Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 15 мартдан буён 7,5 мингдан ортиқ гумонли ҳолат қайд этилган бўлиб, уларнинг 900 дан зиёди лабораторияда тасдиқланган. Бу 2025 йил билан таққослаганда кескин ўсиш ҳисобланади — ўтган йил давомида жами 125 та ҳолат аниқланган эди.
UNICEF (БМТ Болалар жамғармаси)нинг Бангладешдаги вакили Рана Флоуэрсга кўра, ҳозирги эпидемия минглаб болалар, айниқса, энг ёш ва ҳимоясиз қатлам учун жиддий хавф туғдирмоқда. У вакцинация болалар ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи омил эканини таъкидлади.
Мутахассислар фикрича, эпидемиянинг кучайишига эмлаш тизимидаги узилишлар сабаб бўлган. Бангладешда болалар одатда 9 ойликдан эмланади, аммо сўнгги ҳолатларда касалланганларнинг тахминан учдан бири айнан шу ёшдан кичик чақалоқлардир. Шунингдек, 2020 йилдан бери махсус эмлаш кампаниялари ўтказилмагани, аввал пандемия, кейин эса сиёсий беқарорлик бу жараёнга таъсир қилгани қайд этилмоқда. Вакцина таъминотидаги муаммолар ҳам ҳолатни янада оғирлаштирган.
Ҳукумат халқаро ташкилотлар, жумладан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда қизамиқ ва қизилчага қарши шошилинч эмлаш кампаниясини бошлади. У 30 та ҳудудни қамраб олиб, 6 ойдан 5 ёшгача бўлган 1,2 млн нафар болани эмлашни мақсад қилган. Айниқса, аввал эмланмаган ва оғир асоратларга мойил болаларга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида касаллик аломатлари ва унинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Қизамиқ — юқумли ҳаво-томчи йўли орқали тарқаладиган касаллик бўлиб, оғир асоратлар ва ўлимга олиб келиши мумкин. Унинг асосий белгилари юқори ҳарорат, кўз қизариши ва ёшланиши, йўтал ҳамда аксиришдан иборат.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2024 йилда дунё бўйлаб 95 мингга яқин инсон қизамиқдан вафот этган бўлиб, уларнинг аксарияти 5 ёшгача бўлган болалардир. Мутахассислар касаллик тарқалишини тўхтатиш учун аҳолининг камида 95 фоизи эмланган бўлиши кераклигини таъкидламоқда.