Turkiy tilli mamlakatlar uchun yagona kino va media platforma yaratiladi

    Турк тилли мамлакатлар учун ягона кино ва медиа платформа яратиш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Бу ҳақда Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази Ахборот хизмати хабар берди.

    Маълум қилинишича, Халқаро ТУРКСОЙ форуми доирасида «Маданий меросни сақлашда кинонинг ўрни» мавзусида ўтказилган анжуманда бир қатор маданий лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилди.

    Жумладан, Ислом цивилизацияси маркази мультимедиа блоки учун тайёрланган «Араб тили эволюцияси», «Масжид», «Сеҳрли кўза», «Бақтрия тарихи», «Клавихо», «Худойберган Девонов ва немис меннонитлари» «Мухтор Авезов» видеороликлар туркуми лойиҳалари, шунингдек, «Ўзбекистон маданий мероси» туркумига оид ҳужжатли фильмлар тақдимотлари ўтказилди.

    Бундан ташқари, ТУРКСОЙ форумининг ОАВ фаолиятига бағишланган маърузалари тингланди.

    Туркий тилли давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда ОАВнинг ўрни, бундан ташқари ОАВнинг маданий меросга ўзаро таъсири, контентни биргаликда ишлаб чиқаришнинг қийинчилилари ва имкониятлари, туризм ва миллий брендингни ривожлантиришда ОАВнинг роли, туркий дунё мамлакатлари кино ва ОАВ учун ягона платформа яратиш масалалари каби мавзулар муҳокама қилинди.

    Форум сўнгида Турк тилли мамлакатлар учун ягона кино ва медиа платформа яратиш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.