Бу кўҳна дунё аҳолиси тождор вирус ва унинг асоратлари “элаги”да эланди...

Қанча азиз инсонларим – бувим, Гулчеҳра Воҳидова, Анвар Обиджон, Шерали Жўраев...лар қалбимни ҳувиллатиб кетдилар... Катта даргоҳларда ишлаш насиб этди, дилбандларим кўпайди, янги шеърлар, ғазаллар ёзилди, қўлга илингулик иккинчи китобим нашр этилди... Эврилаётган Ўзбекистон билан дунёқарашим янгиланди... Худога шукр, лекин буларнинг барини устознинг иштирокисиз қаршилаш оғир бўлди.

Ишонинг, охири ... 3838 билан тугайдиган рақамдан “Рустамжон...” деган майин ва меҳрибон овозни эшитишнинг хумори кўп тутди... Айниқса, аруздаги камтарона муваффақиятларим борасида устознинг фикрини билишни жуда-жуда хоҳладим. Афсус, Ҳазрат Навоий айтмоқчи, “хазон сипоҳи”га ким ҳам монеъ бўла оларди?!

Дунёда энг арзон ва бебаҳо нарса – масалаҳат, дейдилар. Ҳаётимда кўп бурилиш нуқталари олдидан устознинг тенгги йўқ маслаҳатларига катта эҳтиёж сездим. Шу боис, аксар ҳолларда ҳаётда ҳам, ижодда ҳам таваккал йўл тутишга мажбур бўлдим.

Бироқ, кўп ҳолларда бирор муҳим қарор қабул қилишдан олдин ўзимга “Шу вазиятда устоз нима қилган бўлардилар?” деган залворли саволга жавоб топишга ҳаракат қилдим. Билмадим, бу саволга жавоб топишнинг уддасидан қанчалик чиқдим ё чиқмадим – буни вақт кўрсатади.

Мана шу мавҳумлик орасида бир нарса аниқки, Эркин Воҳидов даҳоси ва шахсиятига ихлос мени (яхши маънода) бир умр таъқиб қилади.

Устознинг туғилган куни арафасида л зот билан боғлиқ “дил тубига чўккан лаҳзалар”дан айримларини сиз, азиз муштарийларга ҳам илинишга жазм этдим.

Устоз дуоси

Халқимизда “Олтин олма дуо ол – дуо олтин эмасми” ёки “Дуонинг кучи тошларни ёрар” каби машҳур мақоллар бор. Динда ҳам “фақат дуогина тақдирни ўзгартириш қудратига эга” деган қарашлар мавжуд. Албатта, бу бежиз эмас.

Қарангки, буюк инсонларнинг ўзига хос дуолари бўлар экан. Тарихдан бунга мисоллар кўп. Масалан, “Бобурнома”да зикр этилишича, жаҳонгашта шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳар қандай қалтис вазиятда ўқиб, мушкулига кушоиш топадиган дуолари бўлган экан.

Сир эмас, устозимиз Эркин Воҳидовнинг ҳам ҳаёт йўллари равон кечмаган. Бу ҳақда ўзлари шундай лутф қилганлар:

 ... Бир шаҳр номи ибтидо, бир шаҳр интиҳо,

 Жонимда икки шаҳр аро йўл изтиробидир.

 Бу йўл равон эрмас, унинг пасту баланди кўп,

 Жон риштасидек мисралар йўлнинг танобидир.

Ёки “Шеърият” деган ғазалида:

 Сеҳрли май узатдинг сен, дилим тинчин йўқотдинг сен,

 Кетурдинг ҳам сафо менга, етурдинг ҳам жафо менга...   

Дарҳақиқат, шеърият – қисмат. Бу табаррук даргоҳга кирган ҳар бир “толиби содиқ” уни ўзига тақдири азал деб қабул қилиб, унинг ортидан келадиган ҳар қандай “сафо”ю “жафо”га бирдек рози бўлмоғи лозим. Бу борада ҳам устоз шахсий намуна кўрсатганига ўзим кўп гувоҳ бўлганман.

Ҳозир ўша воқеаларни эслаб, устознинг аксар қалтис вазиятлардан муносиб чиқиб кетишининг уч сири бор, деб тусмоллайман:

Биринчиси – Аллоҳ томонидан берилган туғма заковат ва феъли кенглик;

Иккинчиси – шахматга ўта муҳиблик. Маълумки, шахмат ўйнаб суяги қотган инсон битта қадам қўйишдан олдин “етти марта ўлчаб, бир кесадиган” бўлади. Аммо ҳаётда фавқулодда рўй берадиган шундай ҳолатлар бўладики, ҳар қандай туғма заковат ёки шахматдан орттирилган катта тажриба ҳам иш бермай қолади. Ана ўшанда инсоннинг олдиндан қилиб юрган дуолари кучга киради.

Учинчи сир, яъни устоз Эркин Воҳидовнинг дуолари қуйидагича: “Аллоҳим, менинг айтар сўзимни, қўядиган қадамимни ва қилмоқчи бўлган барча ишларимни охири билан тўғри қилгин!..”  Хайриятки, устоздан мерос  мана шу содда, лекин тагдор маъноли дуони такрор-такрор ўқиб, кам бўлмаяпмиз.

Тепакаллик икки хил бўлади

 Бир замонлар фаҳр этардинг қоп-қора сочинг билан,

 Сен букун қошимдадурсан турфа қирмочинг билан.

 ... Дўстгинам, бошингни тик тут, арзигай фахр айласанг,

 Бу каби оппоқ очилган гули қийғочинг билан.

Устоз Эркин Воҳидовнинг офисларида нашрга тайёрланаётган янги китобларидан бири – “Дил тубига чўккан лаҳзалар” устида ишлаётган эдик. Тушлик вақти келди чоғи, тамаддига унадик. Устоз айтмоқчи, овқатдан “қутулганимиздан” сўнг мазза қилиб кўк чойдан нўш этдик. Биз шогирдлар шу каби танаффусларда баъзан оддий маиший мавзуларда ҳам устознинг фикрларини эшитмоқчи бўлардик. Ўша куни мен ҳам фурсатдан фойдаланиб, ҳазиломуз тарзда сочимдан шикоят қилдим:

– Устоз, сочлар бевафо қизларга ўхшаб бошимизни эрта тарк этяпти. Ҳали ўттизга кирмасимдан пешонам тобора ялтираб кетяпти. Нима қилсам экан?

Шунда устоз нимтабассум қилиб, ҳозиржавоблик ила шундай дедилар:

– Рустамжон, биласизми, тепакаллик икки хил бўлади: соч одатда ё пешонадан кетади ё бошнинг ўртасидан. Энг қизиғи, сочнинг бундай икки хил тўкилишининг ўзига хос сабаби бор.

– Қандай сабаб, устоз?

– Маълумки, бир иш қилишдан олдин кўп ўйлайдиган одам бош ва ўрта бармоқлари билан пешонасининг юқори қисмини кўп ишқалайди, тўғрими?

– Тўғри.

– Ўйламасдан иш қилиб пачавасини чиқариб қўйган одам эса бармоқлари билан бошининг ўртасини қашлайди, тўғрими?

– Бу ҳам тўғри.

– Мана шу иккита ишқаланиш туфайли соч бошни икки хил эрта тарк этади-да. Дарвоқе, сизга бир тасалли шуки, сизни биринчи тоифадаги соч тўкилиши билан табриклашим мумкин!

Хонада қаҳқаҳа узоқ давом этди.

Шунисига ҳам раҳмат!

 Сўз – забаржад, сўз гавҳар, олтин,

 Заргарликнинг машаққати кўп.

 Сўзни байтга қадашдан олдин,

 Кафтингга ол уни, тўйиб қара, ўп!

Эркин Воҳидов сўз билан ниҳоятда дақиқ, заргарона муносабатда бўладиган сийрак ижодкорлардан эди. Нафақат ижодда, балки ҳаётда ҳам. Устоз билан суҳбат қураётганимизда мана шу “темир қоида”га қатъий амал қилмасак, ҳижолат бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмасди. Менинг ҳам бу борада бир марта “панд еганим” ҳеч эсимдан чиқмайди.

2012-13 йиллар. Машҳур “Заковат”чилардан бири Темур Мирзаев, форс тилининг билимдони Мирзабек Қаландаров ва камина устознинг янги китобини чиқариш баҳонасида “жонон” даврадан бир неча бор баҳраманд бўлаётган пайтларимиз. Ҳар сафар атрофларида ўтириб ҳар соҳадан, хусусан, шеъриятдан суҳбат қурганимизда у кишининг “Устоз Ғайратийга” деган бағишловларидан бир парча хаёлимда чарх ураверар эди:

 Не бахтки, бизни устоз бир замон ашъорга ўргатмиш,

 Нафосат деб аталган ул ажиб асрорга ўргатмиш.

 ... Қади ё бир ҳилол гўё йиғиб атрофга юлдузлар,

 Жилою нур дарсин гумбази давворга ўргатмиш ...

Ҳа, ғазалнинг мана шу сатрлари ҳудди биз учун аталгандек эди. Ҳар сафар хайрлашиб устознинг уйи ё офисларидан чиққанимизда олам-олам таассурот билан қайтардик. Ҳатто бир куни Темур ака энтикиб:

– Биласизларми, йигитлар, Ўзбекистонда 30 миллиондан зиёд аҳоли яшаса, ўшалардан фақат уччовимизга бугун Эркин Воҳидов билан суҳбатлашишдек бахт насиб этди, – деган эди.

Дарвоқе, юқорида баён этганим – панд еганимга тўхталсак. Бир куни Мирзабек оға билан бирга режалаштираётган ишимизда бир масала чиқиб қолди. Бу масалани устозни танийдиган бир одам ҳал қилишини ўйладик ва Мирзабек оға ўша одамнинг қўл рақамини устоздан билиб беришимни айтди. Мен ўша заҳоти қўнғироқ қилиб ўша одамнинг телефон рақамини сўрадим, устоз “беш дақиқадан сўнг менга қайтиб чиқинг” дедилар. Беш дақиқа ўтгач, қайтиб чиқдим. Устоз:

“Мен у кишига ҳозир қўнғироқ қилдим, лекин гўшакни кўтармадилар, рақамни айтиб турай – сиз ёзиб олиб, менинг номимдан қўнғироқ қилаверинг...” деганларидан сўнг (ўша пайтлар ҳардамхаёл бўлиб қолганимданми) “Раҳмат!” дейиш ўрнига “Шунисига ҳам раҳмат!” деб юборибман денг. Кошки, шу гапни айтмасам, ҳеч бўлмаса, айтмасимдан алоқа узилиб қолса эди...

Афсус, ундай бўлмади. Энг қизиғи, мен хато қилганимни ҳали англаб етмаганман ва боз устига устоз ҳам бояги гапимга эътирозни ўша заҳоти билдирмай, одатдагидек, яхши хайрлашдилар. Орадан 3-4 кун ўтгач, яна устознинг уйларига бордик. Ўтириб сўрашганимиздан сўнг сўрадилар:

– Ўша кунги ишингиз битдими?

– Ҳа, раҳмат, битди, устоз.

– Бўлмаса, нега, ўша куни “шунисига ҳам раҳмат!” дедингиз? “Шунисига ҳам раҳмат” – бу ишнинг 100 фоиз битмаганини билдиради. Ё бизнинг аралашувимиз ҳам ишингизни битириб бермадими?

– ...

Ишонасизми, ер ёрилмади, кириб кетмадим. Хижолатдан тилим айланмай қолди. Ўша лаҳзаларда устознинг сўзга нақадар талабчанлигини яна бир бор ҳис этдим.

Устоз ўшанда қарийб 76 ёшда эдилар.
Шундай улуғ ёшдаги инсон уяли телефонда гаплашиши асносида суҳбатдошини диққат билан эшитиб, ҳар бир сўзига заррабинлик билан муносабатда бўлганини ноёб фазилат, десам муболаға бўлмайди.

Тўғри, ким ҳам хато қилмайди, дейсиз, устоз ҳам кейинчалик бу воқеани бирор марта юзимга солмадилар. Аммо “оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичар” деганларидек, бу воқеа менга бир умрлик мактаб бўлди.

Мутаржимларга нодир сабоқ

 Ой ўртанар – кўзларида ёш,

 Кўкси доғу юраги қийма.

 Дер: “эй, фалак, мен эдим қўёш,

 Нега мени қилдинг таржима?!”.

Маълумки, бадиий таржима – нозик жараён. Нўноқ таржимон дастидан “қуёш” “ой”га эврилиши ҳеч гап эмас. Дўрмон семинарларидан бирида устоз Абдулла Орипов бадиий таржима ҳақида ноёб гап айтгани ҳамон қулоғим остида янграб турибди:

– Бадиий таржима пайтида гўё икки полвон тил курашга тушади. Масалан, форс ва ўзбек тили ёхуд рус билан араб тили ва ҳоказо. Фақат бундай курашнинг битта шарти бор – ҳеч қайси полвон тилнинг кураги ерга тегмаслиги керак, яъни кучлар тенг келиши лозим!

Сезиб турганингиздек, гап аслиятга таржиманинг нақадар яқин
ё узоқлиги ҳақида кетяпти. Таржима аслият даражасида бўлса – берди Худо, мабодо, акси бўлса – урди Худо, деб ҳисоблайверинг. Таржимон куппа-кундузи асар муаллифини шарманда қилади, қўяди. Бу худди чиройли инсоннинг юзи синиқ ё чанг босган кўзгуда хира акс этганидек ёқимсиз ҳолат. Шу ўринда мен таржима санъатининг кўпчиликка номаълум бир нуқтасига тўхталмоқчиман.

Бир куни Эркин Воҳидовнинг офисларида “арслоннинг мўйловига қўл теккизадиган” ўткир шеърлар борасида суҳбатлашиб ўтирганимизда, гапимиз калаваси машҳур рус шоири М.Лермонтов ижодига уланди
ва устоз унинг қаламига мансуб бир дардчил шеърни ёддан ўқиб бердилар. Шеър бундай эди:

 Прощяй, немытая Россия,

 Страна рабов, страна господ.

 И вы, мундиры голубые,

 И ты, им преданный народ.

 Быть может, за стеной Кавказа

 Сокроюсь от твоих пашей –

 От их всевидящего глаза,

 От их всеслышащих ушей

Саккиз қаторли мазкур шеър мени ларзага солди. Шеърнинг лирик қаҳрамони, яъни шоирнинг ўзи Ватанига “Алвидо, эй, ювуқсиз Россия” деб хитоб қиляпти. Даҳшат! Одатда, шоирлар ўз Ватанини кўкларга кўтариб мадҳ этадилар, камдан-кам ҳолатда танқид қиладилар, боз устига, бу муқаддас тушунчани “ювуқсиз” деб таърифлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.

Албатта, биз бунга холис баҳо беришимиз керакки, шоир азбаройи ўз юртининг тақдиридан куюниб, шундай ўткир сатрларни битган бўлса, ажабмас. Қолаверса, шоирни “халқнинг виждони” дея таърифлашади. Чунки виждон – ҳеч қандай зўрдан қўрқмай, зарга учмай, ҳар қанча аччиқ бўлмасин, фақат рост сўзни айтадиган илоҳий туйғу.

Хуллас, шеър бир ўқилишда хотирамга нақшланди. Беихтёр қалбимнинг аллақаерларидаги мудраган ҳужайралар уйғонди... Лермонтовнинг бошқа шеърларини яна ўқигим келди. Юқоридаги шеърни негадир таржима қилгим келиб, устоздан ўша заҳоти сўрадим:

–Бу шеърни кимдир таржима қилганми?

– Бу шеърни таржима қилиб бўлмайди!

– Нега, ахир?

– Чунки, нозик сабаби бор.

– Нозик сабаби қандай?

– Шоир ўз юртининг оғриқли муаммоларини, камчиликларини ҳар қанча қаламга олса, ҳақли. Аммо таржимон бирор миллат муаммосию нуқсонлари акс этган асарларни, иложи борича, таржима қилмагани маъқул. Йўқса, унинг бу холис хизмати сиёсий низоларгача олиб келиши ҳеч гап эмас. Оддий мисол, бировнинг ота ё онасини сўрамай-нетмай танқид қилиб кўринг-чи? Биласиз нима содир бўлишини. Гапнинг индаллоси, бу фуқаролик бурчи, миллий ғурур билан боғлиқ қалтис вазият. Дарвоқе, менинг ҳаётимда ҳам шунга ўхшаш воқеа бўлган.

– Ростданми? Қандай воқеа?

– Биласиз, “Олтин девор” комедияси юртимиздаги деярли барча театр саҳналарида бир неча йиллар давомида қайта-қайта қўйилган. Марҳум санъаткорларимиз ўз ролларини қойилмақом қилиб ижро этганлар, айниқса, раҳматли Ғани Аъзамов. Эсимда, ўша пайтлар ҳам асар муаллифига театрга тушган жами тушумнинг 5 фоизи тегарди.

Бу жуда катта пул бўлиб, у пайтлардаги энг зўр машинанинг нархига қарийб тенг келар эди. Хуллас, бир оиланинг ҳамма эҳтиёжларини қондира оладиган даражада рўзғоримиз бут бўлган. Эр кишига бундан ортиқ бахт борми – севимли ҳунаринг билан шуғуллансангу унинг кетидан катта даромад олсанг. Ана шундай “кўчамизда байрам” бўлган маҳалда Москвадан Тошкентга бир машҳур режиссёр ташриф буюрди, одатдагидек театр репертуаридаги бошқа асарлар қатори “Олтин девор”ни ҳам синхрон таржима орқали мириқиб томоша қилди, ичаги узилар даражада қотиб-қотиб кулди, бироз вақт ўтиб, менга таклиф киритди:

– Эркин, асарингиз жуда ҳам муваффақиятли комедия бўлибди, дарров буни таржима қилиб “марказ” театрларида қўйиш керак. Биласиз, бунинг ортида жуда катта шуҳрат ва даромад турибди. Нима дейсиз?

Бироз ўйга толиб унинг таклифига шундай жавоб бердим:

– Азиз дўстим, аввало, таклифингиз учун катта ташаккур! Ҳақиқатдан ҳам бу мен учун ажойиб имконият, аммо танганинг бошқа томони ҳам бор-да!

– Хўш?

– Маълумки, “Олтин девор”да бошларига олтин талвасаси тушган икки ўзбек мўйсафидининг қилмишлари ўткир ҳажв остига олинган бўлиб, бу фақат бизнинг томошабинлар учун мўлжалланган асар, деб ўйлайман. Яъни, бундай миллий қусурлар устидан ўша миллатнинг ўзигина хандон отиб кулишга ҳақли, бошқа миллат эмас. Энди мен асаримни таржима қилиб, сизларнинг театрларингиз саҳнасига узатсам, миллатчиликка йўйманг-у, рус ва бошқа миллат вакиллари менинг халқим устидан кулган бўлмайдими?! Биламан, спектакль рус томошабинларига маъқул келади, мабодо, ким кафолат беради, у ердан жаҳон саҳналарига чиқиб кетса-чи?! Қош қўяман деб, кўз чиқариб қўймаймизми?! Ахир, ҳар қандай ҳазилнинг тагида зил бор, дейдилар. Узр, таклифингизга рози бўлолмайман.

Режиссёр менинг бундай жавобимни эшитиб ҳайрон бўлганию “Ихтиёрингиз...” деб норози оҳангда кулиб қўйгани ҳали-ҳануз эсимда.

Хулоса шуки, таржимон дуч келган асарни ўйламай-нетмай таржима қилмаслиги керак, шу билан бирга, асар муаллифи ҳам бисотидаги барча асарларини таржима қилдиришдан озгина андиша қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, таржима, айниқса, бадиий таржима ниҳоятда қалтис жараёнки, нотўғри қўйилган қадамдан сўнг “билмайин босдим тиконни – тортадурман жабрини” деб оҳ ургандан фойда йўқ!

– Тушунарли...

Ўша куни устознинг ҳузуридан жуда мутаассир бўлиб чиқдим. У кишининг ўткир заковат соҳиби ва ватанпарварлигига яна бир бор тан бердим. Кетаётганимда бир муддат тўхтаб, “Зап зўр устознинг этагидан ушлаганман-да!” деб ич-ичимдан суюнганим эсимда.

Рустам МИРВОҲИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир