Соғлиқ учун хавфли деб ҳисобланган трансёғлар ҳақида кўп саволлар берилади: улар қандай пайдо бўлади, қайси маҳсулотларда кўп учрайди ва уларни истеъмол қилиш қанчалик хавфсиз? Бу масала бўйича Санэпидқўмита бош мутахассиси Дилдора Мирбобоева билан суҳбатлашдик.
Трансёғлар: нима ва қандай пайдо бўлади?
Трансёғлар – бу тўйинмаган ёғ кислоталарини махсус усуллар орқали трансформация қилиш натижасида ҳосил бўлган ёғлардир. Ўсимлик ёғлари водород билан тўйинтирилади, бу жараён гидрогенлаш деб аталади. Натижада гидрогенланган ёғ ҳосил бўлади – бу консистенцияси бўйича ҳайвон ёғига ўхшаш ўсимлик мойининг қаттиқ шакли, масалан, маргарин ва сунъий сариёғ. Гидрогенизация натижасида ҳосил бўлган янги молекулалар табиий тўйинган ёғ кислоталаридан фарқли бўлиб, улар транс-шакл ёғлар – яъни трансёғлар деб аталади.
Трансёғлар сунъий равишда олинади ва шу билан бир қаторда табиатда ҳам учрайди. Масалан, қавш қайтарувчи ҳайвонлар – сигир, эчки ва қўйнинг сути ва гўшт маҳсулотларида ҳам оз миқдорда трансёғлар мавжуд. Табиий трансёғлар бактериялар таъсирида ҳосил бўлади ва миқдори жуда кам бўлгани учун организмга салбий таъсир кўрсатмайди. Улар организм учун хавфсиз бўлиб, озиқ-овқатлар таркибида миқдори жуда кам бўлади.
Сунъий трансёғлар организмда моддалар алмашинувига тўлиқ кириша олмайди ва саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу боис сунъий ва табиий трансёғларни фарқлаш ва истеъмолини назорат қилиш муҳимдир.
Трансёғлар организмга қандай салбий таъсир кўрсатади?
Сунъий трансёғлар организмга қуйидагича салбий таъсир кўрсатиши мумкин:
1. Зарарли холестерин миқдорини оширади. Паст зичликдаги липопротеинлар қон томирлар деворида ёғли тиқинлар ҳосил қилиши мумкин. Бу қон оқимини чеклайди ва юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади.
2. Инфаркт ва инсульт хавфини оширади. Қон томирларидаги ёғли тиқинлар юрак, мия ва ўпкада турли оғир касалликларга олиб келиши мумкин. Юрак мушакларида кузатилса – инфаркт, бош мияда – инсульт, ўпкада – ўпка артерияси тромбоэмболияси.
3. Қандли диабет ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Трансёғлар ҳужайраларнинг инсулинга сезгирлигини пасайтиради. Бу глюкоза камроқ самарали сўрилишини англатади, вақт ўтиши билан 2-тоифа диабетнинг ривожланишига олиб келиши мумкин.
4. Яллиғланиш жараёнлари ривожланишига замин яратади.
Хроник яллиғланиш қон-томир касалликлари, артрит, диабет ва ҳатто онкология хавфини оширади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, трансёғларнинг истеъмоли ва қонда яллиғланиш маркерлари миқдори ортгани ўртасида қатъий боғлиқлик бор.
Қайси маҳсулотларда трансёғлар кўп учрайди?
Трансёғлар қуйидаги маҳсулотларда кўп учрайди:
пишириқлар: торт, булочка, пирог;
фастфудлар: картошка фри, қовурилган товуқ ва денгиз маҳсулотлари;
попкорн ва тайёр пицца;
фри (картошка фри);
донер, бургерлар;
чипслар
Трансёғларни кундалик истеъмоли қанча бўлиши керак?
Идеал ҳолда, трансёғларнинг кундалик истеъмоли 0 грамм бўлиши лозим. Аммо реал ҳаётда бу қийин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти катталар учун трансёғларни истеъмол қилишни умумий калориянинг 1% дан кўп бўлмаган миқдорида чеклашни тавсия қилади. Масалан, агар кундалик калориянгиз 2000 ккал бўлса, трансёғлар миқдори 20 ккалдан (тахминан 2 грамм) ошмаслиги лозим.
Соғлом ҳаёт учун трансёғларни истеъмол қилишни минимал даражада ушлаш ёки умуман рад этиш тавсия этилади.
Санэпидқўмита мутахассиси таъкидладики, ҳар бир шахс рационида табиий ва соғлом ёғларга устуворлик бериши, трансёғларнинг миқдорига эътибор қаратиши лозим.
Зулхумор АКБАРОВА ёзиб олди