Мақолада бугунги куннинг энг долзарб мавзуси — дунёда тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш, тараққиёт йўлида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари таҳлил этилган. Бу борада Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ўрни, хусусан, ушбу тузилманинг Самарқандда ўтадиган навбатдаги саммити аҳамияти, Ўзбекистон ташаббусларининг мазмун-моҳияти теран очиб берилган.

Бугунги ахборот глобаллашуви шароитида дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечмоқда. Давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч емирилиб, геосиёсий ўйинлар, ҳатто қуролли қарама-қаршиликлар тобора кенгайиб бораётир. Ўзаро ишончсизлик, ҳамкорлик алоқаларининг чеклангани жаҳон иқтисодиётини тушкунлик гирдобига ташлади. Дунёнинг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини янада кескинлаштирди, нарх-наво кўтарилишига сабаб бўлди. Боз устига, иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислиги ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши инсониятни хавотирга солиб қўйди. Хўш, бундай талотўплар шароитида қандай йўл тутмоқ керак?

Президентимиз мақолада муаммодан чиқиш йўлини кўрсатиб берди. Фақат конструктив мулоқот ва ва ўзаро манфаатларни ҳисобга оладиган кўп томонлама ҳамкорлик муаммодан чиқишнинг ягона йўли бўла олади. Инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар катта ёки кичиклигидан қатъи назар, ўзининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни ҳамжиҳатликка қаратиши лозим. Самарали халқаро ҳамкорлик — бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мана шундай улкан имкониятларга эга бўлган ҳамда халқаро иқтисодий ва сиёсий муносабатлар тизимида тобора муҳимроқ аҳамият касб этиб бораётган нуфузли халқаро тузилмадир. У ташкил этилганидан буён қисқа вақт мобайнида глобал сиёсий ва иқтисодий тизимнинг ажралмас қисмига айланди. Ташкилотнинг жаҳонда юз бераётган воқеаларга фаол муносабати, хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликни таъминлашга қаратилган қатъий сиёсий йўли дунё ҳамжамиятининг қизиқиши ва ишончи ортишига сабаб бўлмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, янги синовлар ва имкониятлар вужудга келаётган бугунги дунёда ШҲТнинг трансформацияси ва юксалиши учун нафақат аъзолар сони кўпайиши ҳисобига, балки ташкилот ривожининг янги стратегик йўналишларини илгари суриш орқали кенг истиқболлар мавжуд. Бу ўринда гап транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт каби муҳим йўналишлар ҳақида бормоқда.

Мақолани мутолаа қилар эканмиз, ШҲТнинг жорий йил 15-16 сентябрь кунлари азим Самарқанд шаҳрида бўладиган навбатдаги саммити анъанавий форматдагидан ўзгача ўтиши тасаввуримизда жонланади.

Хусусан, бу галги анжуманда ташилотнинг саккиз аъзосидан ташқари, кузатувчи ва меҳмон сифатида Эрон, Беларусь, Мўғулистон, Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва Арманистон Президентлари ҳам иштирок этишади. Шу маънода, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Евроосиё минтақасида жойлашган, айни пайтда нуфуси жиҳатидан жаҳон аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган мазкур мамлакатлар раҳбарларининг бир стол атрофида жамланиши, айтиш мумкин бўлса, глобал хавф-хатарлар кенгайиб, геосиёсий пўртаналар авжига чиққан ва ҳар қандай истиқболни олдиндан тахмин этиш тобора қийинлашаётган ҳозирги мураккаб дунёда ниҳоятда долзарблиги билан барчанинг диққат-эътиборидадир.

Саммитда минтақавий хавфсизликни ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, тинч-тотув ва фаровон ҳаётни таъминлаш борасида самарали ютуқларга эришилишига шубҳа йўқ. Зеро, ШҲТнинг халқаро ташкилот сифатидаги жозибадорлиги ва унинг фаолияти асосини ташкил этадиган тамойиллар ҳар қандай кишида ана шундай ёруғ умид ва ишонч уйғотади.

Бинобарин, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот — ШҲТнинг, биринчидан, турли блоклардан холи мақомга эга экани, иккинчидан, очиқлиги, учинчидан, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, тўртинчидан, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, бешинчидан, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик каби тамойилларга риоя қилиши тузилманинг халқаро майдонда ҳурмат ва қадр топиши, давлатларнинг унга талпинишига сабаб бўлмоқда.

“Шанхай руҳи” ташкилотга аъзо давлатларнинг сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий қудрати ҳар хил ўлчамда бўлишига қарамай, уларнинг барчаси тенг ва ҳамжиҳатлигини билдиради. Айниқса, ШҲТ доирасида барча қарорларнинг консенсус асосида қабул қилиниши тамойили ҳам уни мукаммал тузилма сифатида намоён этади.

Ўзбекистон ташкилот доирасида конкрет ва амалий ташаббусларни илгари суряпти. Олайлик, Ўзбекистон раҳбарининг транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт каби муҳим йўналишлардаги ташаббуслари рўёбга чиқса, ШҲТ доирасидаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари бир неча борабар ошади, ташкилотнинг имижи ва обрў-эътибори янада юксалади.

ШҲТ доирасида миллий манфаатларимизга жавоб берадиган кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича илгари сурилган барча таклиф ва ташаббусларимиз минтақадаги барқарорлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига тўлиқ мос келади. Чунончи, сўнгги йилларда Ўзбекистон ШҲТ доирасида янги ҳамкорлик платформаларини ишга тушириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди: Президент фармони билан Тошкентдаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази очилди, ташкилотга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувлари механизми йўлга қўйилди. Самарқандда “Ипак йўли” туризм халқаро университети барпо этилди. Бу пойтахтимизда муқаддам очилган Минтақавий аксилтеррор тузилмасига қўшимча ташкилотлар сифатида Ўзбекистоннинг аҳамиятини янада кучайтирди.

Ташкилотга раислик Ўзбекистонга кўп томонлама кооперацияни янада мустаҳкамлаш баробарида ҳар бир давлат билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янада кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олишда яхши имкониятлар берди.

“Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” шиорини амалда рўёбга чиқариш йўлида ташкилотнинг янада кучли ва халқаро ҳамкорлар учун янада жозибадор бўлишига эришиш учун жиддий ҳаракат қилинди.

Президентимиз мақолада Афғонистонни ШҲТ маконининг ажралмас қисми сифатида таъкидлагани бежиз эмас. Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи ушбу мамлакатдаги барқарорлик минтақа хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, ўтказилажак саммит Афғонистондаги мураккаб вазиятни кенг муҳокама этиш учун жуда қулай дипломатик майдондир.

Афғонистон билан ўзаро муносабатлар, жафокаш афғон халқига ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришни кучайтириш билан боғлиқ барча масалалар ҳамон халқаро ҳаётнинг кун тартибида. Ўз навбатида, Ўзбекистон ушбу масалага жиддий эътибор қаратиб, келгусида Афғонистонга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатишнинг аниқ дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурмоқда. Ҳозир мамлакатимиз гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун бу давлатга зарурий озиқ-овқат, нефть ва электр энергиясини етказиб беришда давом этмоқда.

Зеро, ҳозирги мураккаб бир пайтда бу давлатни яккалаб қўйиш мавжуд вазият ва тарангликни янада кучайтиради, холос. Шу сабабли, аввало, қўшни давлатлар бундай шароитда якдиллик ва бир-бири билан мувофиқлаштирилган ҳаракатлар қилиши аҳамияти кескин ошади.

Шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисмидир. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Қолаверса, Ўзбекистон ташаббусларининг яна бир аҳамиятли жиҳати бор. Яъни асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон энди Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим. Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин. Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали иккита мақсадни рўёбга чиқара оламиз. Биринчидан, ижтимоий-иқтисодий ва транспорт коммуникацияси “кўприклари” ўрнатилади, иккинчидан, минтақавий хавфсизлик таъминланади.

Нуфузли халқаро саммитнинг Самарқандда ўтказилишида ҳам ўзига хос рамзий маънода бор. “Ер юзининг сайқали”, дея эътироф этиладиган бу қадимий кент кўп асрлар мобайнида Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, шимол ва жанубни, шарқ ва ғарбни ягона чорраҳада туташтириб келган.

Шубҳасиз, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд Шанхай ҳамкорлик ташкилоти қудратини ва жозибадорлигини ошириш билан тарихга киради. Самарқанднинг шонли тарихий мероси ва ўзига хос руҳи бунга хизмат қилади.

Боз устига, янги Ўзбекистоннинг фаол дипломатиясида Самарқанд мамлакатимизнинг энг муҳим халқаро ташаббусларини илгари суриш учун ноёб платформа бўлмоқда. Сўнгги йилларда шаҳарда қатор йирик форумлар мувафаққиятли ўтказилди. Қўлга киритилган тажриба, ўзаро ҳамжиҳатлик, яхлитлик ва фаровон ҳаётни ўзида мужассам этган “Самарқанд руҳи” “Шанхай руҳи” билан уйғунлашиб, уни янада тўлдиради. Шу сабабли аминмизки, Самарқандда ШҲТ ҳаётининг янги босқичи бошланишига гувоҳ бўламиз: халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантиришда мустаҳкам пойдевор яратилади.

Озодбек Назарбеков,

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири