Албатта, коронивирус пандемиясига  қарши курашишда барча биргаликда ҳаракат қилса,  инсоният бошига тушган бу ташвиш ортда қолиб, синовли кунлардан кейин яхши кунлар ҳам келиши аниқ. Дунё аҳли яна қайноқ воқеликларга ва сафару саргузаштларга бой ҳаёт тарзига қайтишига яқин қолди. Юртимизда дам олиш мавсуми ҳам бошланмоқда. Дарҳақиқат, карантин чоралари юмшатилса, кўпчилик тоғлар бағрига, дам олиш масканларига ошиқиши табиий. 

Тошкент вилояти табиати туризмни ривожлантиришга ҳар томонлама қулай ва кўплаб  имкониятлар мавжуд. Жорий йилда ҳам бир неча  янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этиляпти. Соҳани тараққий эттириш, вилоятга келувчилар оқимини кўпайтириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда маҳаллий аҳоли даромадини ошириш мақсадида бир қатор туристик масканлар барпо этишга қўл урилган. 

 Ана шундай лойиҳалар сирасига Ўрта Чирчиқ  туманидаги Тошкент денгизи бўйида сайёҳлар учун  бунёд этилаётган  дам олиш масканини киритиш мумкин. 500 ўринга мўлжалланган ушбу обеъктда 4 та меҳмон уйлари билан бирга, ресторан, пляж, бассейн фойдаланишга топширилиш арафасида. Яқин кунларда бу ерда нафақат хорижий, балки маҳаллий сайёҳлар учун ҳам соҳил бўйида ҳордиқ чиқариш имконияти пайдо бўлади. 

–    Бундан бир ярим йил олдин меҳмон уйлари қуришга киришдик, – дейди тадбиркор Жаҳонгир Эрматов. – Илгари бу ер ташландиқ ҳолатда эди. Хорижлик ҳамкорларимиз 600 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишди. Мана, ҳозир деярли барча биноларимиз тахт қилиб қўйилган. Карантин бўлиб, ишларимиз бироз чўзилди. Айни пайтда эса хоналарни жиҳозлаш юмушлари ҳам ниҳоясига етмоқда. Узоғи билан 10-15 кундан кейин иш бошласак бўлади.

Бугунги кунда туризм индустрияси мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик секторига айланган. Маълумки, дунёда сайёҳлик йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Маълумотларга кўра, дунёда йилига сайёҳлар оқими 5 фоизга ортиб, соҳанинг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 10 фоиздан кўпроқни ташкил этмоқда. Ишга лаёқатли аҳолининг эса 8 фоизи ушбу йўналишда иш билан банд. 

Бўстонлиқ туманинг Оқтош қишлоғида ҳам умумий қиймати 30 миллиард сўмни ташкил қилувчи туристик обеъкт бунёд этиляпти. Эътиборли жиҳати шундаки, йилнинг тўрт фаслида ҳам фаолият кўрсатиши кўзда тутилган мажмуа 130 хонадан иборат. 330 ўринга мўлжалланган дам олиш маскани 100 нафардан зиёд кишини иш билан таъминлайди. Аҳамиятлиси, тадбиркор соҳанинг эртанги кунига катта ишонч билан қараб, қурилиш ишларини  қисқа муддатда якунлашга интиляпти.

– Меҳмонхонамиз денгиз сатҳидан 1450 метр баландликда жойлашган, – дейди тадбиркор Саидазим Юнусхўжаев. – Танлаган жойимизнинг ҳавоси ва шароити дам олувчилар учун жуда қулай. Бугунги кунда қурилиш ишлари ниҳоясига етди, хоналарни жиҳозлаш ҳам якунланмоқда.  Ишчи-хизматчилар асосан маҳаллий аҳоли вакилларидан жалб этилади Меҳмонхонада 250 кишига мўлжалланган конференция ўтказадиган зал ҳам мавжуд бўлиб, дам олувчиларга турли тадбирлар уюштириш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Мажмуамиз хорижлик сайёҳлар билан бирга, ички туризмга ҳам мўлжалланган. 

Вилоят туризм инфратузилмаси, жумладан, оилавий меҳмон уйлари тармоғини ривожлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда туризмнинг кўплаб тармоқларини ташкил этиш ҳамда янада тараққий эттириш учун имкониятлар етарли. Хусусан, меҳмон уйлари ташкил этиш асносида оилавий тадбиркорлик ривожланиб, аҳолининг иш билан таъминланаётганлиги фикримизнинг далилидир.