– Пандемия сабаб юртимизнинг кўпгина тарихий шаҳарлари қатори Хивага дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими буткул тўхтади. Очиғини айтганда, “Очиқ осмон остидаги музей” шаҳарнинг ичон ва дешон қалъаси яқин тарих ичида бу даражада хувуллаб қолмаган эди, - дейди “Ичон қалъа” давлат музейи қўриқхонаси бош мутахассиси Ҳамза Мадалиев.

Ҳақиқатдан ҳам, йил бошидан кўпчилик мамлакатларнинг фаровон ҳаётини издан чиқарган, жиддий муаммоларни юзага келтирган коронавирус пандемиясининг салбий оқибатлари туризм соҳасини ҳам четлаб ўтмади. Жумладан, мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий таянчи бўлган туризмнинг тараққиёт эшиклари пандемия сабаб вақтинчалик ёпилди. Бу гидлар, миллий ҳунармандчилик, зиёратгоҳ ва сиҳатгоҳлар, умумий овқатланиш, тарнспорт ва умумий қўшилиб ҳисоблаганда 250 мингдан ортиқ аҳоли даромадига жиддий таъсир кўрсатди.

 Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 28 май куни имзоланган “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга диор кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, жорий  йилнинг 1 июнидан бошлаб, юртимиздаги “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда ички туризм фаолияти йўлга қўйилади. Пандемия оқибатларини юмшатиш мақсадида соҳада бир қатор имтиёзлар юзага келди.

Мазкур Фармонга асосан, ички туризм белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда йўлга қўйилади. Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда Ўзбекистонга киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхатини белгилаб олган ҳолда ташқи туризмни босқичма-босқич қайта тиклашга доир таклифлар маъқулланди.

Маълумки, мамлакатимизда туризм индустриясини янада ривожлантириш, хизмат кўрсаиш сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида ҳам туризм соҳаси иқтисодиётимизнинг стратегик сектори ва Ватанимиз имиджини оширувчи омил сифатида алоҳида ўрин олган бўлиб, бу борада бир қатор дастурий мақсад ва вазифаларимиз белгилаб қўйилган.

Хоразмнинг юраги – қадимий ва ҳамиша навқирон Хива ноёб осори-атиқаларга бойлиги билан жаҳон сайёҳларини ҳаратга солиб келади. Хива музейи фондида 40 мингга яқин экспонатлар сақланмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида шаҳарга 500 минг нафардан зиёд сайёҳ ташриф буюргани фикримиз тастиғидир.

Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, Хоразм вилояти туристик экскурсия ресурсларининг зичлиги ҳамда улар таркибидаги тарихий-меъморий объектлар кўрсаткичи бўйича мамлакатимизда биринчи ўринда туради. Хоразмда неолит давридан то XIX асргача бўлган даврни қамраб олган 254 та маданий мерос ёдгорлиги бўлиб, уларнинг 18 таси археология, 132 таси меъморчилик, 66 таси ҳайкалтарошлик, 6 таси диққатга сазовор жойлар ва 32 таси муқаддас қадамжолардир.

Бундан ташқари вилоятда туризмнинг тарихий-меъморий йўналиши билан чегараланиб қолмасдан, “Қизилқум” давлат қўриқхонаси зонасида, Амударё соҳилларида, Ғовуккўл, Шўркўл ҳамда Эшонравот кўлларида экотуризмни, Боғот, Хонқа, Ҳазорасп, Урганч туманларида шифобахш ер ости сувлари билан боғлиқ ҳолда, тиббий туризмни ривожлантириш имкониятларидан самарали фойдаланиш мумкин.

  Давлатимиз раҳбари томонидан пандемия шароитида тегишли талаблар, меъёрлар асосида ички туризм фаолиятининг йўлга қўйилиши албатта, юртдошларимиз учун ҳам тарихий шаҳарларни, улардаги ўзига хос меъморчилик обидалари, гўзал масканлар чиройидан баҳраманд бўлиш имкониятини яратади.

 

Ғофуржон ЮСУПОВ,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик

партияси Хоразм вилоят Кенгаши

девони раҳбари,

Халқ депутатлари Урганч туман

Кенгаши депутати.