Бундан беш йил муқаддам — 4 декабрь куни халқимиз ўз хоҳиш-иродасини очиқ-ошкора намоён қилган, эртанги тараққиётимиз, чиройли турмушимиз, мамлакатимиз фаровонлигини таъминлашга қодир, миллатни, халқни саодат сари етаклай оладиган Президентини сайлаган эди. Ўз-ўзидан, шу кундан бошлаб давлатимиз тарихида янги бир босқич бошланганди.
Кўп миллатли халқимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тинч ва осуда ҳаёт кечиришига, озод ва обод яшаш бахтига муяссар бўлишига, Ўзбекистон ҳаётида оламшумул, кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилишига ишонди ва шундай ҳам бўлди. Қисқа фурсатда юртимизда ҳаётнинг барча жабҳаларида туб бурилишлар йўлида дадил қадам ташланиб, мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй берди. Бошқача айтганда, Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйди. Халқимизни кўп йиллардан буён ўйлантириб, ташвишга солиб келаётган муаммолар қисқа фурсатда ҳал этилди, халқимизнинг хоҳиш-истаклари, орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади.
Мамлакатимизда умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда демократик тамойиллар асосида жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида халқимиз яна бир карра сайлаш ҳуқуқидан самарали фойдаланди ва ўз тақдири, фарзандлари келажаги, оилалари фаровонлиги учун ҳақиқий кучли йўлбошчига овоз берди. Узоқни кўра оладиган энг етук сиёсий етакчини, оқил раҳбарни танлади.
Бу бешта сиёсий партиядан кўрсатилган номзодлар орасида юртдошларимиз амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевни ҳақиқий кучли етакчи сифатида билгани, сўнгги беш йилда амалга оширилган ислоҳотлардан, ҳар бир соҳада кузатилаётган ижобий ўзгаришлардан мамнунлиги, давлатимиз раҳбарининг одилона ва оқилона сиёсатидан розилигидан далолатдир.
Чунончи, кейинги беш йилда Ўзбекистонда эришилган марралар ҳақида сўз юритсак, уларни санашга бармоғимиз, ёзишга қоғозимиз етмайди. Бу шиддатли ислоҳотлар улкан бунёдкорлик, ободончилик ишлари, инсон манфаатлари улуғлангани ва халқ билан мулоқотнинг янги тизими жорий этилгани билан ҳаётда ўзининг ёрқин ифодасини намоён қилди. Бугун юртимиз қандай катта ютуқ ва марраларга эришганининг тасдиғини англаш учун охирги беш йилда қўлга киритилган натижалар, Ватанимизнинг бугунги салоҳияти ва ўсиш суръатларини ўзида яққол ифода этадиган кўрсаткичларга эътибор қаратиш ўринлидир.
Бу аҳоли даромадларининг изчил ўсаётгани, одамларнинг шахсий уй-жой ва сифатли истеъмол товарлари билан таъминланаётгани, яшаш учун зарур инфратузилманинг кенгайиб бораётганида намоён бўлаётир. Бунинг исботини одамлар давлатнинг амалга ошираётган сиёсатининг самимийлигини ҳаётида, турмушида ҳис қилаётгани ва буни ҳозир ҳар қадамда эътироф этаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Айтиш жоизки, шу даврда инсон — энг олий ҳилқат сифатида эътироф этилди. Унинг ҳуқуқ-эркинликлари ва манфаатлари олий қадрият сифатида белгиланиб, амалда унга риоя этила бошланди. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фақат жазоловчи эмас, балки инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоячисига айланди. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Ўксик қалблардаги музлар эриди
Халқ билан мулоқот ҳаётдаги муаммоларни ойдинлаштиради. Ўтган даврда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, сўз эркинлиги, мажбурий меҳнатга чек қўйиш ва очиқ сиёсат юритиш бўйича эришилган ютуқларни бугун халқаро ҳамжамият Президент Шавкат Мирзиёев номи билан бевосита боғлиқ эканини алоҳида эътироф этмоқда.
Ҳар бир инсон яхши яшаши, ҳаёти гўзал мазмун касб этиши — олий қадрият. Улар эртага эмас, бугун яхши яшашни истайди. Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ халқимизга тинч ва осуда ҳаёт кечириши учун яхши шароит яратиб беришни мақсад қилди ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шу эзгу мақсад-муддаога қаратилди.
Президентимиз қаерга бормасин, аҳоли билан учрашиб, уларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишлари, дуч келаётган муаммоларига алоҳида эътибор берди, маҳаллама-маҳалла юриб, одамларнинг дарду ташвишини соатлаб эшитди. Шу орқали одамлар қалбига йўл топилди. Қаҳратон қишдан сўнг чиққан офтоб нурлари бутун борлиққа жон бағишлагани каби ўксик қалблардаги музлар эриди. Давлатнинг халққа бундай қайишиши натижасида одамларнинг руҳиятида катта ўзгариш юз берди. Фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ортди, сиёсий хабардорлик даражаси кўтарилди.
Албатта, ўтган қисқа, мазмунан бой йилларда Президентнинг инсон қадрини ҳақиқий мартабасига олиб чиқиш, энг муҳими, аҳолининг фаровон, бекаму кўст турмушидан рози бўлиб яшашини таъминлаш мақсадида узоқни ўйлаб олиб борган оқилона ҳамда одилона сиёсати туфайли амалга оширилган асрларга татигулик ўзгаришларни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Зеро, шу давр мобайнида нафақат одамларнинг ҳар лаҳза оғир тегирмон тошидек елкасида юк бўлиб келган энг катта дард-у ташвиши ариди, балки халқ ҳаётидан узилиб қолган айрим раҳбарлар халқ ичида юришга, фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвиши билан яшашга ўрганди. Натижада аҳолининг яшаш шароитлари тубдан яхшиланди, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Энг муҳими, уларнинг кайфияти, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгариб, эртанги кунга мустаҳкам ишонч пайдо бўлди.
Изчиллик ва қатъият билан ҳаётга жорий этилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида йигирма беш йил давомида бўлмаган ишлар қилинди, десак айни ҳақиқат. Давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас — балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган халқчил даъватлари амалий ҳаракатга айланди. Халқ билан мулоқотнинг мутлақо янги тизими, янги институти яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, жойларда халқ қабулхоналари ташкил этилиб, юртдошларимиз ўзининг дард-у ҳастрати, йиллар давомида йиғилган муаммоларини очиқ-ошкора айта бошлади.
Янги механизм ёрдамида ўн минглаб, юз минглаб одамларнинг муаммолари ҳал этилди. Ҳокимият ва фуқаролар ўртасидаги мулоқот умуман бошқача кўриниш касб этди ҳамда жамиятда адолатни қарор топтириб, раҳбар ва амалдорларни аҳолига яқинлаштирди. Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродалари билан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва кафолатлари кучайтирилиб, мажбурий меҳнатга шу жумладан, болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди. Илгари ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва бошқа ижтимоий соҳа вакиллари болаларни ўқитиш, беморларни даволаш ўрнига бутун кузни пахта даласида ўтказган бўлса, кейинги йилларда юртимизда таълим ва тарбия масаласи умуммиллий ҳаракатга айланди. Ўқитувчининг мавқейиини юксалтириш, устоз муаллимларга муносиб шарт-шароитларни яратиш мақсадида педагог ҳодимларнинг иш ҳақи босқичма-босқич ошириб борилмоқда. Ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтириш, умумтаълим фанларини ўқитишнинг бутунлай янгича тизими яратилди.
Яна бир ҳаётий мисол. Бир вақтлар бозорга бориб кийим-кечак ёки озиқ-овқат харид қилмоқчи бўлсак, сотувчи “ака пулингиз нақдми ёки пластик?”, деб сўрарди. Агар пластик, десак, “унда маҳсулот устига 10 ёки 15 фоиз қўшиб берасиз”, дерди. Оладиган ойлигимиз эса квартира тўлови ва кунлик харажатларимиздан ортмасди. Бу ҳам етмаганидек, карточкадаги пулимизни нақдлаштиришда не-не қийинчиликларга дуч келганмиз. Ойлик маошимиз тушди, дегунча бозорга ёки бирор бир “бензин қуйиш шаҳобчаси”га югурардик. Маошимизнинг 20 ҳаттоки, 30 фоизини тадбиркорга беришга мажбур бўлардик. Энг ёмони, пластик карточкалардан тўлов аксар жойларда қабул қилинмасди, қўлимизда пулимиз бўла туриб, уни ишлата олмасдик. Бу фақат мени эмас, миллионлаб одамларнинг оғриқли муаммоси эди. Мамлакатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан бундай муаммолар бугун тарихга айланди. Ҳозир юртимизнинг исталган ҳудудига борманг, фуқароларимиз нақд пулни бемалол йигирма тўрт соат давомида кўчада банкоматдан ечиб олмоқда.
Юртюошимиз ташаббуси билан илгари тарихда бўлмаган секторлар тизими жорий қилиниши эса давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Жамиятда камбағаллик ва ишсизликка барҳам беришни кўзда тутувчи, аҳолининг энг қийналган, шароити оғир қатламини қамраб олувчи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби дафтарлар ҳам мазмун-моҳиятига кўра, жуда содда ва шу билан бирга, самарали усул экани аллақачон исботланди. Унинг бераётган ижобий ҳосилаларини бугун фуқароларимиз ўз ҳаётида ҳис этиб турибди.
Эътиборга молик томони, ишлаш, пул топиш учун хорижга кетаётган фуқароларимизга муносабат буткул ўзгарди. Уларнинг чет элда ҳуқуқлари паймол бўлишининг олдини олиш, ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, ташкиллаштирилган миграцияни йўлга қўйиш бўйича мутлақо янги тизим яратиб берилди. Хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шароитларини яхшилашга эътибор кучайди. Россия, Қозоғистон, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан меҳнат миграцияси борасида халқаро шартномалар имзоланди. Албатта, буларнинг ҳаммаси давлатимизнинг меҳнат мигрантлари масаласига жиддий эътибор қаратаётганини кўрсатади, Ўзбекистонда яшовчи 35 миллиондан ортиқ фуқаро қаерда яшаши ва ишлашидан қатъий назар давлатимиз раҳбарининг эътиборида ва назоратида экани, Президент уларнинг барчасини ўз фарзанди, опаси, синглиси, акаси, укасидик кўришидан далолат беради.
Адашиб, бошқа йўлга кириб қолган ватандошларимизга душман кўзи билан қараш эмас, аксинча, кечиримли бўлиш, уларга инсонийликнинг энг юксак намунасини кўрсатиш давлатимиз раҳбарининг муҳим ислоҳотларидан бири бўлди. Мамлакатимиз тариҳида илк бор “Меҳр” операциялари беш маротаба амалга оширилиб, Сурия, Ироқ ва Афғонистондан кўплаб фуқароларимиз, асосан, аёллар ва болалар Ватанимизга қайтариб олиб келинди.
Бундан англашиладики, Янги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқ қолади. Зотан, давлатимиз раҳбари шу йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида тўхталиб, халқимиз талабларини инобатга олган ҳолда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилгани ва сайлов жараёнида у ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказилганини таъкидлади.
Бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилгани эса Ўзбекистоннинг ислоҳотлар йўлини қатъият билан давом эттириши ва мантиқий якунига етказишига ишорадир.
Кўп йиллик орзулар рўёби
Инсон борки, ўз уйи бўлишини орзу қилади, уй олиш учун тинмай ҳаракат қилади, интилади. Уйсизлик, ижарама-ижара, сарсон бўлиб яшаш азобини бошидан кечирган яхши билади. Агар инсон ўз уйига эга бўлса, ҳаётда катта мақсадлар билан яшайди, оиласида тинчлик, ишида унумдорлик бўлади. Ватанли бўлиш бахти эса кишига ўзгача руҳият бахш этади. Зеро, уй-жой инсон ҳаётининг узвий ва ажралмас бир қисми бўлиб, у жамиятда эркин ҳаёт кечиришнинг гаровидир.
Шу боис, охирги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояланмаган ва кам таъминланган тоифаларининг уй-жой ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилди. Одамларни энг кўп ташвишга солаётган уй-жой масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Қисқа вақт ичида мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланди. Сўнгги йилларда юртимизда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ хонадонли уй-жойлар барпо этилди. Бу ундан олдинги йилларга қараганда 10 мартадан ҳам кўп. Натижада узоқ йиллар бошпанасиз бўлган юзлаб, минглаб оилалар шахсий уй-жойларга эга бўлди.
Пандемия туфайли кўплаб давлатларнинг бели букилиб, қатор ижтимоий дастурлардан воз кечишга мажбур бўлаётган, айниқса, уй-жой қурилиши кескин қисқараётган бир пайтда Президентимиз томонидан Ўзбекистонда бунёдкорлик ишлари кўлами тобора кенгайтирилаётгани замирида мамлакат тараққиёти ва ҳаёт фаровонлигини оширишга қаратилган кўплаб эзгу мақсадлар мужассамдир.
Лекин юртимизда ҳар йили 300 мингга яқин никоҳлар қайд этилмоқда. Бу келгуси беш йилда аҳоли сони 38 миллионга етади дегани. Демак, уйлар қурилиши кўламини шунга мувофиқ кенгайтириб бориш лозим бўлади.
Буни ўз вақтида теран англаган Президентимиз энг муҳим масалалардан бири сифатида уй-жой масаласини ҳал этиш, аҳолига қулай яшаш шароитларини яратишга ахд қилди. Келгусида ҳудудларда 1 миллиондан ортиқ аҳоли учун барча қулайлик ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилиши, “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари изчил давом эттирилишини билдирди. Бу эса йиллар давомида ижарама-ижара, сарсон-саргардон юрган минг-минглаб инсонлар қалбига ишонч туйғусини олиб кирди.
Уйи бор одамнинг эса ўйи бўлмайди, кўнгли тўқ бўлади, келажакка ишонч билан қарайди, катта мақсадларни дилга тугиб, бунёдкорликка, яратувчанликка интилиб яшайди. Бошқача айтганда, уй-жой шунчаки бошпана эмас, у инсоннинг кўнглидаги маънавий қўрғони ҳамдир. Ушбу қўрғони бут инсонларнинг оиласи мустаҳкам бўлади, ишига барака инади.
Ислоҳотлар натижаси чекка ҳудудларда бўй кўрсатмоқда
Иқтисодий ривожланиш аввало, қишлоқ жойларни ривожлантиришдан, қишлоқ одамлари ҳаёти даражасини оширишдан бошланиши яхши маълум. Чунки ўзгариш ва янгиланиш йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди.
Сир эмаски, ўтган йиллар давомида юртимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилган бўлсада, олис қишлоқларда истиқомат қилаётган оддий одамларнинг яшаш шароитини яхшилашга етарлича эътибор қаратилмаган эди. Бу ҳудудларга раҳбарлар бормас, у ердаги аҳвол, аҳолининг яшаш шароитидан хабардор эмасди.
Шу боис, Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш бўйича аниқ, мақсадли тизим яратилди. Халқимизни ҳаётдан рози қилишнинг, юртимиз янги қиёфасини яратишнинг энг самарали механизмларидан бирига айланиб улгурган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида мамлакатимизнинг кўплаб қишлоқ, маҳалла ва овулларидаги миллионлаб инсонлар ҳаётида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида улардаги йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, уй-жойлар таъмирланди, ичимлик сув ва электр энергияси тармоқлари тортиб келинди.
Бундан уч-тўрт йил муқаддам Мўйноқ деса, Орол тарк этган, туз конига айланган олис туман кўз олдимизда гавдаланар эди. Одамлар Мўйноқда денгиз эмас, балки чўл бор, деб айтишарди. Бугун бу ердаги ўзгаришлар инсонлар қалбида ҳаётга, келажакка катта умид уйғотмоқда. Сабаби кейинги йилларда Мўйноқ ривожланиш, Орол фожиасидан жабр кўраётган аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш бўйича таъбир жоиз бўлса, одамларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмайдиган оламшумул ўзгариш ва янгиланишларга юз тутди.
2017–2020 йилларда 5 миллион аҳоли яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқ қиёфаси тубдан ўзгарган бўлса, жорий йилда бу дастурнинг кўлами бир неча бор кенгайиб, барча туман ва шаҳарлардаги 8 мингга яқин қишлоқ ва маҳаллада 21 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари дастури амалга оширилмоқда. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида қурилаётган, таъмирланаётган гузар ва қишлоқлар, янги маданият ва истироҳат боғлари эртанги кунимиз порлоқ эканидан дарак бермоқда.
Миллатни жипслаштирган йил
Ўтган йили юртдошларимиз учун ҳам, жаҳон аҳли учун ҳам оғир келди. Коронавирус балоси, у келтирган ижтимоий-иқтисодий инқироз етмаганидек, бир ҳафта ичида Бухоро ва Сирдарё вилоятларида табиий-техноген офатлар рўй берди. Кутилмаганда юз берган бундай талофатлар эл-юртимизнинг иродасини яна бир бор жиддий синовдан ўтказди.
Аҳоли пунктлари, ижтимоий соҳа объектлари, экин майдонларига катта зарар етди. Юзлаб одамлар уйсиз ва бошпанасиз қолди. Таассуфки, бу ҳодисалар басма-бас рўй берди. Бу ташвишлар эса ҳаммадан кўпроқ давлатимиз раҳбарининг бағрини эзди, дилини яралади. У киши шундай оғир ва мураккаб шароитда ҳар икки ҳудудга зудлик билан етиб бориб, вазиятни ўз назоратига олди. Зарар кўрган аҳоли билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди, ташвишларига шерик бўлди. “Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”, дея халқни ишонтирди.
Вайрон бўлган маҳаллаларни нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки ундан-да яхши қилиш, ҳамманинг ҳаваси келадиган масканга айлантиришга ваъда берди. Энг катта оғирликни ўз елкасига олиб, талафот оқибатларини бартараф этган ҳолда, ҳаётни тиклаш ишларига бош-қош бўлди. Бу эса жабрдийдаларга кучли далда, мадад бўлди. Бутун халқимиз бирлашди. Кимдир маблағи, кимдир меҳнати билан ёрдамга келди.
Қисқа фурсат ичида Сардоба туманининг “Дўстлик”, Мирзаобод туманининг “Ҳақиқат” ҳамда Оқолтин туманининг “Навбаҳор” маҳалласида кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Илгари бу жойлардаги кўп уйларда табиий газ бўлмаган бўлса, энди газ, сув, электр энергияси ва бошқа коммуникациялар билан таъминланган. Янги мавзеда маҳалла гузари, дўкон, кутубхона, болалар майдончалари барпо этилган. Уйларга хизмат кўрсатувчи сервис компанияси ташкил қилинган.
Пандемия сабаб кўплаб давлатларда одамлар ишсиз, озиқ-овқатсиз қолган бир пайтда, бизда минглаб хориждаги ватандошларимиз олиб келинди, уларга иш ўрни яратилди. Шундай оғир кунларда давлатимиз, Президентимиз ҳеч бир фуқарони ҳимоясиз қолдирмади, ўз ҳолига ташлаб қўймади. Ҳатто энг оддий, кўпчилик эътиборга олмайдиган жиҳатлар ҳам юртбошимиз назаридан четда қолмади. Ўзбекистон етакчисининг узоқни ўйлаб олиб борган сиёсати туфайли халқимиз бу офатдан, қийинчиликлардан талофатларсиз чиқди.
Тарихимизда янги даврнинг бошланиши
Албатта, ўтган тарихан қисқа даврда ислоҳотлар туфайли эришган натижаларимиз ҳақида узоқ гапириш мумкин. Чунки шу даврда Ўзбекистонда юз берган ўзгариш ва янгиликларни нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамияти ва чет эл оммавий ахборот воситалари қўллаб-қувватламоқда. Мамлакатимиз раҳбари бу демократик ўзгаришларни кимларгадир ёқиш, мақтаниш, турли рейтингларга кириш учун эмас, аксинча, демократик жараёнлар халқимизнинг бугунги ҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлаб, миллий манфаатларимиз йўлида амалга оширмоқда.
Бугун Янги Ўзбекистонни демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлат, дея баралла айтоламиз. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон яна бир уйғониш даврига қадам қўйди. Янги беш йилда мамлакатимиз инсон қадри улуғ, ҳуқуқлари қадр топган буюк давлатга айланиши муқаррар. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз — дунёга, дунё — бизга очиқ бўлиши керак. Бугунги ҳаёт, бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу. Биз ана шу ҳал қилувчи тамойилни албатта ҳаётимиз қоидасига айлантирамиз”.
Салоҳиддин Исомиддинов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати масъул ходими
(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2021 йил 13 ноябрь кунги сонида эълон қилинган)