“Тамаддун” нашриётида адабиётшунос олимлар Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг “Кўнгил ҳайратлари”, Олимжон Давлатовнинг “Маънолар хазинаси”, Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Шавқи Наво”, Акром Маликнинг “Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонининг насрий баёнига шарҳлар” китоблари шулар жумласидандир. Шунингдек, “Фан ва технологиялар” нашриёт-матбаа уйи тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраимовнинг “Алишер Навоий бадиий асарларининг XV–XVI асрлардаги қўлёзмалари” деб номланган китобини ҳам қимматли манбаа сифатида тақдим қилди.
Ёш тадқиқотчилар янги даврга қадам қўйишмоқда
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказиладиган янги китоблар тақдимотига шошилар эканмиз, мўъжазгина даврада ёшлар кўпчилик эканидан хурсанд бўлдик. Демак, бугунги авлод ўзлигимизнинг теран илдизларига, мумтоз адабиётимизнинг бебаҳо тилсимотларига қайтмоқда. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул ходими Муҳиддин Омон тадбирни очар экан, шундай деди:
– Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллик тўйига юртимиз нашриётларида 30 дан ортиқ номдаги китоблар нашр этилди. Бу асарлар қирғиз, қозоқ, инглиз ва немис тилларига ҳам таржима қилиниб, кўп нусхаларда ўқувчилар қўлига етиб борди. Алишер Навоий шундай закий зотки, унинг ижодини тарғиб этиш ноширлар учун ҳамиша бош вазифа, шарафли масъулият бўлиб қолаверади. Ҳозирги кунда навоийшунослик янги босқичга қадам қўйди. Навоий ижоди мустабид тузум даврида сиёсатга мослаштириб ўрганилди, яъни тасаввуфга оид асарлари нотўғри талқин қилинди ёки воз кечилди. Бугун навоийшуносликда илгари мумкин бўлмаган кўплаб жиҳатлар ўрганилмоқда, мавзулар холислик билан ёритиляпти. Янги авлод олимлари илм-фанда номаълум бўлган жиҳатларни астойдил очишга ҳаракат қиляпти.
Таъкидланишича, келгусида буюк алломаларимиз яшаган давр ҳақида ёзилган асарларни ҳам кўпроқ чоп этиш режалаштирилган. Мана, яқинда таниқли ёзувчи Исажон Султоннинг “Навоий” романи нашр этилди. Сулаймон Ҳайдарнинг “Камолиддин Беҳзод”, Музаффар Мирзонинг Ҳусайн Бойқаро ва Навоий муносабатлари тўғрисидаги “Шам ва шамшир” номли китоблари дунё юзини кўрди. Шунингдек, Хуррам Раҳимов таржимасидаги “Қаро кўзим” тўплами немис тилида, Бегойим Холбекова таржимасидаги Алишер Навоий асарлари инглиз тилида, “Танланган асарлар” қозоқ тилида, “Фарҳод ва Ширин” достонидан намуналар қирғиз тилида чоп этилди.
Тафаккур оламига очқич бўлгувчи мўъжизалар бор
Навоийшунос олим, филология фанлари доктори Нажмиддин Комилов “Жон ва жонон можароси” номли мақоласида шундай дейди: “Алишер Навоийнинг лирик асарлари жамланган “Хазойин ул-маоний” девонида икки мингдан ортиқ ғазал бор. Шарқ адабиётида бирор шоирга бунчалик кўп ғазал ёзиш насиб қилмаган. Аммо гап фақат сонда эмас. Навоий ғазалларининг ҳар бири даҳо ижодкорнинг беназир санъати ва теран тафаккуридан гувоҳлик берадиган бадиий дурдона, мўъжизадир. Бу лирик миниатюраларнинг яратилганига беш ярим асрдан ошди, лекин ҳамон руҳимиз, шууримизни ҳайратга солиб, ўқиган сари яна ўқигингиз, байтлар қаърига жойланган сеҳрни ва сирли маъноларни теранроқ, тўлароқ англаб олгингиз келади”.
Чиндан ҳам мутафаккирнинг “Маънолар олами”ни кашф этганингиз сари ҳайратингиз ошиб бораверади. Фақат бу оламни англайдиган қалблар тарбияси осон кечадиган жараён эмас.
– “Маънолар хазинаси”ни шарҳлашда устозимиз Нажмиддин Комилов услубини қўлладик, – дейди адабиётшунос олим Олимжон Давлатов. – Китоб 10 жилддан иборат бўлиб, унда “Ғаройиб-ус сиғар” девонидаги 650 та ғазал шарҳланади. Аввало, ҳар бир бир ғазалнинг матни берилган. Кейин ғазалдаги тушунилиши қийин бўлган арабий, форсий сўзлар тақдим этилган. Ҳар бир ғазалнинг баёнидан кейин байтма-байт шарҳ ва иборалар ўрин олган. Яъни, одамларнинг бадиият олами, тахайюл оламига калит бўладиган, очқич бўладиган фикрлар, мулоҳазалар жойлаштирилган. Мазкур услуб биринчи ғазалдан тортиб охирги ғазалгача қўлланилади.
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, биринчи китоб 332 бетдан, иккинчи китоб эса 360 бетдан иборат. Китобларни Навоий вилояти ҳокимияти молиялаштирди ва 10 минг нусхада нашр этилди. Китоблар ҳар бир мактабга бепул тарқатилади. Йил охиригача мухлислар эътиборига яна 10 номдаги китоб ҳавола этилиши режалаштирилган.
Шу ўринда, ушбу ғазаллар бошқа тадқиқотчилар томонидан шарҳланмаганми, деган савол туғилиши мумкин. Олимжон Давлатовнинг тасдиқлашича, Алишер Навоийнинг 2600 та ғазали бор. Шу пайтгача тадқиқотчилар томонидан 200 тага яқин ғазал шарҳланган, халос. Демак, яна 2400 та ғазал ўз шарҳловчиларини кутиб турибди.
– Бугунги кунда АОКА тизимидаги давлат ва хусусий нашриёларда нафақат бадиий адабиётлар ва дасрликлар, балки ташаббуслар асосида мумтоз маънавий-илмий меросимизни тарғиб этувчи кўплаб илмий нашрлар ҳам дунё юзини кўрмоқда, – деб давом этади Олимжон Давлатов. – Илмни, маърифатни, маънавиятни қадрлаган миллат бир куни, албатта, юксак маънавий чўққиларни забт этади. Президентимизнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори биз, тадқиқотчиларни беҳад хурсанд қилди. Қарорда илмий-маънавий меросимизни тадқиқ этиш борасидаги кўплаб муаммоларга ечим бўладиган қатор вазифалар белгиланган.
Масъулиятсизлик билан қалам қитирлатган олим эмас...
Акром Малик Алишер Навоий ижодига оид қатор мақола, китоб ва монографиялар муаллифи. Ёш олимнинг ўзига хос қарашлари, мулоҳазалари ва хулосалари навоийшунослар ва ўқувчилар ўртасида кўплаб баҳс- мунозараларга ҳам сабаб бўлган. У “Мубоҳаса. Алишер Навоий: Зиддият ва мувофақат чегарасида” деб номланган мақоласида шундай дейди: “...фақирингиз ушбу мақолада туркий қавмларнинг ифтихори, низоми миллат ва дин унвони соҳиби, исми дахлсиз буюклар сафида саналадиган шахс, мутафаккир ва файласуф, Ислом шоири Алишер Навоий билан баҳсга киришмоқчиман. Сен ким бўлибсанки, Алишер Навоий билан баҳс қилурсан, дейишга чоғланган ўқувчиларимиз, шубҳасиз, мазкур битикларни сўнгига қадар сабр ила ўқишларига тўғри келади. Бу уларни шошиб қарор чиқаришдек хатодан сақланишларига сабаб бўлиши мумкин”.
Ҳа, Акром Малик мутафаккир билан баҳсга киришишдан асло чўчимайдиган, билими ва тафаккури билан бемалол дадил сўз айта оладиган тадқиқотчи экани билан ҳам ҳурматимизни қозонган. Ёш олим ўз мақолаларидан бирида шундай дейди: “Йигирма бир ёшимда Ўзбекистон Миллий университети Ўзбек филологияси факультети талабаси бўлдим. Тасаввуримда Алишер Навоий улуғ шахс эди. Факультетимизда Алишер Навоий мухлислари кўп эди. Ботирхон Акрамов домла Алишер Навоий ғазалларини ўқиб, лекцияларда йиғлайверар эканлар. "Фасоҳат мулкининг соҳибқирони" ва шу каби китобларида Алишер Навоийга нисбатан юксак ҳурмат бор. Бир катта профессор домламиз Навоий эмас, ҳазрат Навоий ёки Алишер Навоий деб айтинглар, акс ҳолда, бу ҳурматсизликдир деган эди. Шу муҳитда беш йил таълим олдик, ўқидик. Фэйсбукда ҳам Алишер Навоий ҳақида канда қилмай ёзардим. Alishernavoiy.uz деган сайтни очиб, юритардим. Йирик навоийшунос олимлардан Олимжон Давлатов бир куни мени чақириб: "Алишер Навоий қомусий луғатини тайёрлаяпмиз. Сизга вазифа - навоийшунослик тадқиқотлари – диссертацияларни ўқиб, ҳар бирига қисқа шарҳ ёзасиз. Биз буни китобга киритамиз", деди. Кейин ишнинг шакли билан таништирди”.
Шундан сўнг ёш тадқиқотчи Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасидаги жами 107 та диссертация билан таинишиб чиққанлигини ёзади. Йўл-йўлакай Алишер Навоий ҳақидаги рисолалар, китобларни ҳам мутолаа қилганини таъкидлайди. Сўз якунида эса афсус билан шундай танқидий мулоҳаза билдиради: “Шу тариқа навоийшунослик деб номланган соҳанинг умумий сатҳи ҳақида тасаввурга эга бўлдим. Диссертацияларнинг аксари саёз ва одамлар ҳаёти учун фойдасиз бўлса-да ёзилганлиги, “олим” номи остида масъулиятсизлик билан қалам қитирлатганларнинг анча кўплиги мени ҳайрон қолдирди”.
Асл илмни излаш ва уни англаш йўлида машаққатлардан асло чўчимайдиган тадқиқотчининг “Ҳайрат ул-аброр” достонининг насрий баёнига бағишланган китоби ҳам адабий давраларда турли муҳокамага сабаб бўлди ва айни пайтда кенг эътироф этилди.
– “Ҳайрат ул-аброр” шарҳи китобимни Алишер Навоийнинг бир мухлиси сифатида мутолаа қилиш жараёнида англаганларимни китобхонларга етказишни истадим, – дейди олим. – Навоийни англаш, уни тушунишда “Ҳайрат ул-аброр” калит вазифани ўтайди. Ушбу тўпламнинг нашр этилишида устозларга таяндик, билмаганларимизни улардан ўрганиб, сўнг амалда қўлладик. Устоз Нажмиддин Комиловдан озроқ андоза олиб, озроқ ўзгача усулда шарҳ, матн, насрий баёни ва луғатини бердик.
Чиндан ҳам ушбу кетма-кетлик ўқувчини асл матнга яқинлаштирса, ажаб эмас. Тадқиқотчиларнинг асосий мақсади Алишер Навоийни тушунтириб бериш эмас, мутафаккир ижодий меросини ўқувчиларга етказишдан иборат. Айни кунларда китобнинг иккинчи ва учинчи жилдлари устида ҳам иш олиб борилмоқда. Умид қиламизки, яқин кунларда улар ҳам адабиёт мухлисларининг қўлларига етиб боради.
Мўътабар қўлёзмалар ва нафис мўъжаз расмлар ҳайрати
Мутахассисларнинг таъкидлашича, шу пайтгача чоп этилган ва амалга оширилган тарих фани ҳамда маданият, ўзбек китоби ёки китобат санъати тарихига оид тадқиқотларда, Алишер Навоийнинг тарихчи ва ҳомийлиги тан олиниб, йўл-йўлакай эслатилса-да, унинг асарлари мўътабар қўлёзмалари, нақшу нигори ва нафис мўъжаз расмлар мисолида, шоир ижодининг Марказий Осиё XV–XVI асрлар маданияти тарихида тутган ўрни махсус ўрганилмаган. Барча навоийшунос, санъатшунос ва тарихчилар томонидан Алишер Навоий буюк давлат арбоби, мутафаккир, беназир санъат, илм-фан ва маданият ҳомийси деб тан олинса-да, шоирнинг бу соҳадаги улкан фаолияти, айниқса, тарихчи ва давлат арбоби сифатидаги хизматлари ҳозиргача тарих фанида тўла ва мукаммал ўз ифодасини топмаган.
– Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Тарихи мулуки ажам”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” каби рисолалари, бадиий асарлари, хусусан, девонлар, достонлар, “Мажолис ун-нафоис” тазкираси, “Маҳбуб ул-қулуб” асари, “Муншаот”и ва бошқаларда тарих илми, маданият, китобат санъати ва ижодкорлари ҳақида қимматли фикрлар, маълумотлар мавжуд бўлиб, уларни алоҳида ўрганиш тақозо этилади, – дейди “Алишер Навоий бадиий асарларининг XV–XVI асрлардаги қўлёзмалари” китоби муаллифи, тарих фанлари доктори Абдумажид Мадраимов. – Буюк шоирнинг ҳаёти ва ижоди асосан адабиётшунослар томонидан маълум даражада кенг ва яхши ўрганилган. Айрим кутубхона ва фондларда шоир асарлари қўлёзмасининг махсус фиҳристи каталоглари ҳам бор. Аммо шоирнинг тарихга, маданиятга, китобат санъатига муносабати, унинг асарлари мўътабар қўлёзмаларининг Марказий Осиё XV–XVI асрлар тарихи, маданияти ва китобат санъати тараққиётида тутган ўрни ва роли алоҳида тадқиқот манбаи бўлган эмас.
Китобни варақлар эканмиз, олим ўз тадқиқотлари орқали Алишер Навоий асарлари китобати Марказий Осиё деб аталган ҳуддудда, XV–XVI асрлар давомида асосан Мовароуннаҳр, Хуросон, Озарбайжон, Эрон ва Шимолий Ҳиндистонда жиддий ўрганганлигига гувоҳ бўламиз. Тадқиқотчи бу жараёнда йирик санъатшунослар Б.Веймарн, С.Тюляев, Г.Пугаченкова, Л.Ремпель, О.Қозиев, Ҳ.Сулаймон, О.Акимушкин, М.Ашрафий ва бошқаларнинг Шарқ китобат санъати ва рассомлигини ўрганиш тажрибасидан ҳам ижодий фойдаланган.
Яхши кишилар бирла тутар бўл суҳбат...
Барча даҳо санъаткорлар сингари Алишер Навоий ҳам ўзининг номи ва яратган асарлари оша яшаб қолишига ишонган эди. "Умидим улдурки ва ҳаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай", деб ёзган эди улуғ шоир. Бу башоратомуз сўзлар ижобат бўлди. Эндиликда шоир сўзлари дунё бўйлаб ўзининг юксак парвозини давом эттирмоқда.
Янги китоблар билан танишиш асносида ҳазрати Навоийнинг ушбу мисраларини эсладик:
Яхши кишилар бирла тутар бўл суҳбат...
То бергай амон шарирдин ул суҳбат.
Ҳа, илм чироғига, маърифат гулшанига ҳамроҳлиқ инсонни ҳамиша эзгу манзиллар сари элтади. Қалбимизни ҳар не ёмонликдан, ғубордан халос этиб, яхшилик сари чорлайди. Шундай экан, мутафаккир бобомиз адабий меросининг мазмун-моҳиятини англатувчи илмий-маърифий асарлар сафи янада кенгаяверсин!
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири