Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бир неча шахслар қўлга олинган.
Жумладан, Яккасарой туманида фуқаро Р.Р. бошқа бир шахсга «виза» ҳужжатларини тайёрлаб бериб, уни «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилиб, 1 650 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Учтепа туманида ўтказилган тадбирда эса фуқаро А.Р. худди шундай йўл билан 1 500 АҚШ долларини олган пайтда қўлга тушган.
Сергели туманида фуқаро М.М. ва бошқалар фуқаро ишончига кириб, уни Саудия Арабистонига «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилиб, 1 250 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Сирдарё вилояти Гулистон туманида муқаддам судланган фуқаро Д.Б. 1 000 АҚШ доллари эвазига «Умра»га юборишни ваъда қилиб, 900 АҚШ доллари ҳамда 1,2 миллион сўмни олган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.