Аввалроқ барча тизимда, хусусан, ижтимоий жабҳада халқ орасига кириш, юртдошларимизнинг қувончу ташвишларига дахлдорлик ҳисси билан яшаш оммалашган бўлса, бугун саъй-ҳаракатларни “Инсон қадри учун” тамойилига уйғунлаштириш мамлакатимизда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди. Қайси соҳани қарамайлик, инсон ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш ва манфаатларини ҳимоя қилиш асосий ўринга қўйилаётганини кўряпмиз.

Орамизда шундай инсонлар борки, тўрт мучаси соғ, ўзининг корига ўзи ярайдиган одамлардан кўра, эътибор ва кўмакка икки карра муҳтож. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори Алишер  Иноқов билан суҳбатда юртимизда мана шу қатламга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик, инклюзив жамият барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақидаги саволларга жавоб олдик.

— Биз мамлакатимиз ривожланиш палласининг янги даври деб атаётган сўнгги олти йилда тизим тубдан ислоҳ этилди. Ислоҳотлар жараёнидаги янгиликларни батафсил санасак, суҳбатимиз ҳажми ва кўлами анча кенгайиб кетиши шубҳасиз. Шунинг учун энг аҳамиятли ва мавзу моҳиятига очқич вазифасини ўтовчи жиҳатларга тўхталиб ўтишни жоиз деб биламан, — дейди Алишер Иноқов. — Аввало, мамлакатимизда ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш, барча фуқаролар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив жамият қуриш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар бошланганини таъкидлаш ўринли. Бу жуда катта масала. Чунки ташқи нуқсонларига кўра одам ажратилмайдиган, камситилмайдиган, ҳаммага тенг ва бир хил қонун-қоидалар амал қиладиган жамият барпо этиш давлатдан ва халқдан катта матонат ва сабр-тоқатни талаб қилади.

Иккинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз хоҳишига кўра истаган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация жараёнида зарур техник воситаларни танлаб олиши ва харид қилишини таъминлайдиган сертификат тизими жорий қилинди. Илгари бу тизим тугул, оддий аравача ёки ҳасса билан таъминлашда қанча муаммолар бўлган. Одамлар ногиронлик аравачаси олиш учун ойлаб навбатда турган. Ҳозир нафақат таъминланяпти, балки жараён шаффоф ва очиқ бўлиши, ногиронлиги бор шахс ўзига қулай мосламани харид қилиши учун танлов эркинлиги бериляпти.

Учинчидан, протезлаш соҳасида давлатнинг ўрни ва ролини оширишни назарда тутувчи янги тизимни жорий қилиш, муҳтож фуқароларни босқичма-босқич замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация жараёни учун зарур техник воситалар билан таъминлаш борасида мақсадли ишлар бажариляпти.

Тўртинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларида муҳтож фуқароларни реабилитация хизмати билан қамраб олиш кўлами сезиларли тарзда кенгайтирилди. Бундай марказларнинг салоҳиятини ошириш, уларда тиббий-ижтимоий реабилитациянинг замонавий ва самарали услуб ҳамда механизмларини жорий қилиш йўналишида салмоқли ишлар қилиняпти.

Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 30 тагача кўпайтирилди. Афғон урушида иштирок этган, ногиронлиги бўлган 120 нафар жангчи-фахрий жорий йил якунигача 130 турдаги замонавий протез-ортопедия мосламалари билан таъминланади.

Ҳозир уларнинг рўйхати шакллантирилган, харид қилинадиган замонавий протез-ортопедия мосламаларига техник талаблар тасдиқланган ҳамда тендер савдолар ўтказилди. Шу йил ноябрь-декабрь ойларида муҳтож жангчи-фахрийларга замонавий протез-ортопедия мосламалари етказиб берилади.

— Юртимизда ногиронлиги бор одамларнинг ҳаммаси ҳам тўшакка михланмаган. Аравача, қўлтиқтаёқ ва бошқа кўмакчи воситалар ёрдамида ҳаракатланадиганлар ҳам кам эмас. Бугун шу тоифанинг ҳаракатланиши, муайян хизматлардан фойдаланиши учун йўллар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида қандай қулайликлар яратилган?

— Очиғини айтиш керак, ҳозир ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратиш деб номланувчи жараённинг бошида турибмиз. Тўғри, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий инфратузилма объектларида эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида пандуслар ўрнатиш масаласи давлатимизнинг доимо диққат марказида бўлиб келган. Бироқ тўсиқсиз муҳит биргина пандусни ўрнатишдан иборат эмас-да.

Ҳозиргача ногиронликни белгилаш борасидаги эски тиббий моделдан умум эътироф этилган ижтимоий моделга босқичма-босқич ўтиш концепцияси ва уни амалга ошириш юзасидан “йўл харитаси” лойиҳалари ишлаб чиқилди. Концепция ва “йўл харитаси” лойиҳаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратиш масаласи устувор этиб белгиланган.

Унга кўра, жойларда ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароит яратишга қаратилган объектлар — йўл инфратузилмалари, жамоат транспорти, ижтимоий инфратузилма объектлари — мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим муассасалари, поликлиникалар, шифохоналар, дам олиш масканларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эмин-эркин ҳаракатланиши, таълим олиши, меҳнат бозорида рақобатбардош касбларни эгаллаши, даволаниши, маданий ҳордиқ чиқариши, спорт турлари, жумладан, паралимпия спорт турлари билан шуғулланиши, хуллас, ҳамма қатори тўлақонли ҳаёт кечириши учун ҳақиқатан ҳам тўсиқсиз муҳит яратиш масаласи босқичма-босқич ўз ечимини топади. Бу жараён бир ёки икки йилда тўлиқ бажарилиши қийин. Энг асосийси, ҳукумат томонидан ушбу муаммо алоҳида белгилаб олинди ва албатта, босқичма-босқич ҳал этилади.

— Мамлакатимизда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ниҳоят ратификация қилинди. Бундан кейин қандай ўзгаришлар кутиляпти?

— БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилингани давлатимиз ва жамиятимиз олдига салмоқли вазифаларни қўйди. Ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш, ўз ишини бошламоқчи бўлган ногиронлиги бор шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларни ишга олган корхоналарга имтиёзлар бериш, умумтаълим мактабларида инклюзив таълимни кенг жорий қилиш, ногиронлиги бўлган ёшлар, хусусан, қизларнинг олий таълим муассасаларига кириши учун ажратилган квоталарни кўпайтириш, институтларда тўсиқсиз муҳит яратиш ва бошқалар давлат ҳамда жамият зиммасидаги кенг қамровли ишларнинг бир қисми, холос. Ушбу долзарб йўналишларда қатор ишлар бажарилди.

Жумладан, собиқ иттифоқ давридан қолган эски тиббий-меҳнат экспертиза комиссиялари тизими ўрнига инсоннинг туғилгандан токи умрининг охиригача бўлган даврини тўлиқ қамраб олган ягона замонавий тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари тизимига ўтилди.

Иккинчидан, ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсони бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб уларга ногиронликни белгилаш, ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронликни муддатсиз даврга белгилаш тартиби жорий қилинди.

Учинчидан, тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати таркибида 18 ёшгача болаларга ногиронликни белгилаш комплексига масъул бўлган 19 та педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси ташкил этилди.

Тўртинчидан, тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари ўртасида ногиронликни белгилаш учун асос бўлувчи тиббий ҳужжатларни қоғоз ҳолида эмас, электрон ҳужжат алмашинуви орқали олиш тартиби жорий этилмоқда. Натижада шу йил 1 августдан Тошкент шаҳридаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан ногиронликни белгилаш учун зарур бўлган тиббий хулоса ва ҳужжатларни тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияларига электрон тарзда юбориш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тизим 2023 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда жорий этилади.

Тараққиёт стратегиясида бу йил тизим олдига иккита катта вазифа қўйилган. Биринчиси — ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш. Иккинчиси — протезлаштиришда давлатнинг ўрни ва ролини оширишни назарда тутувчи янги тизимга ўтиш, муҳтож фуқароларга босқичма-босқич замонавий протез-ортопедия мосламаларини етказиб бериш.

Бугунги кунда иккала вазифанинг ижроси юзасидан директив ҳужжат лойиҳаси тайёрланди, алоқадор вазирлик, идоралар, жамоат ташкилотлари билан келишилди. Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Ҳужжат тасдиқланиши билан Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси аниқ механизмлар асосида таъминланади.

— Ҳозир барча жабҳада жаҳон андазаларига бўйлашяпмиз. Хўш, тиббий-ижтимоий хизматлар соҳасидаги ҳолат қандай? Биз бу масалада ҳам жаҳон тажрибасидан унумли фойдаланяпмиз, ногиронлиги бор фуқароларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган нормативларимиз халқаро андазалар даражасида дея оламизми?

— Мамлакатимизда бу борадаги барча ишлар БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси доирасида бажарилмоқда. Бир қатор семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ташкил қилинди. Литва, Грузия, Молдова, Россия, Беларусь тажрибаси яқиндан ўрганилди. Россия ва Беларуснинг тегишли илмий-амалий марказлари, институтлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Бугунга келиб тегишли вазирлик, идоралар, жамоат ташкилотлари, ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул ходимлари билан биргаликда Ўзбекистоннинг “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Қонун лойиҳасида ижтимоий иш, ижтимоий хизматлар, ижтимоий ходим, ижтимоий ходим ассистенти, уйда ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим, ижтимоий хизматлар стандартлари, ижтимоий хизматларни олувчилар, ижтимоий хизматларни кўрсатувчилар ва бошқа тушунчалар шарҳи келтирилган.

Бундан ташқари, лойиҳада ижтимоий иш йўналишида давлат сиёсатининг асосий принциплари, ижтимоий иш соҳасидаги органларнинг ваколатлари, ижтимоий ходимнинг фаолияти — ижтимоий ходимнинг вазифалари, болалар ҳимоясини таъминлаш борасидаги ижтимоий иш, таълим муассасалари тизимида (мактабгача, мактаб, касб-ҳунар), соғлиқни сақлаш, тиббий-ижтимоий хизматларни кўрсатиш, ҳуқуқ-тарғибот ва ўзини ўзи бошқариш органларида ижтимоий ишни амалга ошириш каби меъёрлар кўзда тутилган.

— Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида агентлик зиммасига юклатилган вазифалар ижроси ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

— Стратегиянинг асосий йўналишларидан бири эҳтиёжманд аҳоли тоифалари, оилаларга ижтимоий хизмат кўрсатиш йўналишини ривожлантиришга қаратилган. Жумладан, аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш йўналишида қатор мақсадлар белгилаб берилган. Биринчи мақсад — маҳалла даражасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ижтимоий хизмат кўрсатиш йўналишини ривожлантириш.

Ушбу йўналишда аҳолининг ижтимоий ҳимояси маҳалла даражасида таъминланади. Оиланинг умумий ҳолатидан келиб чиқиб, уни ҳаётий мураккаб вазиятдан олиб чиқиш бўйича комплекс ёндашув асосида ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатилади.

Иккинчи мақсад — ижтимоий хизматларни кўрсатувчи ходимлар салоҳиятини ошириш. Бу жараёнда ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими такомиллаштирилади. Бундан ташқари, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари фаолияти ва кадрлар салоҳияти кучайтирилади.

Учинчи мақсад — аҳолининг эҳтиёжманд қатламига давлат томонидан кафолатланган ва бепул тақдим этиладиган ижтимоий (ижтимоий-тиббий, ижтимоий-педагогик, ижтимоий-психологик, ижтимоий-ҳуқуқий, ижтимоиймаиший ва ижтимоий-иқтисодий) хизматлар рўйхати ҳамда стандартлари ишлаб чиқилади ва ўрнатилган тартибда тасдиқланади.

— Баъзи юртдошларимиздан отаоналарни махсус муассасаларга топшириш халқимиз табиатига, менталитетига хос эмаслиги ҳақида эшитиб қоламиз? Сизнинг нуқтаи назарингиз қандай: бундай одамларнинг эътирози қай даражада ўринли?

— Меҳр-мурувват, саховатпешалик халқимизга хос бебаҳо қадриятлардан. Яқин тарихдан биламиз: маҳаллада ҳеч кими йўқ, кимсасиз фуқаро вафот этса, маҳалла-кўй, қўни-қўшни кўплашиб, дафн маросимини ўтказган. Ота-онаси вафот этиб, қаровсиз, етим қолган болаларни маҳалла, ҳамсоялар оталиққа олган. Иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб, вояга етказган. Тўй-ҳашамларига бош-қош бўлган.

Ҳозир мана шу вазифани тегишли муассасалар бажаряпти. Сиз назарда тутаётган “Саховат” уйларига ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар жойлаштирилади. Улар тўлиқ давлат қарамоғига олинади ва умрининг охиригача шу ерда яшайди. Бу ҳам мамлакатимизда аҳолининг муайян қатламига кўрсатилаётган  эътибор намунаси дейиш мумкин.

Бироқ бола-чақаси, яқинлари бўлган кексаларнинг “Саховат” уйларига жойлаштирилишини одатий ҳол деб бўлмайди. Чунки бундай ишлар умуман халқимизга хос эмас. “Нима эксанг, шуни ўрасан” ёки “Олма дарахтининг тагига фақат олма тушади”, дейди халқимиз. Менимча, фарзандидан меҳрини аямаган, тўғри тарбия берган ота-оналар қариганда, албатта, хизматининг роҳатини кўради. Кексалик даврини “Саховат” уйида эмас, балки суюкли болалари, набиралари даврасида хурсандлик ва сокинликда ўтказади.

— Президентимизнинг шу йил  30 августдаги “Саховат” ва  “Мурувват” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун  республика пансионати фаолиятини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Мамлакатимиздаги туб ислоҳотларда халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш энг устувор йўналишлар қаторида белгиланган. Бугун юртимиздаги 7 та “Саховат”, 28 та “Мурувват” уйида 9,3 минг шахс васийликка олинган. Давлатимиз раҳбарининг қайд этилган қарори ушбу муассасаларда тиббий-ижтимоий ва маиший хизмат кўрсатишнинг янгиланган тизимини жорий этишга қаратилган.

Қарор доирасида қатор ишлар бажарилади. Жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳудудида 2023-2024 йилларда видеокузатув мосламалари тўлиқ ўрнатилади ва интеграция қилинади.

Иккинчидан, шу йил 1 октябрдан бошлаб “Мурувват” болалар интернат уйлари тарбиячиларини ҳар йили камида бир маротаба малака ошириш курсларида ўқитиш тартиби жорий этилади.

Учинчидан, келгуси йил 1 июнга қадар руҳий ва жисмоний ривожланишида камчилиги бўлган шахсларнинг замонавий абилитация ва реабилитация муолажаларидан ўтиши учун “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари негизида зарур технологик шароитлар яратилади. Амбулатор шароитда тиббий-ижтимоий хизмат олаётганлар учун янги педагогик ва инновацион технологияларга асосланган дастурлар жорий этилади ҳамда ота-она ёки васийларга маслаҳат ёрдамлари кўрсатилади.

Тўртинчидан, шу йил якунига қадар тиббий-ижтимоий муассасалар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт турлари билан шуғулланиши учун зарур спорт ускуналари, жиҳозлар ва бошқа инвентарлар билан таъминланади.

Бешинчидан, ҳар йили 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб “Мурувват” болалар уйларининг тарбияланувчилари ўртасида республика миқёсида спорт мусобақалари уюштирилади.

Олтинчидан, шу йил Наманган вилоятининг “Саховат” интернат уйи ҳудудида нуронийларнинг бўш вақтини самарали ташкил қилиш мақсадида кундузи хизмат кўрсатувчи 50 ўринли “Кексалар боғи” ташкил қилинади.

Еттинчидан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, тикувчилик ва уларнинг қизиқишидан келиб чиққан ҳолда, бошқа мос йўналишлар бўйича қисқа муддатли бепул курслар ҳамда интернат уйларида истиқомат қилаётган шахслар томонидан қўл меҳнати билан тайёрланган маҳсулотларнинг кўргазмали савдолари мунтазам ташкил қилинади.

Саккизинчидан, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида ташкил этилаётган 300 ўринли “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи аёллар интернат уйига мослаштирилади ва шу йил октябрь ойида тўлиқ фойдаланишга топширилади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарор тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш орқали у ерда яшовчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чораларини назарда тутади.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Хайриддинмурод АБУЛФАЙЗОВ суҳбатлашди.