб этилади.
— Тадбиркорлик марказининг асосий фаолияти уйда ўтирадиган ишсиз аёлларни ўқитиш жараёнида уларни кичик ва ўрта бизнесни ташкил этишда яратилаётган имкониятлар, бу борадаги янги ҳуқуқий ҳужжатлар, кредит олишдаги имтиёзлар билан таништириш орқали ўз ғояларини амалиётга татбиқ этишларида кўмаклашишдан иборат, — дейди Нигора Турсунова. — Бизда фаол аёллар жуда кўп. Улар ўз имкониятларини бир вақтнинг ўзида турли тармоқларга йўналтира олишга қодир. Бирор ишни бошласа, албатта, уддалаб кетади. Кўпчилигида яхши ғоялар бор. Шунчаки, уларни амалга оширишлари учун озгина қўллаб-қувватлаш, йўл-йўриғини кўрсатиш керак. Марказимизга ана шундай тадбиркорликка иштиёқи бор аёллар жалб қилинади. Бугунга қадар 150 га яқин хотин-қизлар ўқитилган бўлса, улардан кўпчилиги ўз хусусий бизнесини йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Марказ кўмагида туманимизда тадбиркор аёллар сони ортиб бораётгани бизни қувонтиради.
Ҳақиқатан, туманда тадбиркорликка қизиқувчи хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Нигора опага ҳавас қилган шогирдларининг айримлари имтиёзли кредит асосида асаларичилик, уй меҳмонхонаси ва бошқа йўналишларда ўз бизнесини йўлга қўйиб, бир қанча ёшларни иш билан таъминлаяпти. Яна бошқа аёллар эса марказда ҳунар ўрганиб, уйида касаначилик, тикувчилик, пиллачилик билан шуғулланиб, оилавий даромадининг ортишига ҳисса қўшмоқда.
Нигора опа марказ тингловчиларини ўқитиб, уларга кредит олишда кўмаклашиш билан кифояланмайди. Ўқувчиларининг кейинги фаолияти билан ҳам қизиқади. Улар бошлаган ишлар билан яқиндан танишиб, ёш тадбиркорлардан зарур маслаҳатларини аямайди. Шундан бўлса керак, туман аҳли Нигора Турсуновани жуда масъулиятли, меҳнатсевар, жонкуяр аёл сифатида ҳурмат қилади, ташаббусларига доим хайрихоҳ бўлади.
Қийинчиликларга енгилмаган фермер аёл
Нигора Турсунова тадбиркорликни яхши тушуниши, аёлларга бу борада яқиндан ёрдам бериб келаётгани бежиз эмас. Унинг ўзи ҳам узоқ йиллардан буён ана шу соҳа «қозонида қайнаб», ишбилармонликнинг машаққатию қувончли онларини бошидан ўтказмоқда.
Оддий ишчи оиласида туғилиб, вояга етган Нигора опанинг болалиги меҳнатда ўтди. Умумтаълим мактабини тугатиб, Тошкент шаҳар педагогика билим юртини тамомлагач, 14 йил давомида мактабгача таълим муассасасида ишлади.
Аммо доим хаёлларини янгича ғоялар банд қилган, тадбиркорликни бошлашга бўлган иштиёқ сира тинчлик бермади. 2000 йилда «Холис савдо» фирмасига асос солди. Мамлакатимизда биринчилардан бўлиб ярим тайёр егуликлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Фаолиятини кенгайтириб, бир вақтнинг ўзида ҳам савдо-сотиқ, ҳам ишлаб чиқаришни олиб борди.
Кейинроқ Нигора опа тадбиркорлик фаолиятини фермерлик йўналишида давом эттиришга қарор қилди. Болалигидан фермер отасининг ёнида юриб, ерга меҳри қўйгани учунми, оиладаги қаршиликларга қарамай, 2013 йилда аукционда қатнашди ва ер харид қилди. Келаси йили эса «Олтин боғ барака» фермер хўжалигини ташкил этди. Ҳосилдан чиқиб қолган ерларни яроқли ҳолга келтириш осон бўлмади. Катта машаққат эвазига 14 гектар майдон мева ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига айлантирилди. Ҳозир хўжаликда 6 нафар доимий, 10-15 нафар мавсумий ишчи меҳнат билан банд.
— Иш бошлаган вақтларимда илк 4-5 йил мен учун қийинчилик даври бўлди, — деди Нигора Турсунова суҳбат давомида. — Ҳосилдорлик кам бўлгани боис, даромад ҳам шунга яраша эди. Гилос, узум боғларини ташкил этганимиздан сўнг даромадга кира бошладик. Аммо бу ҳудудларга сув етиб келиши катта муаммо. Яқин вақтгача сабзавот майдонларимизда экилган экинлар пишиқчиликка етмай қуриб қоларди. Ҳар йили сабзавот экинлари нобуд бўлиб, режадаги ҳосилни ололмасдик. Асосий даромадим сувсизликка чидамли бўлган гилос ва узум боғларидан бўлган. Аммо Президентимиз қарори билан бугун энг чекка ҳудудларга ҳам сув етиб боришини таъминлаш орқали фермер ва деҳқонларга катта ёрдам кўрсатиляпти. Сувнинг керакли миқдорда етиб келиши туфайли бу йил сабзавот майдонларида ҳосилдорлик яхши. Туман ҳокимлиги рухсати асосида тепаликдаги сув қувуридан сув олиб келиш ҳам режалаштирилган. Бу режани амалга оширсак, интенсив боғларимиз сонини кўпайтиришимиз, замонавий томорқалар ташкил этишимиз мумкин бўлади.
Бу йил Нигора опанинг гилос боғи ёнидан ўтқазилган интенсив олма дарахтлари нишона ҳосил берди. Тез орада маҳсулотини хорижга сотишни мақсад қилмоқда. Агрономлар билан маслаҳатлашган ҳолда, интенсив гилос боғини ҳам ташкил этиш ниятида. Унинг айтишича, дарахтлар замонавий интенсив усулда парваришланганда керакли озуқа дарахт илдизигача етиб бориши ҳисобига ҳосилдорлик юқори бўлиб, ортиқча сув сарфининг олди олинади.
Ишбилармон аёл фермер хўжалигини янада ривожлантириш бўйича хорижлик инвесторлар билан ҳам келишувга эришган. Унга кўра италиялик ҳамкорлар билан замонавий технологиялар асосида янги боғлар ва қайта ишлаш корхоналари барпо этиш, мева-сабзавотларини экспорт қилиш режалаштирилган.
Нигора опа бу йил пиллачиликда ҳам ўзини синаб кўришга қарор қилди. Фермер хўжалигига 10 қути пилла уруғини олиб келиб, ипак парваришлашга киришди. Момоларимиздан қолган бу машғулот кўпчилик қатори Нигора опага ҳам ўзгача завқ бағишлаяпти. «Пилланинг ўзига яраша мўъжизалари кўп экан, қуртларнинг ривожланишини кўриб, одамнинг баҳри дили очилади», — дейди.
Тадбиркорликнинг турли йўналишларида самарали меҳнат қилаётган Нигора Турсунова 2016 йилда «Ишбилармон аёл» кўрик танловининг республика босқичи совриндори бўлган. Унинг ишбилармонлик қобилияти фарзандларига ҳам ўтган. Айни кезда Нигора опанинг 4 нафар фарзанди ўз йўлини топиб, ҳалол меҳнат қилмоқда. 3 нафар ўғли тадбиркорликнниг бошини тутиб, ёғочдан мебель буюмлари ясайди. Ҳатто, уч нафар тенгдошларини иш билан таъминлаган бу йигитлар келгусида фаолиятларини янада кенгайтириб,экспортни ҳам бошлаш ниятида.
Тиниб-тинчимас Нигора Турсунованинг келгуси режалари бисёр. У шу кунларда тадбиркорликнинг бошқа йўналишларида ўзини синаб кўришга енг шимарган. Бўстонлиқ тумани туризм зонаси ҳисоблангани боис, Нигора опа ҳам ҳудудга сайёҳларни кенг жалб этишга ўз ҳиссасини қўшиш истагида фермер хўжалиги қошида меҳмонхона қуриш лойиҳаси устида иш олиб боряпти. Ушбу йирик лойиҳани амалга ошириш орқали яна камида 30 та иш ўрни яратишни мақсад қилган.
Ирода ТОШМАТОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири