Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Уй-жой кодекси нормалари нафақат ҳозирги замон талабларига тўлиқ жавоб бериши, балки келгусидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларни қамраб олиши зарур.
Кодекс билан уй-жой соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниб, унинг фуқаролик қонунчилиги билан чегараси аниқ белгиланади.
Шунингдек, Қонунда турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи барча турдаги фуқаролик-ҳуқуқий битимлар орқали вужудга келиши, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини амалга ошириш ва у билан боғлиқ чекловлар назарда тутилади.
Жамоатчилик фикрлари ва таклифлари акс этган мазкур Кодекснинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида давлат ва жамоат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш, реконструкция қилиш ва бузиш ишларини амалга ошириш тартиби янада такомиллаштирилади. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлатнинг уй-жой сиёсати каби бир қатор масалалар ўз ечимини топиши кутилади.
Муҳокама давомида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилди. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларни ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш, ҳисобга олишни рад этиш асослари, турар жой масалалари бўйича комиссиялар фаолияти ҳамда уларни турар жой билан таъминлашга оид қоидалар аниқ қилиб белгиланиши зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Мажлис якунида экспертларнинг ушбу Қонун бўйича тавсиялари тайёрланиб, Суд-ҳуқуқ масалалар ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.