Унинг мавжуд тузумга қарши бирор бир асари, мақола ёхуд чиқишларини эслай олмаймиз. Бироқ, шу билан бирга, шеърларидаги нозик қочиримларни, насрий, айниқса, драматик асарларидаги ҳазил-мутойибани, заҳарханда кулгуни ҳеч ким инкор эта олмайди.

Адиб ижодининг ўрганилишини икки босқичга ажратиш мумкин.

Ғафур Ғулом меросининг ХХ асрда  ва ХХI асрда ўрганилиши. Шу ўринда савол туғилади: адиб ижодини ўрганишда бу икки босқич нимаси билан фарқ қилади?

Очиғи, унинг ижодий  мероси ХХ асрда, ҳатто мустақиллик йилларида ҳам асосан бир ёқлама, ўрганиб келинди. Хусусан, мураккаб шахcияти, мураккаб бир замонда ўзига хос зиддиятли ҳаётни бошдан кечиргани инобатга олинмади. Адиб ижодини ўрганиш янги давр ХХI аср бўсағасидан, яна ҳам тўғрироғи, таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан бошланди, десак хато бўлмайди. Шу сана муносабати билан чоп этилган тадқиқотларда янгича бир ёндашувни, адибнинг биз билмаган, бизга шу пайтгача қоронғу бўлиб келган зиддиятли томонларини кашф қилишга уринишлар бошланганини кўрамиз.

Бу ўринда, икки устозимиз, академик олимлар – Наим Каримов ва Бахтиёр Назаров томонидан яратилган тадқиқотларни алоҳида урғулаб ўтишни истардим.

Наим Каримовнинг китоби “Ғафур Ғулом. Шоир ҳаёти ва шеърий ижодига бир назар” деб номланади. Наим Каримов китоб аввалида ХIХ аср охири ХХ аср бошига хос бўлган тарихий манзарани кўз олдимизда гавдалантиради ва бу даврга баҳо берар экан, қуйидагиларни ёзади:

“Агар ХIХ аср охири ХХ аср бошларида Туркистон Чор ҳукуматнинг мустамлакаси бўлган бўлса, 1917 йил Октябрь тўнтаришидан сўнг, халқ ва мамлакатнинг инон-ихтиёри большевиклар қўлига ўтди. Ўзбек халқининг пешқадам сиймолари қанчалик ҳаракат қилишмасин, Февраль инқилобидан кейин пайдо бўлган тарихий имкониятлардан фойдалана олмадилар: халқ ва мамлакат тақдирида бирор ўзгариш бўлмади”.

Бу хулосалар нафақат Чўлпон, Абдулла Қодирий каби жадид адабиёти вакилларининг, балки Ғафур Ғуломга ўхшаган ижодкорлар адабий меросини ўрганишда муҳим фактлардан бири деб ўйлайман.

Ғафур Ғуломнинг кўплаб ижод намуналарида шўро тузуми сиёсати тараннум этилган бўлса-да, унинг ўз ўрнига эга бўлган, ўзбек адабиётида ёрқин из қолдирган катта бир ижодкор бўлганини ҳеч ким инкор эта олмайди.

ХХ аср ўзбек адабиёти ҳақида гап кетганда, устоз Наим Каримов айтганидек, шўро тузумининг қўрқув машинаси ўз ишини яхшигина бажарганини, юрагида олов ёнган зиёлиларимизнинг сўниб, кулга айланганини, ора-сира бу олов учқунлари чўғ аралаш улар яратган асарларда бўй кўрсатганларини урғулаб ўтиш жоиз бўлади.

Миллат зиёлилари шўро инқилобидан сўнг мамлакатнинг озод, эркин ва фаровон яшашини орзу қилмасин, бу орзулар аста-секин саробга айланган. Умидлари сўнган, айримлари очиқдан-очиқ бу тузумга исён қилган бўлса, айримлари “ўзгача” услубда, яъни қарашларини асарлари орқали ўқувчига етказиш пайида бўлган.

Ҳар бир ижодкор фаолиятида у туғилиб ўсган макон муҳим ўрин тутади. Ғафур Ғулом 1903 йилнинг 10 майида Тошкент шаҳрининг Қўрғонтеги маҳалласида таваллуд топган. Хадрага жуда яқин ва турли косиб, ҳунарманд, баққоллар истиқомат қиладиган бу маҳалла шаҳарнинг ўзига яраша маркази бўлган, ҳаёт қайнаган. Шоирнинг ўзи туғилиб ўсган маконга, маҳаллага меҳри бўлакча эди. Шу боис  шеърларида, мақолалари, насрий асарларида болалиги билан боғлиқ хотиралар кўп. Унинг ижодкор бўлиб шаклланишида макон ва оилавий муҳитнинг роли катта бўлган.

Ғафур Ғулом дастлаб мадрасада, кейинчалик “Ўқчи”даги жадидлар мактабида таҳсил олган. Шўро тузумидан кейин косибчилик, тунакасозлик, аравакашлик билан кун ўтказган шоир, маълум бир муддатдан сўнг муаллимлар тайёрлаш курсида таълим олиб, мактабда ўқитувчилик қила бошлайди. У форс, рус тилларидан яхшигина хабардор эди. Одамларга хат ёзишда кўмаклашиб, котиблик қилгани ҳам ўз даврининг зиёлиси бўлганидан далолат беради.

Адибдаги мумтоз адабиётга муҳаббат, ҳазил-мутойибага мойиллик, донишмандлик биринчи галда ота-онасидан ўтган. Қолаверса, Ғафур Ғуломга ўхшаган ижодкорларни замоннинг ўзи, ҳаётнинг азоб-уқубатлари ҳам  тарбиялаган. Ёшлик чоғида аввал отадан, сўнг онасидан айрилиши, оиланинг бутун оғирлиги акаси билан унинг зиммасига тушгани ва улар минг бир чиғириқдан ўтганини асарлари орқали ҳам билиб оламиз.

Ижодкорнинг шўро давридаги биографиясида ҳаётига оид кўпгина фактлар четлаб ўтилгани, таржимаи ҳолидаги тузум манфаатига мос келмайдиган кўпгина фактлар ошкор этилмаганининг гувоҳи бўламиз. Адибнинг ёшлигида бир муддат жадидлар мактабида таҳсил олгани, кейинчалик ҳам улар билан алоқаси узилиб кетмагани, жумладан, Чўлпондек шоир “Дарё бўйида” деган шеърини унга бағишлагани, Фитрат аруз ҳақидаги илмий тадқиқотида айнан ­Ғафур Ғулом шеърларидан мисол олганини эсласак, кўпгина ҳолатларга ойдинлик киритилади. Энг муҳими, бир қарашда замонсозлик қилиб ёзилгандек туюлган асарларида ҳам мавжуд тузумга қарши ички исён учқулари яширинини кўришимиз мумкин.

Академик Бахтиёр Назаров ўз тадқиқотида “Ғафур Ғулом ижодига муносабатда ҳозирги танқидчиликда икки йўналиш кўзга ташланади. Бирида, унинг шўровий қарашларига ҳамон урғу берилиб, танқид қилинса, иккинчисида шоирнинг мафкуравий жиҳатлари хаспўшланиб, уни кимлардандир ҳимоя қилиш истаги сезилади”, деган фикрни билдиради.

Шу фактнинг ўзиёқ Ғафур Ғулом ижоди ҳар томонлама, тўлақонли ўрганилиши зарурлигини урғулайди.

1931 йилдаги илк ва иккинчи “Тирик қўшиқлар” шеърий тўпламлари билан бир қаторда юмористик ҳикоялардан ташкил топган насрий асарларини ҳам кетма-кет эълон қилиб борган. Шундай бўлса-да, адиб ижодининг илк босқичида шеърий асарлар салмоқли ўрин тутади.

Мутахассислар таъкидлаганидек, Ғафур Ғулом шеърларида шўро даври “қадрият”ларига кўпроқ ўрин ажратилган, кўп ҳолатларда ўз кучини “ўтин ёриш”га сарфлашига тўғри келган бўлса-да, у ҳамиша юксак талант эгаси бўлганини ҳеч бир олим инкор этмайди.

Бир умр ўз ижодида шўро тузумини алқаб ўтган бўлса-да, ўрни келганда, шоир баъзан ҳазил, баъзан чин аралаш, кучли ирония ва кулгу орқали айнан шу тузум устидан заҳархандалик билан кулган. Шоир шеърнинг иккинчи мисрасида туғилган пайтдаги вазият, ҳолат тамомила бошқача бўлганини, эслашга, хотирлашга, “Ташаккур дейишга арзигулик тонг...” эканини урғуламоқда.

 “Турксиб йўлларида”, “Сен етим эмассан” шоирни машҳур қилган шеърлардир. Гарчанд, “Турксиб йўлларида” замон талабига лаббай шаклидаги жавоб тарзда ёзилган бўлса-да, бугун уни қайта баҳолаш, қайта бир нигоҳдан ўтказиш лозим бўлади. Шеърнинг якунидан:

“Бу қадим йўллар,

    Бу қадим йўллар,

Устига биздан обида,

             Адабий хотираки,

                       Бундан тўхтамай бир нафас,

Қон қатрон ҳидимас,

Озодлик шамоли эсажак”.

Мисраларнинг жой олиши тасодифиймикан? Менинг назаримда шоирнинг асл нияти айни шу мисраларда ўз ифодасини топган. Тарихдаги барча мустабид тузумлар каби, бу тузум ҳам якун топишини ва эллар озод бўлишини шоир барибир ич-ичидан ҳис қилган.

Зўр карвон йўлида етим бўтадек,

Интизор кўзларда халқа-халқа ёш.

Энг кичик заррадан Юпитергача,

Ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш.

Наим Каримов ушбу мисрадаги Қуёш ўрнида аслида Худо сўзи бўлганини, ўз замонида бу сўзни айтишга имкон бўлмагани учун ҳам Ғафур Ғулом ўзига хос бир донишмандлик билан Худога илтижо қилганини, қанчалик замонасозлик қилмасин, ўз шеърларида некбинликни, умумбашрийликни, “коса тагида ним коса”ни бериб кетишга ҳаракат қилганини таъкидлаган.

Мутахассислар Ғафур Ғулом ижодида Бедилона донишмандлик, фалсафийлик билан бирга, ҳажв, юморнинг устунлигига урғу беради. Бу ҳолат унинг дастлабки “Кампирнинг ҳийласи” шеъридан тортиб, кўплаб асарларига хос эканини айтиш мумкин.

Адибнинг аксарият насрий асарлари сюжети ҳажвга қурилган. Туркий халқлар орасида кулгу кўп ҳолатларда Насриддин Афанди номи билан боғланади. Ғафур Ғулом ҳам ўзининг айрим асарларига айнан шу образни асосий қаҳрамон қилиб танлайди.

 “Афанди ўлмайдиган бўлди”, “Мулла Насриддин Афанди ва Шайтон алайҳул лаъна” асарларида Афанди асосий қаҳрамон сифатида иштирок этади. “Шум бола”да ҳам кўпгина воқеалар халқ латифаларига қурилганининг гувоҳи бўламиз. Бу албатта, бежиз эмас. Ўтган асрдаги талотўплардан сўнг юморга катта эҳтиёж бор эди. Қолаверса, ўз даврига оид муаммоларни Афандига боғлаб айтиш, энг беозор ва тўғри йўл эди. Ғафур Ғулом бундан унумли фойдаланган.

Кўплаб илмий адабиётларда кулгу ҳақидаги юзлаб маълумотлар юқоридаги фикрлар жаҳон халқларининг деярли барчасига хослигини тасдиқлайди. Кулгу йиғи каби кўпгина халқ маросимларининг таркибий қисми ёки тақиқланган элементи бўлган. Яъни, ёзма адабиётдаги кулгу ёхуд юмор илдизлари бевосита фольклорга бориб боғланади.

Ғафур Ғулом буни яхши англаган. Халқ оғзаки ижодининг бадиий сўз санъатига таъсири масаласида адибнинг алоҳида мақоласи ҳам бор. Адиб хотираларида онаси халқ ижоди намуналарини яхши билгани урғуланади. Ҳажвга мойиллик қонида бўлган адибнинг ўзи ҳам кўплаб латифалар тўқилишига сабабчи бўлган.

Халқ ижодининг бир жанри сифатида латифаларга қисқалик, ечимнинг кутилмаганлиги, ўта кулгули, баъзан файласуфона хулосалик хосдир. Юзаки қараганда, енгил ва кулгули туюлган латифаларнинг ҳам ўз тарихи бор, уларда маиший турмуш, фалсафий қарашлар ифодаланган. Латифа ижодкорлари жамиятдаги турли характерларни қисқа бир ҳикояга сингдира олган.

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида адиб “Нетай”, “Тирик мурда”, “Ёдгор”, “Шум бола” каби асарларни ёзади. Бу асарларнинг барчасини бирлаштириб турадиган бир жиҳат – уларда воқеликлар ҳазил-мутойиба, юморга қурилгани. Тўғри, “Тирик мурда” эсдалик хотираларга асосланган. “Нетай” учинчи шахс тилидан, “Ёдгор”, “Шум бола” бош қаҳрамон тилидан ҳикоя қилинади. Бу асарларнинг барчасида ижодкорнинг воқеликка сатирик ёндашуви устунлик қилиб туради.

“Шум бола” ХХ аср ўзбек насрининг энг гўзал намуналаридан бири. Асар ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидан сўнг ёзилишида ҳам катта маъно бор. Бу пайтда зулм ижодкор зиёлилар бошида қатағон қиличини ўйнатиб, ўлимга ҳукм этаётган бир давр эди.

Асарнинг боши ва якуни эътиборни тортади. Ҳар қандай ижодкор мозийга мурожаат этар экан, тарихий воқелик билан бирга ўзи яшаб турган давр кечинмаларини ҳам уйғунлаштириб юборади.

 Асар бошидаги воқеликда халқ ўз эркини қўлдан бой бериб бўлган бўлса-да, ҳали ўз қадриятларига анчайин содиқ, ҳали бозорлардан ризқ бутунлай кўтарилиб кетмагани тасвирланади. Расталар ободлиги, бозорнинг тўкин-сочинлиги, атрофда миллий оҳангларнинг янграб туриши, умуман ҳаётнинг анчайин завқли томони воқелар ривожида шўролар даври билан солиштирилади гўё. Яъни асар давомида бу тасвирлар хиралашиб борганини, бу тўкин-сочинлик ўрнини, очкўзлик, қашшоқлик эгаллай бошлаганини илғаш кўп қийин эмас. Унинг муқаддимаси билан якунини солиштирсак, ёзувчининг “нима демоқчи”лиги янада ойдинлашади.

Ғафур Ғулом бошқа асарларда, жумладан, халқ оғзаки ижодидаги бозор қандай бадиий вазифа бажариб келишини яхши билган. Шунинг учун ҳам бозор бу асарда воқелар занжирида муҳим ўрин тутган.

Асарда милтиллаб бир кўриниб кетадиган она ва сингил образини истисно қилганда, бирор бир тўлақонли ижобий харакатердаги образга дуч келмаймиз.

Бадиий асар қонуниятларини яхши билган академик шоирнинг бутун бошли асарни ижобий қаҳрамонларсиз тасвирлаши қанчалик кулгуга ўралган бўлмасин, ички бир изтиробининг ифодаси ҳам эди.

Ҳар бир қаҳрамоннинг ўз лақаби бор: Ҳожи Абдулазиз, Фарғона яллачи, Асра кал, Ойша чевар, жуфт каптар, Олим жинни, Эшон ойи, Хол паранг ва ҳокозо. Бош қаҳрамон – Қоравойнинг ўртоқлари: Омон, Ит Обид, Бит Обид, Тураббой, Йўлдош, Ҳусни, Солиҳ, Абдулла Пўлатхўжа, Миразиз. Асарда этикдўз, яканчи, керосинфуруш, қалъа савдогари каби кўплаб ўтган аср Тошкент шаҳри муҳитига хос касблар номи тилга олинган. Ғафур Ғулом бу образлар, бу тасвирлар орқали халқ кулгусининг катта бир полотносини ярата олган.

Ғафур Ғулом асар давомида халқ латифаларидаги мавзуга такрор ва такрор қайтаверади. Жумладан, асардаги Ернинг думалоқлиги, агар ҳамма бир томонга қараб юрса, унинг ағдарилиб кетиши ёки  ноннинг ҳидига тўйиш билан боғлиқ каби лавҳаларда муаллиф халқ латифаларидан усталик билан фойдаланганини кўрамиз. Халқ кулгуси бу ерда бутун бошли яхлит саҳна томошаси даражасига кўтарилади. Унинг моҳиятини англаш учун энг кичик детални ҳам эътиборда тутган ҳолда, бутун бошли воқелик яхлит бир манзара касб этганини унутмаслик лозим.

Асар воқелиги қаҳрамоннинг уйидан чиқиб, турли-туман саргузаштларни бошидан кечириб, яна уйига қайтишига бағишланган. Дунё адабиётининг энг нодир намуналарида қаҳрамоннинг уйдан кетиб ва яна қайтиб келишига бағишланган кўплаб асарлар бор. Аслида бу мавзу халқ эртаклари ва достонларидаги энг етакчи мавзулардан бири. Халқ ижодининг эпик намуналарида ҳам воқелик қаҳрамоннинг саргузаштлари ўз макони – ўз оламидан чиқиб, бошқа оламга саёҳатидан бошланади ҳамда асар якунида қаҳрамон яна ўз маконига қайтади. Энди у шунчаки қайтмайди, янги бир мақомат, янги бир даражага кўтарилган ҳолда, тамомила бошқа бир одам қиёфасида қайтади.

Ғафур Ғулом халқ ижоди ва дунё адабиётига хос бўлган ана шу сафар мавзусини янгича бир талқин билан китобхонга ҳавола этган. Шум боланинг ҳар галги янгидан янги саргузаштлари, янги одамлар билан танишуви асарнинг қизиқарлилигини таъминлаб, унинг динамикасини ушлаб турмайди, балки худди халқ эртакларидаги каби қаҳрамоннинг эврилиш босқичларини ҳам ифодалаб беради.

Уйдан чиқиб кетаётгандаги Шум бола билан уйига қайтган Қоравой ўртасида жуда катта фарқ кўзга ташланади.

Қисса асар қаҳрамони тилидан ҳикоя қилинади. Бироқ, бу тил олдинги асарлардан тамомила бошқача. Бундаги ровийнинг тили юморга мойил, ҳар саҳна ва у билан боғлиқ қаҳрамон тилидан баён этилган жумлалар ўқувчида кулгу уйғотади. Қаҳрамоннинг нутқи учун халқ ичидаги оддий, жайдари сўзлар танланган. Ёзувчи халқнинг жонли тилини нақадар яхши билганини кўрсатади. Халқ қўшиқлари орасида “Дарё тошқин”, деб бошланувчи қўшиқ жуда ҳам машҳур. Бу қўшиқда ёр ишқида турли изтиробларни бошдан кечирган қаҳрамоннинг руҳий кечинмалари акс этган.

“Шум бола”да бу халқ қўшиғининг ижроси вазиятдан келиб чиққан ҳолда, қўшиқ матнига рамзларнинг маъно кўламларини янада кенгайтирган, қўшимча маъно юклаган.

 “Дарё тошқинлиги”, “отнинг ориқ”лиги, “манзил узоқ”лиги, бу шунчаки қаҳрамон кечинмаси эмас, балки, қўшиқни хиргойи қилаётган миллатнинг дарди, изтиробига айланган. Эҳтимол, бошқа бир асар фонида бу қўшиқ бу қадар таъсирли чиқмаган бўларди. Бироқ, Қоравойнинг бошидан кечираётган ва кетма-кет уланган воқеалар занжирида бу янада таъсирли чиққан.

Етимлик мавзуси Ғафур Ғулом асарларида энг кўп тилга олинган. Шеъриятида бу мавзу ўзбекка хос характерни, бағрикенглик, одамийлик тимсоли сифатида тасвирланса, насрий асарлари, шу жумладан, “Шум бола”да бу сўзга янада кўпроқ маъно юклатилганини, ёзувчи мақсади юмор қоплаган кулгу эмас, “тагматн”даги фожиага қаратилганини пайқаш мумкин.

“Шумбола” устоз адабиётшуносларимиз таъкидлаганидек, сатирик асар. Бироқ, Ғафур Ғуломнинг маҳорати шундаки, миллат зиёлилари бошида қатағон қиличи ўйнаб турган бир пайтда миллат дардини, миллат фожиасини сатира орқали тавсирлаб бера олган.

Ўз даврида Ғафур Ғулом билан боғлиқ ҳужжатларда унинг жадидлар мактабида таҳсил олгани ҳеч бир ўринда қайд этилмаган, адиб бирор бир мақоласида ҳам бу борада фикрларни очиқ билдирмаган. Ўрни келганда уларни қоралагандек кўринган бўлса-да, ичдан жадидлар илгари сурган ғоя тарафдори. Миллат фожиаси унинг уқувсизлиги, омилиги, саводсизлиги, динни мутаасиблик деб тушунишда. Нажот илму маърифат билан боғлиқ экани “Шум бола”да Ҳожи бобо ва унинг атрофидаги муршидлари образи орқали ҳам кулгили, ҳам фожиали тарзда ифодалаб берилган.

Миллатнинг олди “гули” бўлган бу “зиёли”ларнинг даврасида ҳам Шум бола ўзини уларга бегона ҳис қилади. Ич-ичидан уларнинг нақадар тубан, иккиюзламачи, очкўз ва ўғри эканини англаб етади. Ҳожи бобо билан боғлиқ тасвирлар адибнинг ўз замони устидан хулосаси эди.

Миллат фожиаси аслида шахснинг ўзини жамиятга бегоналигини сезишидан бошланади. Шахснинг эврилиши ҳам бу фожиаларга теран нигоҳ билан қараши, уни “ҳазм” қила олмаслигидадир.

Тили бошқаю, сўзи бошқа бўлган, илму маърифатдан йироқ бўла туриб, олимликни даъво қилган, диннинг моҳиятига тушунмай туриб, фатво бериш ҳуқуқига эгаман деб ўйлаган, ўзига, элига ҳар дақиқада хиёнат қилишга тайёр, ўз нафсининг қули бўлган бундай кимсалар, аслида миллат бўйнида кишан туришининг асосий сабабчиларидир.

Қоравой кулиб туриб тасвирлаган воқеалар ўз даври учун табиий, уни қаламга туширган адиб учун дард ва изтироб эди. Қаҳрамон кулгуси тагида бутун бошли миллат қайғуси акс этганини зукко китобхон илғаб олиши у қадар қийин эмас.

Хулоса қилиб айтганда, “Шум бола”ни ўқимишли қилган унинг содда, равон тили ёки кулгу уйғотувчи саҳналар кўплиги учунгина эмас. Шахс фожиаси, ижтимоий иллат, миллат фожиасига кўтарилгани билан ўқишлидир. Кўпгина бадиий асарларда биз кўниккан воқелик кулгуга ўраб берилганининг гувоҳи бўламиз. Дарҳақиқат, Ғафур Ғулом реализми, бу – кулгу ортига яширилган  шафқатсиз реализм.

 “Шум бола” асари ижодкорнинг даврга нисбатан дардли муносабати, чор ҳукумати ҳукмронлиги пайтидаги зулм, адолатсизлик, жаҳолатнинг шўро тузуми даврида ҳам ўзгармаганини ич-ичидан сезган, англаган, бироқ бу дардини очиқ ошкор эта олмаган Ғафур Ғуломнинг изтиробларидир. Шунинг учун ҳам бу асар сатирик асаргина эмас, балки, мазмунига кўра халқнинг азалий қайғуси акс этган трагик асар даражасига кўтарилган.

Адиб ўз шеърларида айтганидек: “Ташаккур дейишга арзигулик тонг”да туғилган, йўргакланган тана”нинг “мушти” бекорга тугилмаганини катта бир маҳорат билан, Ғафур Ғуломга хос донишмандлик, халқона кулгу киноя билан чиройли тасвирлаб бера олган.

Асардаги ҳар бир образ, характер, бадиий тасвир воситалари ана шу мақсадни амалга оширишга хизмат қилади. Улкан ижодкорнинг маҳорат билан ёзилган асарлари нафақат миллий, шу билан бирга жаҳон адабиёти намуналари қаторида эътироф этилиши эса барчамизда фахр уйғотади.      

Жаббор ЭШОНҚУЛОВ,

ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори,

филология фанлари доктори, профессор