Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Амударё тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Амударётумангаз» масъул шахслари ўзаро тил бириктиргани аниқланган.
Улар 7 та МФЙда яшовчи 171 нафар фуқаронинг хонадонлари умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига уланган бўлса-да, улар номига электрон карталар очиб, суюлтирилган газ етказиб берилгани ҳақида сохта маълумотлар тузган. Натижада 220,3 млн сўмлик суюлтирилган газ растрата йўли билан талон-торож қилинган.
Шунингдек, Департаментнинг Нуробод тумани бўлими текширувида «Нурободтумангаз» масъул шахслари суюлтирилган газни сотишдан тушган 148,3 млн сўмни банкка топширмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.