Халқимиз айрим тоифадаги одамларнинг комил инсонга хос бўлмаган туриш-турмуши, ёмон феъл-атвори, касби-кори, ғайритабиий жуссасига монанд лақаб тўқийди. Билакс, айнан уларга тақалган лақаб ҳудди узукка кўз қўйгангдек мос тушиб, ўзаро муомалада асли исми-шарифидан кўра кўпроқ айтилади.
Масалан, бефаросат одамга “мол”, гиёҳвандга “чилтон”, чилдирмакашга “гижбанг” каби лақаблар тиркалади. Шу маънода, Самиғ Хасановни (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) яқиндан билган, таниганлар, уни орқаровотдан “Самиғ 168” деб қўйишади. Бу лақаб унга бежиз тиркалмаганлигини эса қуйида англаб оласиз.
Асли Наманган вилоятида туғилиб ўсиб, бирор-бир жўяли ишнинг бошини тутмаган С.Хасанов одамларга фириб бериб, уларнинг мол-мулкига тажовузкорлиги ортидан турли даврларда Қўқон шаҳар, Поп, Уйчи, Шайхонтоҳур туманларининг Жиноят ишлари бўйича судларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг айнан 168-моддаси турли бандлари билан жавобгарликка тортилган. Қонун тили билан айтганда, бундайлар “хавфли рецидивист”лар тоифасига киритилади.
Афсуски, одамларга фириб беришда устаси фарангнинг бу сафарги найрангига Олимжон Файзиев учди. Аввалдан унча таниш ва синашта бўлмаган, ўзини янги бизнес-шериги деб ҳисоблаётган С.Хасанов пойтахтдаги йирик банклардан бирида унга тегишли 320 минг АҚШ доллари борлигини айтганида, Олимжон бир гапнинг ўзида ишонди-қўйди. У ушбу пулларни ўзининг ҳисоб-рақамига тушириши учун банк хизматига 320 доллар кераклигини айтиб, О.Файзиевдан ёрдам сўради. Яна қўшимчасига банкдаги пуллари ҳисоб-рақамига тушганидан сўнг, унга 50.000 АҚШ долларини 10 йил муддатга кредит ҳисобида беришини айтди.
С.Хасанов қарасаки, Олимжон содда, ишонувчан одамлар тоифасидан экан. Дастлаб, 320 доллар билан бошланган қарз кўтариш, ҳафта, ойлар сари ошиб бораверди. С.Хасанов банк харажатлари ошиб кетибди деб, аввал, 2-3 минг доллар, кейинчалик майдалаб О. Файзиевдан 700-800 доллардан қарз кўтараверди. Шу тариқа, О.Файзиевга йўқ хирмондан ҳосил ваъда қилиб, унинг пулларини эса ўзининг сарф-харажатларига сарфлайверди.
Олимжоннинг: “Пул банкдан қачон чиқади? – деган бот-бот саволларига: “Банкка ревизия тушибди”, “Банк карантин туфайли операцияларни тўхтатибди”, “Пулимни жўнатган Жанубий Кореядаги банкда қандайдир муаммо бормиш” каби алдов-қалдов гаплар билан жавоб қиларди. Хуллас, С.Хасанов аслида мавжуд бўлмаган 320 минг АҚШ доллари устидан О.Файзиевни алдаб, унинг 14100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритди. Алданганини сеза бошлаган О. Файзиев бир амаллаб, берган пулларининг учдан икки қисмини қайтариб олди. Қолганларини олишдан умидини узган О.Файзиев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Суд давомида С.Хасанов доимгидек, қилган ишидан пушаймонлиги, қайта бундай жиноятга қўл урмаслиги каби тавба-тазарруларни қилди. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун ўз сўзини айтади.
Суд С.Хасановга жазо тайинлашда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 1-бандидаги жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилиниши лозимлигига эътибор қаратди. Суд ҳукми бўйича С.Хасановга Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми тартибида С.Хасановга Жиноят ишлари бўйича Шайхонтохур туман туман судининг 2022 йил 23 февралдаги ҳукмига кўра, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташи учун 8 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинди ва жазо қаттиқ тартибли колонияларида ўтаттирилиши белгиланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, фирибгар қилмишига яраша жазосини олди. Бироқ ҳамма эътибор қаратадиган жиҳатлардан бири шуки – пул, мол-мулк олди-бердисида, бизнес ҳамкор танлашда ҳушёрлик, аниқ ишонч, эҳтиёткорлик зарур, Зеро, халқимиз таъбири билан айтганда: “ Ўзингни эҳтиёт қил, қўшнингни ўғри тутма”.
Аброр Омонов,
Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди раиси