Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганидек, “Рақобат бўлса, аҳолининг танлаш имконияти ва сотиб олиш қобилияти ошади, одамлар рози бўлади”.
Рақобат бор жойда тадбиркор сифат ва самарадорлик учун курашади. Технология ва сармоя кириб келади. Истеъмолчида танлов пайдо бўлади. Шу маънода, рақобат сиёсати иқтисодий ўсиш воситасигина эмас, балки иқтисодий эркинлик ва аҳоли фаровонлигининг институционал кафолатидир.
2017 йилдан бошланган ўзгаришлар рақобат сиёсатини алоҳида кампаниядан давлат иқтисодий сиёсатининг доимий институтига айлантирди. Ҳалол рақобат учун шароит яратиш, иқтисодий фаолият эркинлигини кафолатлаш ва монопол фаолиятни қонун билан чеклаш принциплари Конституция даражасида мустаҳкамланди.
2023 йилда янги таҳрирдаги “Рақобат тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, устун мавқени суиистеъмол қилиш ва картель келишувларига қарши курашиш, давлат ёрдами ва иқтисодий концентрацияни назорат қилиш, давлат корхоналари ҳамда рақамли платформалар фаолиятида рақобатни ҳимоя қилишнинг замонавий воситалари жорий этилди.
Назоратнинг мазмуни ҳам ўзгарди: эътибор қонунбузилиш содир бўлгандан кейин чора кўришдан кўра, рақобатга тўсиқни олдиндан аниқлашга қаратилмоқда. Шу асосда 4000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ўрганилиб, уларнинг 52 фоизида рақобатни чеклаши мумкин бўлган нормалар аниқланди.
Давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг рақобатга зид 6700 та қарори бекор қилинди ёки қонунчиликка мувофиқлаштирилди. Шунингдек, рақобатга зид 3500 та ҳаракат бартараф этилиб, асоссиз олинган 912 миллиард сўмга яқин маблағ қайтарилди.
Иқтисодий концентрация назоратида 2019-2026 йилларда умумий қиймати 13,2 миллиард долларлик 1181 та битимга розилик берилди. Рақобатга салбий таъсир хавфи мавжуд 31 та битим рад этилди. Шу билан бирга, 400 дан ортиқ йирик корхона ва давлат идораларида монополияга қарши комплаенс тизими амал қилмоқда.
Давлат улуши қисқармоқда
Иқтисодий моделдаги асосий бурилиш давлатнинг бозордаги ролини қайта белгилаш билан боғлиқ. Давлат хусусий бизнес билан маъмурий устунликларга таяниб рақобатлашмаслиги, балки ҳамма учун бир хил қоидаларни таъминлаши лозим.
Шу мақсадда “Сариқ саҳифалар тамойили” (Yellow Pages Rule) жорий этилди: муайян бозорда камида бешта хусусий тадбиркор фаолият юритса, у ерда янги давлат корхонасини ташкил этиш чекланади. Бу хусусий сектор ишлай оладиган соҳада давлатнинг асоссиз кенгайишини тўхтатишга хизмат қилади.
Ўтган даврда давлат иштирокидаги корхоналарнинг ЯИМга нисбатан тушуми бўйича улуши 55 фоиздан қарийб 30 фоизгача қисқарди. Уларнинг сони 3200 тадан 1700 тагача камайди.
Тадбиркорлик фаолиятига кириш шартлари ҳам енгиллаштирилди: 160 турдаги лицензия ва рухсат бериш тартиблари бекор қилинди ёки соддалаштирилди, қатор йўналишларда лицензия ўрнига хабардор қилиш механизми жорий этилди. Шу тариқа давлат иштирокини қисқартириш хусусийлаштириш билан чекланмай, давлат ва хусусий корхона учун ҳақиқий тенг рақобат майдонини шакллантиришга қаратилмоқда. Натижада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони 2016 йилда 257,7 мингтани ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб 474,9 мингтага етди, яъни қарийб 85 фоиз ошди.
Шунингдек, 2016 йилда ялпи ички маҳсулот 199,3 триллион сўмдан, 2025 йил якунига келиб 1849,7 триллион сўмга етди. Бу иқтисодиёт ҳажмининг қарийб 9,3 баробар ошганини кўрсатади.
Эксклюзив ҳуқуқдан очиқ бозорга
Бозорга киришни чеклаган эксклюзив ҳуқуқлар ва индивидуал имтиёзларни қайта кўриб чиқиш рақобат ислоҳотларининг амалий йўналишига айланди. 24 та фаолият тури бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди,
39 та соҳадаги индивидуал имтиёзлар қисқартирилди ёки қайта тартибга солинди.
Масалан, 2025 йилдан “Ўзбекэкспертиза”, “ЎзИнжиниринг”, Миллий PR маркази, “Sag agro МТП” ва Ўзбекистон стандартлар институтига берилган айрим эксклюзив ҳуқуқларнинг бекор қилиниши юздан ортиқ тадбиркорлик субъекти учун тегишли хизмат бозорларига кириш имконини очди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 28 февралдаги “Иқтисодиётда рақобатни ривожлантириш ва хусусий секторнинг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан эксклюзив ҳуқуқ фақат жамоат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги, миллий мудофаа, табиий офат ва эпидемия каби объектив заруратлар мавжуд ҳолларда ҳамда уч йилдан ошмаган муддатга берилиши белгиланди. Натижада бозордаги устунликни маъмурий қарор эмас, самарадорлик, сифат ва инновация белгилаши учун ҳуқуқий асос кучайди.
Табиий монополияларга ёндашувда корхона эмас, аниқ хизмат ва бозор марказга қўйилди. Шу асосда асосий фаолияти табиий монополия шароитида амалга оширилмайдиган 56 та корхонанинг мақоми қайта кўриб чиқилди. Рақобат шаклланган соҳалардаги 6 та хизмат тури табиий монополиялар рўйхатидан чиқарилди.
Натижада табиий монополия субъектлари сони 2018 йилдаги 140 тадан 2026 йилга келиб 78 тага, яъни 44 фоиз қисқарди. Бу бозорда технология ва янги иштирокчилар пайдо бўлган сари монопол мақоми ҳам қайта баҳоланиши кераклигини кўрсатади.
Авиация бу жараённинг кўринарли мисолидир. 2017 йилда битта маҳаллий авиаташувчи фаолият юритган бўлса, 2025 йилда уларнинг сони 15 тага етди. Йўловчилар оқими қарийб беш баравар ўсиб, 15 миллионни ташкил этди. Шундан 12 миллиони халқаро қатновлар ҳиссасига тўғри келди.
Нархни талаб ва таклиф шакллантириши керак
Бозор иқтисодиётининг асосий шарти нархнинг талаб, таклиф ва рақобат таъсирида шаклланишидир. Шу мақсадда ун, нон, пахта мойи, дон, ёнилғи, минерал ўғитлар ва бошқа товарларни қамраб олган 28 турдаги товар ва хизмат бўйича маъмурий нарх белгилаш механизмлари қайта кўриб чиқилди.
Либераллаштириш билан бир вақтда тил бириктириш, сунъий тақчиллик, устун мавқени суиистеъмол қилиш ва биржа манипуляцияларига қарши назорат кучайтирилди. Кўрилган чоралар натижасида айрим бозорларда суюлтирилган газ нархи 38 фоиз, буғдой 14 фоиз, фермерлар учун карбамид баҳоси 25 фоиз пасайди. 145 та субъектда 78 миллиард сўмлик сунъий нарх оширишнинг олди олинди. Биржа савдоларидаги 344 та манипуляция ҳолати бўйича 105 миллиард сўмни қайтариш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам натижа бевосита аҳоли манфаатида акс этмоқда. 2025 йилда қарийб 41 мингта мурожаат кўриб чиқилиб, 383,4 миллиард сўмлик маблағни истеъмолчиларга қайтариш чораси кўрилди. Газ, коммунал хизматлар, ёнилғи ва дори-дармон каби йўналишларда ўтказилган тизимли ўрганишлар 17 миллион истеъмолчининг ҳуқуқларини тиклашга хизмат қилди.
Рақамли назорат
Бозорлар рақамлашгани сари назорат ҳам маълумотларга таяниши зарур. Fair Tech ягона ахборот тизими, Fair Price, Product Info ва Pharm Info модуллари 32 та давлат органининг ахборот ресурслари билан интеграция қилинди.
Илгари 10-20 кун талаб этилган айрим маълумотларни олиш муддати 15 дақиқагача қисқарди. Таҳлил жараёни 5 баравар тезлашди. Ушбу имкониятлар асосида 204 та субъект ва 165 та товар молия бозорида устун мавқега эга деб эътироф этилди, 93 та корхонада устун музокара кучи, 9 та рақамли платформанинг 6 турдаги хизматида устун мавқе аниқланди.
Рақамлаштириш назорат билан чекланмай, қарорларни чуқур таҳлил ва прогнозга таянган ҳолда қабул қилишга ҳам хизмат қилмоқда. Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази Гарвард университетининг Иқтисодий мураккаблик индекси методологияси асосида Сирдарё ва Фарғона вилоятларида дастлабки таҳлилларни ўтказди. Бу ёндашув ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳиятига яқин, аммо юқори қўшилган қиймат яратадиган янги маҳсулотларни аниқлаш имконини беради.
Сирдарё вилояти мисолида 500 дан ортиқ товардан иқтисодий мураккаблиги юқори 40 турдаги маҳсулот бўйича инвестиция имкониятлари ажратиб олинди. Уларнинг эҳтимолий бозори қўшни мамлакатларда 2,6 миллиард, Россияда 8 миллиард, Туркияда 4 миллиард доллардан ортиқ деб баҳоланган.
Ижтимоий аҳамиятга эга товарлар бозорида эконометрик моделлар орқали нарх динамикасини олдиндан баҳолаш амалиёти ҳам йўлга қўйилди.
2025-2026 йилларда тухум, сут, картошка, гуруч, шакар, сабзи, пиёз, парранда ва мол гўшти баҳоси бўйича прогнозларнинг ўртача аниқлиги 80 фоизни ташкил этди. Бу хавфларни нарх кескин ошганидан кейин эмас, олдинроқ кўриш ва тегишли чораларни асосли белгилаш имконини оширади.
2025 йилдан “Бизнес фаоллиги индекси” амалиётга жорий қилиниб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги
400 дан ортиқ йирик корхона мунтазам сўровга қамраб олинмоқда. Шунингдек, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Мексика тажрибаси асосида Ҳудудий рақобатбардошлик индекси шакллантирилиб, 14 та ҳудуд инвестиция, меҳнат, инфратузилма, ижтимоий барқарорлик ва рақобат муҳити бўйича баҳоланмоқда.
Бундай индекслар ислоҳот самарасини республика миқёсидаги ўртача кўрсаткичлар эмас, ҳудуд ва тармоқ кесимида кўришга ёрдам беради.
Хусусий ташаббус учун кенг иқтисодий макон
Ислоҳотларнинг асосий самараси хусусий ташаббус учун иқтисодий макон кенгайганида кўринади. Пахта ва ғалла, фуқаролик авиацияси, электрон тўловлар, цемент ва қурилиш материаллари, кабель ва металлургия маҳсулотлари каби илгари юқори даражада концентрациялашган 30 га яқин соҳада рақобат муҳити яхшиланди.
Жумладан, халқаро авиаташиш, электрон тўловлар, цемент, қурилиш ойнаси, кабель, металл маҳсулотлари, пахта ва буғдой каби йирик товар бозорларида рақобат муҳити яхшиланди ва хусусий сектор улуши сезиларли ошди.
Бозорда таклифнинг кенгайиши ҳам шу жараённи ифодалайди: 2019 йилда товар номенклатураси 4100 тур атрофида бўлган бўлса, 2025 йилда 5600 турга етди. Янги маҳсулот ортида янги ишлаб чиқарувчи, сармоя, иш ўрни ва истеъмолчи учун қўшимча танлов туради.
Шунинг учун давлат иштирокини қисқартиришнинг ҳақиқий мезони фақат хусусийлаштирилган объектлар сони эмас. Асосий кўрсаткич — хусусий бизнес учун очилган бозорлар, тенглашган шартлар ва рақобат туфайли пайдо бўлаётган янги имкониятлардир.
Ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги, аввало, уларнинг ҳуқуқий ва институционал асоси шакллангани билан белгиланади. Рақобат ва иқтисодий эркинлик принциплари Конституция ва қонунларда мустаҳкамланди. Рақобат таъсирини олдиндан баҳолаш, “Сариқ саҳифалар тамойили”, давлат ёрдами назорати ва монополияга қарши комплаенс кундалик бошқарув амалиётига кирди.
Иккинчи таянч — хусусий секторнинг ўзи. Бозорга янги иштирокчилар кириши, ёпиқ соҳаларнинг очилиши ва истеъмолчи танловининг кенгайиши ислоҳотларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатдор доирасини кенгайтирди.
Учинчи омил — Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграцияси. Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик бўйича музокаралар эксклюзив ҳуқуқларни қисқартириш, давлат ёрдамини тартибга солиш, лицензияларни соддалаштириш ва рақобат нейтраллигини таъминлаш каби ўзгаришларни янада мустаҳкамламоқда. Шу маънода, рақобатни ривожлантириш вақтинчалик чора эмас, янги Ўзбекистон иқтисодий моделининг узоқ муддатли қоидасига айланмоқда.
Ҳал қилувчи мезон
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш вазифаси белгиланган. Бу хусусий инвестицияларга янги бозорларни очиш ва рақобат мавжуд бўлиши мумкин бўлган соҳаларда давлатнинг бевосита хўжалик иштирокини янада қисқартиришни талаб қилади.
2030 йилгача 16 турдаги давлат монополиясини босқичма-босқич бекор қилиш, темир йўл ташувлари, автомобиль йўлларини қуриш ва бошқариш, газ ҳамда электр таъминоти каби йўналишларда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш кўзда тутилган.
Кейинги босқичда 15 та бозорда монополия ва устун мавқени чеклаш, 10 дан ортиқ эксклюзив ҳуқуқни босқичма-босқич бекор қилиш, параллел импорт чекловларини бартараф этиш ва товар белгиларидан фойдаланишда замонавий халқаро тамойилларни жорий этиш режалаштирилмоқда.
Энергетикада тўлақонли газ ва электр энергияси улгуржи бозорларини шакллантириш, хусусий ишлаб чиқарувчиларнинг инфратузилмага тенг киришини таъминлаш; темир йўлда инфратузилма ва ташиш функцияларини ажратиш; авиацияни янада либераллаштириш; асосий инфратузилма тармоқларида мустақил иқтисодий регуляторларни ривожлантириш устувор вазифалардан бўлиб қолади.
Бунда мақсад давлатни иқтисодиётдан бутунлай чиқариш эмас. Стратегик энергетика ва транспорт инфратузилмаси, миллий хавфсизлик билан боғлиқ объектларда давлатнинг зарур иштироки сақланади. Асосий масала — давлат иштирокининг оқилона чегарасини белгилаш ва у камайган сари бозор қоидаларининг сифати ҳамда назорат самарадорлигини ошириш.
Мустақиллик халқнинг ўз тақдири ва тараққиёт йўлини ўзи белгилаш ҳуқуқидир. Унинг иқтисодий мазмуни эса инсоннинг мулкдор бўлиш, тадбиркорлик қилиш, янги ғояни амалга ошириш ва ўз меҳнати ҳамда билими билан муваффақият қозониш имкониятида намоён бўлади.
Шу нуқтаи назардан, рақобатни ривожлантириш ва давлатнинг иқтисодиётдаги бевосита иштирокини қисқартириш мустақиллик ғоясининг мантиқий давомидир. Бозорда кимнинг маъмурий ресурси кучли экани эмас, ким самарали, инновацион ва истеъмолчига керакли экани ҳал қилувчи мезонга айланиши лозим.
2030 йилга бориб, хусусий сектор етакчилик қиладиган, рақобат инновация ва самарадорликни ҳаракатга келтирадиган, давлат эса адолатли қоидалар кафили бўлган иқтисодиётни барпо этиш — келгуси тараққиётнинг асосий шартларидан.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ана шу йўлда эришилган натижаларга муносиб баҳо бериш, бир вақтнинг ўзида истиқболдаги марраларга қатъий ишонч билан қараш учун тарихий фурсатдир.
Халилилло ТЎРАХЎЖАЕВ,
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси