Менга Пушкин бир жаҳону

Менга Байрон бир жаҳон,

Лек Навоийдек бобом бор,

Кўкси осмон, ўзбегим.

Ҳар гал ушбу жумлаларни ўқиганимизда қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади. Буюк Навоийга бўлган юксак эҳтиром Эркин Воҳидов шеърларига бўлган ҳайрат билан уйғунлашиб кетади.

Халқ шоирининг бой ижодий мероси адабиётимизнинг латофатли сўз бойлиги бўлиб қолгани билан ҳам аҳамиятли. Албатта, Гёте ва Есенин каби буюк шоирларни ўзбекча “сўзлатган” ижодкор айни пайтда заррабин олим ҳам эди. Унинг таржимасидаги шеърларда бирорта сўз йўқки, ноўрин ишлатилган бўлсин. Шу боис, “Сўз латофати” асари ҳам катта тажриба ва фидойи меҳнат самараси ўлароқ дунёга келгани шубҳасиз.

“Тилни бойитиш кенг халқ оммасидан ташаббускорликни, олиму мутахассислардан ижодкорликни, янги сўзни ҳаётга киритувчи мутасаддилардан хайрихоҳликни, ўзбекчалаштиришга бўлган қатъий иродани талаб этадиган катта Ватаний ишдир”, дейди шоир “Сўз латофати” асарида. Шу ўринда Ватаний сўзига эътибор беринг. Нима учун шоир “ватанпарвар иши” эмас, ватаний ишдир демоқда. Назаримда, шоирга ватанпарвар сўзи бу ўринда оҳори тўкилгандек кўринган бўлиши мумкин. Чиндан ҳам, сўз қанчалар кўркам бўлмасин, кўп ва ноўрин ишлатилаверса, ўз қийматини йўқотиши мумкин. Э.Воҳидов тил мавзусига чуқур билимдон, хассос шоир сифатида ёндашгани боис, маълум бир сўз ўрнига янги, салмоқдор сўзни қўллаб гапнинг мазмун ва моҳиятини янада чуқур ва таъсирчан баён этади.

Худди шу асарда “зангин” сўзи ҳам учрайди: “Аслиятга қайтишнинг кўламли жараёнида зангин ва рангин она тилимиз фаол иштирок этаётганидан қувондим”. Синчи шоир рангин сўзининг ранг-баранг маънолари ҳақида ўз асарида батафсил маълумот беради. Мен шу ўринда зангин сўзига тўхталмоқчиман.

Зангин сўзининг асоси “занг” бўлиб, “жаранг”, “қўнғироқ” маъноларини англатади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, жаранглаб турган овоз занг дейилади. Бунга мисол қилиб ҳамма яхши биладиган мактаб қўнғироғининг овозини келтиришимиз мумкин. Ижодкор зангин сўзини қўллаш орқали ўзбек тили дунё тиллари ичида ҳамон қўнғироқдек жаранглаб турибди, демоқда. Буни камтарона фахр ҳам дейиш мумкин. Қадимда ҳатто шундай сўз ўйинига қурилган “фахрия” деган бадиий санъат тури бўлган. Шу чоғда Алишер Навоийнинг қуйидаги миср алари ёдимга тушди:

Олибман ҳукму фармонимга осон,

Черик чекмай Хитодан то Хуросон.

Биламизки, Эркин Воҳидов “Абдулла Қаҳҳор мактаби” вакилларидан бири бўлган. Абдулла Қаҳҳор ўз даврида ёш шоирни ғоят ҳурмат қилган, унга тўғри йўл кўрсатган.  Шогирдини рағбатлантириш мақсадида ҳатто бир неча ҳикояларига унинг шеърларини эпиграф қилиб олади. Эркин Воҳидов устозини ҳамиша катта эҳтиром билан эслайди. Мана, шоирнинг шундай хотираларидан бири: “Абдулла Қаҳҳор билан Кибриё Қаҳҳорованинг турмуши оддий эр-хотинлик муносабатидан юксакроқ эди. Кўнгил яқинлиги, ижодий ҳамкорлик ўз йўлига. Икки сўз устасининг суҳбатлари лутфга, тутилмаган гапларга, гўзал қочиримларга бой бўларди. “Тутилмаган сўз” иборасини эшитиб, хаёлингизга “кутилмаган” сўз келиши табиий.

Рус тилидаги “свежий” сўзи таржима қилинганда, янги, уринмаган, бузилмаган каби бир қанча маъноларни англатади. “Тутилмаган гап” ҳам Эркин Воҳидовда ўзига хос янги ибора бўлиб қўлланилган.  Бу ибора ўқувчини янада завқлантиради, тилимизнинг жозибадорлигини яна бир бор намоён қилади.

Кимнидир севсанг, ундаги нуқсон ҳам фазилатдек туюлади, деган фалсафий гап бор. Эркин Воҳидов ҳам ўзбек халқини жону дили билан, барча улуғворлигию айрим ортиқча саналгувчи одатлари билан суйган.

Шоир ўзбек халқини япон халқи билан қиёслар экан, шундай баён қилади: “Японлар рангларга жуда эътиборли. Бизнинг ҳам улардан кам жойимиз йўқ. Юртимиз уларнинг юртидан ўн ҳисса рангинроқ, шеъриятимиз ўн карра бойроқ. Элимизга ўн баробар кўп неъмат ато этган Тангримиз япондаги ҳафсала ва уринчоқликнинг ўндан бирини бизга берса эди...”

Бунда “уринчоқ” сўзи “шижоат” сўзининг маънодоши ҳисобланади. Лекин шижоат сўзи ўзлашма сўз, бунинг устига мазкур гапда бошқача маъно касб этиб қолиши мумкин. Шунинг учун Эркин Воҳидов унинг соф ўзбекча шаклини топади, аниқроғи, ўзбек тилини янги сўз билан бойитади. Уринчоқ сўзи ишчанликнинг аяб, эркалаб айтилган маънодошига ўхшашини илғаган бўлсангиз керак. Бу каби ёқимли танқид Ватанини, элини чин дилдан эъзозлайдиган ижодкорга хос услуб.

Ҳазрат Алишер Навоий инсоннинг ҳайвондан фарқи имон эканини шундай ифодалайди:

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,

Билки, нишони анга иймон эрур.

Чиндан ҳам, инсоннинг қиймати унинг имони билан белгиланади. Икки инсоннинг бир-бирига бўлган муносабатида ҳам уларнинг нақадар имонли ёки имонсиз эканлиги акс этади. Э.Воҳидов “Тожик биродаримга” (эътибор беринг: укамга ёки акамга эмас, биродаримга дейиляпти) шеърида шундай ёзади:

                                                                                                                                                                 Биз икки ёндош элга,

Қариндош, қондош элга.

Жондош, имондош элга,

Фарзанд бўламиз, дўстим.

Имондош — бу топилдиқ сўз. Тўғри диндош сўзи бор, лекин “имондош” сўзи янги топилган. Нега шоир шу сўзни танлади. Чунки инсонда имондан устун нарса йўқ. Имон ҳатто жондан ҳам муқаддас. Ёндош, қариндош, қондош, жондош, имондош сўзларида даражанинг борган сари юқорилаб бораётганини ҳис қиласиз. Биродар тожик халқи билан ўзбек халқи узоқ асрлардан буён ёнма-ён, жонга-жон бўлиб яшаб келмоқда. Гарчи бошқа тил ва бошқа миллат бўлса-да, бу икки халқ эт ва тирноқ каби бири-бирига яқин эканини шоир биргина имондош сўзи билан ифодалаб беради.

Эркин Воҳидов шеърларида аския, сўз ўйинларидан жуда ўринлатиб фойдаланилган мисраларни истаганча топиш мумкин. Синчков китобхон ҳам англолмайдиган айрим сўз ўйинлари борки, уларни англаш учун ўқирмандан жуда катта закийлик, адабий дид талаб этилади.

Тоҳирни ҳалитдан тинч қўймас қизлар,

                                 Ярим тунда қайтар уйга ҳамиша,

                                  “Унча бўлмасак ҳам илмда бизлар,

                             Аммо кучли эди одоб, андиша.

                                    Бировнинг қизига сал қараб қўйсак,

                                   Бизлар аталардик шўху бебошлар.

                                   Баъзи киноларми бузмоқда андак,

                                    Капалакмижозроқ ҳозирги ёшлар...”

Латофатли сўз соҳиби Эркин Воҳидов танқидли ўринларда ҳам қўпол сўз ўрнига ўша даражани англатадиган бошқа сўз топа олади. Бу ҳолат айни пайтда шеърнинг оҳангдорлигига ҳам, маъносига ҳам путур етказмайди. Аксинча, бадиийликни, таъсирчанликни оширишга хизмат қилади. Ижодкор шу даражада ички маданият соҳибики, капалакмижоз сўзи ҳам унга оғир сўз бўлиб туюлади ва уни енгиллаштиради: капалакмижозроқ! Ҳа, бу юксак истеъдоднинг ҳали биз кўп ўрганишимиз керак бўлган қирраларидан бири.

Эркин Воҳидов шоир сифатидаги миссиясини юракдан англаган, бошқа ижодкорларга ҳам шундай юксак талаб қўйгани аниқ. Шу сабаб шеъриятни, ижодни бир юмуш билиб, ўз манфаати йўлида фойдаланмоқчи бўлаётганларни енгил ҳажв билан қаламга олади. Адабиётга хиёнат қилган, шеъриятни сотган сўзфурушларни ижодкор шеърбоз, байтёзар, шеърпараст деб атайди. Бу сўзлар гўё шарафсиз, иснодсиз сўзларининг маънодоши янглиғ янграйди. “Нўноқ шоирлар” шеърида бу ҳолат шундай ифодаланади:

Биз бир замон муҳаррир бўлдик,

Қисмат экан, бўлдик ноширлар.

   Ўлсак ёмон шеърлардан ўлдик.

Адо қилди нўноқ шоирлар.

    Қўлёзмалар ўқирдик дил ғаш,

  Кўргуликдан оҳлар урардик.

      Сўзи чалкаш, Ўзи жанжалкаш

          Шеърбозлардан қочиб юрардик.

Буюк адиб кўп янги сўзларни ҳам муомалага киритади. Масалан, календарь сўзи ўрнига йилойкун, иероглиф ўрнига тасвирхат сўзларини ишлатади. Буларнинг барини умумлаштириб эркинона латофат, воҳидовча маҳорат, десак тўғри бўлади.

Буюк шоир ижодидан келтирилган мисоллар кичик изланишлар самараси, холос. Бундай сўзларни — топилдиқларни унинг бой ижодида кўплаб учратиш мумкин. Мақола якунида эса тилни муаззам ва улуғ деб билган Э. Воҳидовнинг қуйидаги сўзларини келтиришни маъқул кўрдик: “Биз илму ижод аҳли қанча талашиб тортишмайлик, бир фикрда ҳаммамиз якдилмиз: тил ёлғиз мутахассисларнинг мулки, хатлаб берилган ери эмас. Уни бойитиш, гўзал қилиш, хас-хашаклардан тозалаб бориш — умумхалқ ишидир”.