Хусусан, таълим тизимининг асоси бўлган Миллий ўқув дастурини яратиш ана шундай муҳим вазифалардан биридир. У аввалги Давлат таълим стандартидан тубдан фарқ қилади, кўпроқ амалиётга йўналтирилади. Мазкур дастурни ишлаб чиқишда халқаро экспертлар жалб қилинади ва у  халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади.

Фармонда, шунингдек, педагоглар малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган, аниқ вазифалар белгиланган. Айни пайтда халқ таълими тизимида ўқитувчилар учун ҳар беш йил, раҳбарлар учун эса ҳар уч йилда малака ошириш тартиби амал қил­япти. Бундан буён ана шу беш йиллик муддат қисқариб, кредит-модуль асосида малака ошириш тизими йўлга қўйилади. Ўқитувчилар малакасини оширишда нафақат халқ таълими тизимидаги малака ошириш институтлари ёки марказлари, балки олий ва нодавлат таълим муассасалари мутахассисларини ҳам жалб этиш кўзда тутилган.

Яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, А. Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти негизида Илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Институт таълим тизимидаги муаммоларни ўрганади ва уларни ҳал этиш бўйича халқаро экспертлар билан биргаликда таклифлар киритади.

Фармонга асосан, умумтаълим мактаблари директорларини лавозимга та­йинлаш ҳамда иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимидан озод этиш халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Директор лавозими бўшаб қолган мактабларга ҳудудий халқ таълими бош­қармалари киритган номзодлар халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан танланади.  Номзодлар танловда тегишли умумтаълим муассасаси кўрсаткичларини 3 йил ичида юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан иштирок этади. Танланган номзод ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан директор лавозимига тайинланади.

2021 йил 1 январдан бошлаб олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоб­лаш миқдорининг  2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси берилиши белгиланди.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги методистларнинг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади. Яна бир янгилик: ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлими мудирларига ҳокимнинг таълим ва тарбия бўйича маслаҳатчиси мақоми берилади.

Айни пайтда мактабларни ишончли бошқарувга бериш масаласида кўпчиликда  “Мактаб энди хусусий тадбиркорга ўтиб кетадими?” қабилидаги саволлар пайдо бўлмоқда. Йўқ, ундай эмас. Ишончли бошқарув дегани шуки, фақат навбатчилик коэффициенти 0,7 дан паст бўлган мактаблар ўқув сифати ва даражасини кўтариш мақсадида хусусий сектор вакилларига 5 йилга давлат хусусий шериклик асосида “ишончли бошқарув”га берилади. Бунда, хусусий тадбиркор мактабнинг бўш турган биноси ёки бўш ер майдонидан таълим хизматларини кўрсатиш учун фойдаланади.

Фармонда касбга йўналтириш тизимини жорий қилиш ҳам асосий масалалардан бири сифатида белгиланган. Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида мактаб битирувчиларининг қўлида муайян касби бўлиши керак. Чунки олий таълим муассасасига ўқишга киролмаган ўқувчилар қаердадир ишлаши, рўзғор тебратиши зарур. Айни шу мақсадда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 7-синфдан бошлаб ўқувчиларни касбга мойиллигини аниқлаш ва уларни йўналтириш ишларини амалга оширади.

Фармоннинг энг муҳим жиҳати ва аҳамияти шундан иборатки, у таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, янги босқичга кўтариш, келажакда фарзандларимизнинг етук мутахассис бўлиб етишишига замин яратади.

   

Шерзод МУҲАММЕДОВ,

Халқ таълими вазирлиги

бошқарма бошлиғи